Норасмий таржима
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТЕМИР ЙЎЛ УСТАВИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Бозор иқтисодиёти шароитида темир йўл транспортининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Темир йўл устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Темир йўл устави 2009 йил 1 январдан амалга киритилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М. Ханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 23 октябрь,
232-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси темир йўл
УСТАВИ
I боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Темир йўл устави темир йўл транспорти, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди. У ташиш ҳажмларини прогноз қилиш ва прогнозни бажариш, темир йўл транспортида ташиш шартномаларини тузиш ва бажариш тартибини, йўловчилар, юклар, багаж ва почтани ташишнинг асосий шартларини, шохобча темир йўллардан фойдаланиш қоидаларини ҳамда темир йўл транспорти корхоналарининг юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва йўловчилар билан муносабатларини тартибга солади.
Мазкур Устав умумий фойдаланишдаги темир йўлларда йўловчилар, юклар, багаж ва почтани ташишга, шу жумладан, юклаш ва тушириш ишлари шохобча темир йўлларда бажариладиган юк ташишларга татбиқ этилади.
Устав талаблари темир йўл транспорти, юк жўнатувчилар, юкни олувчилар, йўловчилар ва темир йўл транспорти хизматларидан бошқа фойдаланувчилар учун мажбурийдир.
2. Қонунчилик ва мазкур Уставга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларини (бундан буён — Юк ташиш қоидалари) ҳамда темир йўл транспорти томонидан ишлаб чиқиладиган юкларни ортиш ва маҳкамлаш техник шартларини (бундан буён — Юкларни ортиш техник шартлари) тасдиқлайди.
Темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари (бундан буён — Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
3. Мазкур Уставда қуйидаги атама ва тушунчалар қўлланилади:
темир йўл транспорти — ташишларга бўлган эҳтиёжни таъминлайдиган, таркибига ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари кирадиган ягона ишлаб чиқариш-технологик мажмуа. Темир йўл транспортини бошқариш марказлаштирилган тарзда амалга оширилади ва темир йўл транспортини давлат томонидан бошқариш ваколатли органининг ваколатига киради;
ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг корхона, ташкилот ва муассасалари, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа юридик шахслар;
темир йўл станцияси — поездлар ва бошқа транспорт воситалари билан технологик операцияларни (қабул қилиш, жўнатиш, манёвр ишлари ва бошқалар), шунингдек, юк ва багажни қабул қилиш ва бериш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатишни амалга оширадиган умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти бўлинмаси;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти — ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс мурожаатига кўра транспорт ишлари ва хизматларини кўрсатиши шарт бўлган темир йўл транспорти;
темир йўл транспорти бўлинмалари — темир йўл тармоғининг муайян ҳудудларида йўловчилар, юклар ва багажни ташийдиган, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга бошқа транспорт ишлари ва хизматларини кўрсатадиган корхоналар;
қўл юки — ўрами тури ва шаклидан қатъи назар, ўлчами ва оғирлигига кўра (уч ўлчам йиғиндиси 180 смдан, оғирлиги эса, одатда, 36 кгдан ошмайдиган) йўловчи вагонларида ажратилган жойларга қийинчиликсиз жойлаштириладиган буюмлар;
багаж — йўловчига тегишли ва у билан бирга йўловчи вагонида олиб бориладиган буюмлар, товарлар ва бошқа моддий қимматликлар;
юк багажи — йўловчи ва почта-багаж поездларида ташиладиган темир йўл ташиш объекти;
ташиш тақиқланган юк — Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Юк ташиш қоидаларига мувофиқ ҳаракатдаги темир йўл таркибида ташишга рухсат этилмайдиган юк;
