LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли ва 2003 йил 19 декабрдаги 20-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш билан боғлиқ жиноятлар жамият учун катта хавф туғдиради. Қурол ва ўқ-дориларни республикага ташқаридан келтирилиши, уларни омборхоналардан талон-торож этилиши, қуролга эгалик қилиш мақсадида ҳокимият вакилларига ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилиниши ҳоллари ортмоқда.
Кўплаб оғир жиноятлар қурол қўллаб содир этилмоқда, айрим ҳолларда жиноий гуруҳлар томонидан автоматик қуроллар ҳам ишлатилмоқда. Судлар эса ҳанузгача бундай жиноятларнинг жамият учун ўта хавфлилигига етарлича баҳо бермаётирлар.
Қуролларни олиш ёки тайёрлаш манбалари ва сабаблари, шунингдек, бундай жиноятларнинг содир бўлишига имконият туғдираётган шароитлар ва шахслар доираси, қуролларни республика ҳудудига келтириш усуллари кўпчилик ишлар бўйича аниқланмаётир.
Бундай ишлар бўйича жазо тайинлаш амалиётида ҳам бир хилда ёндошиш йўқ, кўпинча айбдорларга нисбатан асоссиз равишда енгил жазо тайинлаш ҳоллари учрамоқда. Шахсларни ўқотар қурол, ўқ-дориларни сақлаганлик учун фақат расмий асосларга кўра, уларнинг шахси ва иш тафсилотларини эътиборга олмасдан жавобгарликка тортиш ва судлаш ҳоллари юз бермоқда.
Қайд этилганларни инобатга олиб, шунингдек янги қонунлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда йўл қўйилаётган жиддий камчиликларга қаратилсин ва бу жиноятлар жамият хавфсизлигига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий таҳдид солиши кўрсатиб ўтилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Тушунтирилсинки, ўқотар қурол деганда амалда қандай мақсадларда қўлланилишидан қатьий назар отиш учун порох газларининг кучидан фойдаланиладиган барча турдаги жанговор, спорт ва ов қуроллари тушунилиши лозим;
ўқ-дорилар деганда қурол учун лозим бўлган ўқлар, артиллерия снарядлари, бомбалар, миналар, гранаталар, ракеталарнинг жанговор қисмлари, шунингдек ўқотар қуролдан отиш учун мўлжалланган ашёлар тушунилади;
портловчи моддалар деганда порох, динамит, тротил, нитроглицерин ва кислородли ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ва аралашмалар тушунилмоғи лозим;
портлатиш қурилмалари деганда портловчи моддалар билан тўлдирилган ва портлашни амалга ошириш учун мўлжалланган йиғилган ҳолдаги қурилмалар тушунилмоғи лозим;
пневматик милтиқ, сигнал, старт, газ пистолетлари ёки газ балонлари, ракетницалар ва бошқа имитация-пиротехник ва ёритгич воситалари қурол жумласига кирмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Бундай ишларни тергов қилиш ва судда кўриш чоғида ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш, тайёрлаш манбаларини аниқлаш лозим. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари сақланаётган объектларни қўриқлашда мансаб совуққонлигига йўл қўйилганлик ҳоллари ёхуд ўқотар қурол ёки унга ўқ-дорилар тайёрланган асбоб-ускуналардан фойдаланиш устидан тегишли назоратнинг бўлмаганлиги аниқланган тақдирда судлар бунга хусусий ажрим чиқариш йўли билан ўзларининг муносабатларини билдиришлари, зарур ҳолларда эса жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этмоқлари шарт. Ички ишлар органлари фаолиятида мавжуд бўлган қонунга хилоф равишда сақланаётган ўқотар қуролларни аҳолидан олишдаги ва уларни рўйхатдан ўтказишдаги камчиликлар ҳам судларнинг эътиборидан четда қолмаслиги лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Шахснинг Жиноят кодекси 247, 248 ва 249-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилишда айбдордан олинган у ёки бу ашёларнинг қонунга хилоф равишда эгаллаганлик, тайёрлаганлик, олганлик, олиб юрганлик, сақланганлик, ўтказганлик ва бепарволик билан сақаганлик учун қайд этилган моддаларда жавобгарлик кўзда тутилган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига тааллуқлилигини тегишли экспертиза ўтказиш йўли билан аниқлаш керак.