умумий фойдаланишдаги жойлар — темир йўл транспорти корхоналарига тегишли ёпиқ омборлар, шунингдек, темир йўл станцияси ҳудудида юк ва багажни ортиш, тушириш, саралаш ва сақлаш учун махсус ажратилган темир йўл участкалари;
умумий фойдаланишда бўлмаган жойлар — темир йўл станцияси ҳудудида юк жўнатувчи ва юкни олувчиларга юкларни ортиш, тушириш ва сақлаш учун вақтинча фойдаланишга берилган ёпиқ омборлар, майдончалар ва бошқа иншоотлар, шунингдек, станция ҳудудидан ташқарида жойлашган ва темир йўл транспортига тегишли бўлмаган шундай объектлар;
ташиш ҳужжатлари — юклар, йўловчилар, багаж, юк багажи ва ҳаракатдаги таркибни ташишни расмийлаштирадиган ҳужжатлар (юк хати, йўл қайдномаси, жўнатиш юк хати, жўнатиш қайдномаси, йўл ҳужжати (чипта), багаж квитанцияси, юк багажи квитанцияси);
темир йўл транспорт юк хати (юк хати) — белгиланган шаклдаги асосий ташиш ҳужжати. Юк хати юк жўнатувчи билан темир йўл транспорти корхонаси ўртасида учинчи шахс — юкни олувчи манфаати учун тузиладиган юк ташиш шартномасининг мажбурий шакли бўлиб, юкни бутун йўл давомида кузатиб боради;
шохобча темир йўллар — бир ёки бир нечта корхонага транспорт хизмати кўрсатиш учун мўлжалланган темир йўллар;
Юк ташиш қоидалари — мазкур Уставга мувофиқ тасдиқланадиган, темир йўл транспорти, унинг корхоналари, юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва шохобча темир йўл эгалари учун мажбурий бўлган ташиш шартларини, ҳаракат хавфсизлиги, юклар ва ҳаракатдаги темир йўл таркибининг бут сақланиши ҳамда экологик хавфсизлик талабларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат;
Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари — мазкур Уставга мувофиқ тасдиқланадиган, темир йўл транспорти, унинг корхоналари, йўловчилар, багаж ва юк багажини жўнатувчи ҳамда олувчилар учун мажбурий ташиш шартларини, ҳаракат хавфсизлиги, йўловчиларни ўз вақтида ташиш, багаж ва юк багажини етказиш ҳамда вокзал ва поездларда сифатли хизмат кўрсатиш талабларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат;
Тариф қўлланмаси — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш тарифлари, қўшимча ишлар ва хизматлар учун ставкалар ва мажбурий тўловлар, уларни ҳисоблаш ва қўллаш тартиби, шунингдек, юк ва йўловчи операциялари бажариладиган темир йўл станциялари рўйхати эълон қилинадиган тизимлаштирилган нашр;
тижорат далолатномаси — Юк ташиш қоидаларига мувофиқ темир йўл транспорти томонидан расмийлаштириладиган, юк ҳолати, массаси ёки вагон (контейнер)даги жойлар сонини текшириш натижалари ҳамда уларнинг ташиш ҳужжатларига мувофиқлигини қайд этадиган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
универсал вагонлар — турли хусусиятдаги юкларни ташиш учун мўлжалланган асосий турдаги вагонлар (ёпиқ вагонлар, ярим очиқ вагонлар ва платформалар);
ихтисослаштирилган вагонлар — махсус конструкцияга эга ва бир ёки бир нечта юк гуруҳини ташиш учун мўлжалланган турли вагонлар (цистерналар, хопперлар, минерал ташувчи вагонлар, бункерли ярим очиқ вагонлар, изотермик вагонлар ва бошқалар);
махсус цистерналар — муайян турдаги юкни ташиш учун мўлжалланган цистерналар;
хусусий вагонлар — темир йўл транспортига тегишли бўлмаган, аммо белгиланган шартларда темир йўлда ташиш учун фойдаланиладиган вагонлар;
контейнер — бир ёки бир нечта транспорт турида юкни бут сақлаган ҳолда ташишни таъминлайдиган кўп марта фойдаланиладиган транспорт ускунаси;
универсал контейнер — қадоқланган донали юкларни ташиш учун қўлланилади ва юк кўтариш қобилиятига кўра ўрта тоннажли (3 — 5 тоннали) ҳамда йирик тоннажли (10, 20, 30, 40 футли ва ундан катта) контейнерларга бўлинади;