5. Судлар Жиноят кодексининг 247, 248-моддалари бўйича жавобгарлик ишлатишга яроқли бўлган ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлатиш қурилмаларини ёхуд айбдор яроқли ҳолатга келтириш учун аниқ имкониятларга эга бўлса, бузуқ қуролни ёки ўқув қуролини қонунга хилоф равишда эгаллаганда, олганда, олиб юрганда, сақлаганда ёки ўтказганда юзага келишини эътиборга олишлари шарт.
Ўқ-дорининг бўлаги (масалан, гранатанинг запали), агар унинг ўзи ўқ-дорининг барча хусусиятларига эга бўлса, мустақил равишда ўқ-дори деб тан олиниши мумкин.
Агар айбдор ишлатишга яроқсиз бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаган ва бунда уларнинг сифатига нисбатан янглишиб яроқли деб ҳисоблаган бўлса, содир этилган қилмиш жиноятга суиқасд тариқасида квалификация қилинмоғи лозим. Ўқотар қуролнинг таркибий бўлаклари ва қисмлари ишлатишга яроқли бўлган қуролни йиғиш учун бут бўлган ҳолларда, содир этилган қилмиш Жиноят кодексининг 247 ёки 248-моддаси билан квалификация қилинмоғи керак.
Ўқотар қуролнинг таркибий бўлаклари ва айрим қисмларини қонунга хилоф равишда эгаллаш кейинчалик отишга яроқли бўлган қуролни йиғиш учун зарур бўлган етишмайдиган қисмларини тайёрлаш билан боғлиқ бўлган тақдирда, ўзганинг мулкини талон-торож этиш ва ўқотар қурол тайёрлаш мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш деганда уларни ғайриқонуний равишда ҳар қандай усулда эгаллашни тушунмоқ лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда ҳар қандай усулда эгаллаш, айбдорнинг улардан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятлари бор-йўқлигидан қатъи назар, улар олинган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Жиноят кодексининг 247-моддасига мувофиқ ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаганлик учун жавобгарлик улар қонунга хилоф равишда корхона, ташкилот, муассасалардан, шунингдек, қонуний ёки қонунсиз тарзда эгаллаб турган фуқаролардан олинган ҳолларда ҳам юзага келади.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш Жиноят кодексининг 247-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (модда қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 247-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим (масалан, Жиноят кодекси 247-моддаси учинчи қисмининг «в» банди ва 164-моддаси 4-қисмининг «в» банди билан).
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилган ҳолларда айбдор Жиноят кодексининг 246 ва 248-моддалари мажмуи бўйича жавобгар қилиниши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш деганда уларни ясаш ёки шикаст етказиш хусусиятларини тиклаш, шунингдек, қандайдир ашё (масалан, ракетница, старт ва қурилиш пистолетлари) ни қайта ишлаш натижасида уларни ўқотар қурол хусусиятига келтириш тушунилиши лозим. Ашёга шикаст етказиш хусусиятларини беришга қаратилган ҳаракатлар айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охиригача етказилмаган бўлса, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда тайёрлашга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилинмоғи лозим.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш деб уларни сотиб олишни, бошқа нарсаларга алмаштириб олишни, қарзга ёки ҳадяга, қарзи эвазига олишни ва ҳоказоларни ҳисобламоқ керак.
Сақлаш деганда ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тегишли рухсатномасиз айбдорнинг эгалигида: ёнида, бинода, хуфия жойларда, транспорт воситаларида ва бошқа ерларда бўлиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилмоғи лозим.
Қайд қилинган ашёлар шахс томонидан тегишли рухсатнома бўлган ҳолда, аммо бу рухсатноманинг муддати ўтган ёки ўқотар қуролни ҳисобга қўйиш қоидалари бузилган вазиятда сақланаётган бўлса, айбдор Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 221-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш деганда уларни ҳар хил усулларда тарқатиш (сотиш, ўзгага бериш, ҳадя этиш, қарзи эвазига бериш, қарзга бериш ва ш.к.)ни тушуниш лозим.
Қайд этилган ашёлар ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақланган, ташилган, олинган бўлса, бундай ҳаракатлар жиноятга суиқасд қилиш тариқасида Жиноят кодексининг 25 ва 248-моддалари билан квалификация қилиниши керак.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш деганда айбдорнинг қайд этилган ашёларнинг соҳиби эканлиги ва бу ашёларнинг унинг ёнида бўлиши тушунилиши лозим. Бунда ушбу ашёларнинг бевосита унинг ёнида ёки масалан чемоданида, автомашинасида ва ҳоказоларда бўлишининг аҳамияти йўқ.
9. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш мустақил жиноятлар эканлигини эътиборга олган ҳолда қайд этилган ашёларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва уларни келгусида олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 247 ва 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг реал йиғиндисини ташкил қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари қонунга хилоф равишда бошқа жиноятни содир этиш мақсадида эгалланган, шунингдек тайёрланган, олинган, олиб юрилган, сақланган ҳолларда содир этилган қилмиш тугалланган жиноят (Жиноят кодексининг 247 ёки 248-моддаси) ва бошқа жиноятни содир этишга тайёргарлик тариқасида квалификация қилиниши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Айбдорнинг эгалигида бўлган ўқотар қурол ва унга мўлжалланган ўқ-дориларни бепарволик билан сақлаш, уни ўзга шахс томонидан фойдаланишига ва одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 249-моддаси аломатлари қамраб олади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Бошқа оғир оқибатлар» аломати ҳар бир муайян ҳолатда ишнинг тафсилотлари мажмуидан (иморатнинг портлаши, катта миқдордаги зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалиши ва шу кабилар) келиб чиққан ҳолда тергов ва суд томонидан ҳал қилинади.
12. Шахс Жиноят кодекси 248-моддасида қайд этилган ашёларни эркин тарзда ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи бу ашёларни топшириш ҳақида тегишли органларга ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.
Шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида қуролни топшириш тўғрисидаги хулосага келса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Судлар қурол ва ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда республика ҳудудига олиб киришда айбли бўлган шахсларга, қурол ва ўқ-дориларни ўтказиш мақсадида сотиб олувчи ва тайёрловчиларга, шунингдек уларни ўтказувчиларга, уларни ҳокимият вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларнинг сақлаш жойларидан талон-торож этувчиларга, оғир жиноятлар содир этишда қуролдан фойдаланувчиларга қаттиқ жазо чоралари қўлланилишини таъминлашлари шарт.
Шу билан бирга судлар қурол ва ўқ-дориларни сақлаш тўғрисидаги ишларни кўришда ушбу жиноят таркибининг фақат расмий аломатларидан, яъни сақлаш фактининг ўзидангина келиб чиқмасликлари лозим. Бунда қурол ва ўқ-дориларни сақлаётган шахснинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 248-моддасида назарда тутилган қилмишга тўғри келса-да, аммо кам аҳамиятлилиги сабабли ижтимоий хавфли бўлмаса, бундай ҳаракат Жиноят кодексининг 36-моддасига мувофиқ жиноят ҳисобланмайди.
14. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди ишларни апелляция, кассация ва назорат тартибида кўришда қайд этилган туркумдаги ишларни кўриш сифати устидан тегишли назоратни таъминласинлар ва суд хатоларини ўз вақтида тузатиш учун зарур бўлган чораларни кўрсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1990 йил 14 декабрдаги «Жумҳурият судлари томонидан ССЖИ Олий суди Пленумининг 1974 йил 20 сентябрдаги «Ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ёки портловчи моддаларни талон-торож қилиш, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ёки портловчи моддаларни қонунсиз олиб юриш, сақлаш, сотиб олиш, ясаш ёки сотиш ва ўқотар қуролларни бепарволик билан сақлаш ишлари бўйича суд практикаси ҳақида»ги қарорининг бажарилиши тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган ҳисоблансин.