ихтисослаштирилган контейнерлар — юк жўнатувчи ва юкни олувчиларга тегишли, вазифаси ва айрим қисмларининг конструкцияси билан универсал контейнерлардан фарқ қиладиган, махсус ташиш шароитини талаб қиладиган юклар учун мўлжалланган контейнерлар;
транспорт-экспедиторлик хизмати — юкни жўнатиш ва қабул қилиш жараёнини ташкил этиш, шунингдек, транспорт экспедицияси шартномасига мувофиқ юк ташиш билан боғлиқ бошқа ишларни бажариш хизмати;
экспедитор — транспорт-экспедиторлик хизмати шартномасига мувофиқ темир йўл транспортида юк ташиш билан боғлиқ ишлар мажмуини ташкил этадиган юридик шахс;
ташиш мосламалари — юкни бутун йўл давомида маҳкамлаш ва бут сақлаш учун мўлжалланган кўп марта фойдаланиладиган мослама ва қурилмалар. Уларга тагликлар, кассеталар, строплар, турникетлар ва турникет қурилмалари, тўсиқлар, брезентлар, печлар, нон панжаралари ва бошқалар киради;
4. Темир йўл транспорти корхоналари, шунингдек, юк жўнатувчи ва юкни олувчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар юк ташишда давлатнинг иқтисодий манфаатларига қатъий риоя қилиши, ташиладиган юклар ҳажми прогнозининг умумий ва ҳар бир юк тури бўйича тўлиқ ҳамда бир маромда бажарилишини, ҳаракатдаги таркибдан оқилона фойдаланишни, поездлар ҳаракати хавфсизлигини, темир йўл транспорти вагон парки ва ташилаётган юкларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт.
5. Қурилаётган темир йўл линияларида улар доимий фойдаланишга топширилгунга қадар юк ташиш қонунчиликка мувофиқ темир йўл транспорти томонидан тасдиқланадиган қоидалар асосида амалга оширилади.
6. Халқаро темир йўл қатновида юклар, йўловчилар ва багаж ташиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари (шартномалари) асосида амалга оширилади.
II боб. Юк хўжалиги. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш қурилмалари.
7. Темир йўл транспорти тегишли операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл станциялари ўртасида юклар, йўловчилар, багаж ва почтани ташийди. Темир йўл станцияларида вагонли ва майда жўнатмалар ҳамда контейнерлардаги юкларни қабул қилиш, ортиш, тушириш ва бериш, шунингдек, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш билан боғлиқ операциялар бажарилади. Темир йўл станциялари техник жиҳозланишига қараб барча ёки айрим операцияларни бажариш учун очилиши мумкин. Муайян операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл станциялари рўйхати Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда темир йўл транспорти раҳбарияти томонидан тасдиқланади ва Тариф қўлланмасида эълон қилинади.
8. Ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш ва ташиш тўловларини ундириш учун темир йўл станцияларида юк идоралари ёки кассалар, багаж ва чипта кассалари ташкил этилади. Юк идоралари ва кассаларда юклар, багаж ва юк багажини қабул қилиш ва бериш, шунингдек, йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотишнинг асосий қоидалари кўринарли жойга жойлаштирилиши керак. Зарур ҳолларда темир йўл станцияларида маълумот бюролари ташкил этилади.
Юк идоралари ёки кассалар, юк ҳовлилари (раёнлари), контейнер терминаллари, омборлар ва бошқа объектларнинг иш вақти юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва йўловчиларга қулай хизмат кўрсатиш, шунингдек, вагон ва контейнерлардан оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда темир йўл транспортининг тегишли бўлинмаси раҳбари томонидан белгиланади.
Барча ёки айрим операцияларни бажариш учун темир йўл станцияларини очиш ва ёпиш темир йўл транспорти томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
9. Темир йўлда юклар, йўловчилар, багаж, юк багажи ва почта Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ва бошқа давлатлар темир йўлларининг инвентар паркига кирувчи вагон ва контейнерларда, ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли хусусий вагон ва контейнерларда, шунингдек, улар ижарага олган вагон ва контейнерларда ташилади.
Темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж, юк багажи ва почтани ташиш учун мўлжалланган вагон ва контейнерлар кимга тегишлилигидан қатъи назар, темир йўл транспорти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак.
10. Юкларни ортиш ва тушириш темир йўл транспорти тасарруфидаги станция омборлари ва майдончаларида (умумий фойдаланишдаги жойларда), шунингдек, ташкилотлар ва жисмоний шахслар тасарруфидаги темир йўл ёнидаги омборлар, майдончалар ва бошқа пунктларда (умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда) амалга оширилади.
11. Юк ташиш ва юк операцияларини бажариш учун темир йўл станцияларида уларнинг ихтисослашувига мувофиқ тегишли жиҳозланган иншоотлар ва қурилмалар бўлиши керак.
Айрим турдаги юклар билан катта ҳажмда операциялар бажариладиган темир йўл станциялари ва темир йўл транспорти корхоналарида бундай юкларни ортиш ва тушириш учун зарур машиналар, мосламалар ва инвентарлар бўлиши керак (уйилган юкларни қабул қилиш ва бериш учун махсус платформалар ва майдончалар, контейнерларни ортиш-тушириш майдончалари ва машиналари, чорва молларини юклаш платформалари ёки майдончалари, суғориш пунктлари, дезинфекция ва ювиш қурилмалари, изотермик вагонларни таъминлаш қурилмалари ва бошқалар).
Темир йўл станцияларидаги, шунингдек, вагонларни ортиш ва тушириш билан шуғулланадиган темир йўл транспорти корхоналаридаги юк хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларининг қуввати ҳамда ўтказиш қобилияти белгиланган юк ташиш ҳажмини бажариш, юкларнинг тўлиқ бут сақланиши, ҳаракатдаги таркибга ўз вақтида ишлов бериш ва ортиш-тушириш операцияларини белгиланган муддатларда бажаришни таъминлаши керак.
12. Умумий фойдаланишдаги жойларда катта ҳажмда операциялар бажариладиган темир йўл станцияларида юк ҳовлилари (раёнлари) ташкил этилади. Юк ҳовлиларини (раёнларини) ободонлаштириш ва сақлаш темир йўл транспорти корхоналари томонидан таъминланади.
Юк ҳовлилари (раёнлари) майдонлари ва уларга кириш йўллари автомобил транспортининг хавфсиз ва тўсқинликсиз ҳаракатланишини таъминлаши, шунингдек, ўралган ва ёритилган бўлиши керак.
Юк ҳовлиларига (раёнларига) кириш йўлларини ободонлаштириш ва сақлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан таъминланади.
13. Зарур ҳолларда темир йўл транспорти станцияларда уйилган, оғир вазнли ва бошқа юкларни қабул қилиш, ортиш, тушириш ва бериш учун ихтисослаштирилган пунктлар (эстакадалар, механизациялаштирилган омборлар, контейнер майдончалари, платформалар ва бошқалар) ташкил этади. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда ортиш ва тушириш ишларини айрим темир йўл станцияларида жамлаши мумкин.
14. Темир йўл транспорти ташкилотлар ва жисмоний шахсларга юкларни сақлаш, шохобча темир йўлларни туташтириш ва бошқа иншоотларни қуриш учун ажратилган минтақадаги бўш ер участкаларини вақтинча фойдаланишга бериши мумкин. Бунда темир йўл транспорти тўлайдиган солиқлар ва ушбу участкаларни сақлаш харажатлари тузилган шартномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ қопланади.
15. Ташиладиган юклар ва багажни тортиш учун вагон, товар (стационар ва кўчма), электрон, автомобил ва элеватор тарозиларидан фойдаланилади.
Умумий фойдаланишдаги жойларда темир йўл транспорти, умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда эса юкни олувчилар ва юк жўнатувчилар зарур миқдорда тарози ва ўлчов асбобларига эга бўлиши керак.
16. Тарозилар ва ўлчов асбоблари белгиланган тартибда мажбурий давлат қиёсловидан ўтказилиши ва тамғаланиши керак.
Носоз тарозиларда, шунингдек, қиёслаш ва тамғалаш муддати ўтган тарозиларда юкларни тортишга йўл қўйилмайди.
Темир йўл транспорти тузилган шартномалар асосида умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда юкларни тортиш учун мўлжалланган юк жўнатувчилар ва юкни олувчиларнинг тарозиларини техник хизматга (техник назорат, таъмирлаш, назорат текшируви) қабул қилиши мумкин.
17. Йўловчилар, багаж ва юк багажи ташиш операцияларини бажариш учун очиқ бўлган темир йўл станциялари ушбу операцияларни бажаришни таъминлайдиган талабларга жавоб бериши керак.
Вокзалларда (станциянинг йўловчи хоналарида) ва йўловчи поездларида шикоят ва таклифлар китоби бўлиши шарт. У биринчи талабга кўра берилади. Шикоят ва таклифлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Вокзалларда чипта кассалари, ташиш ҳажмига қараб эса багаж ва юк багажини қабул қилиш ва бериш хоналари, қўл юки сақлаш камералари, кутиш заллари, транзит йўловчилар дам олиш хоналари, болали йўловчилар заллари, она ва бола хоналари, ресторан ва буфетлар, санитария-гигиена хоналари, шунингдек, йўловчиларга бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар учун хизмат хоналари бўлиши керак.
Йўловчиларнинг хавфсиз чиқиши, тушиши ва ўтиши учун йўловчи поездлари қабул қилинадиган ва жўнатиладиган ҳар бир темир йўлда, зарур ҳолларда эса йўловчи тўхташ пунктларида соябон ёки павильон, чипта кассалари ва пиёдалар тоннели ёки кўприги бўлган платформалар қурилади.
Вокзал олди майдонлари ободонлаштирилган, пиёдалар ва шаҳар транспортининг қулай ва хавфсиз ҳаракатланиши талабларига жавоб бериши керак.
Вокзал олди майдонларини ободонлаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.
III боб. Юк ташишни прогноз қилиш
18. Асосий оммавий юкларни темир йўл транспортида ташиш, одатда, чораклар кесимида йиллик прогнозлар ва ойлар кесимида чораклик режалар асосида амалга оширилади.
Юк ташиш ҳажмлари прогнозлари вазирликлар, идоралар ва корхоналар белгиланган шаклларда тақдим этадиган маълумотлар (буюртманомалар) асосида темир йўл транспорти томонидан ишлаб чиқилади.
Юк ташиш бўйича йиллик ва чораклик прогнозларни, шунингдек, асосий ойлик ва қўшимча режаларни тузиш тартиби ва муддатлари Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Вазирлик ва идоралар, юк жўнатувчи ташкилотлар ҳамда темир йўл транспорти юк ташиш прогнозлари бажарилишини ва асосий ойлик ҳамда қўшимча ташиш режаларини бутун темир йўл транспорти, унинг ҳудудий бўлинмалари, станциялар ва ҳар бир юк жўнатувчи кесимида бажаришда давлат манфаатларини таъминлаши шарт.
Юк жўнатувчилар асоссиз оширилган буюртмалар бермаслиги, юкларни асосий ойлик ва қўшимча режада белгиланган ҳажмда ўз вақтида ва бир маромда тақдим этиши ҳамда юклашни белгиланган муддатларда бажариши шарт.
Темир йўл транспорти асосий ойлик ва қўшимча ташиш режалари ҳамда тузилган шартномаларга мувофиқ барча юклаш ва тушириш пунктларига вагонларни ўз вақтида ва бир маромда узатиши шарт.
19. Юк ташишнинг чораклар кесимидаги йиллик прогнозлари юкларнинг умумий ҳажми (тоннада) бўйича, белгиланган номенклатура гуруҳларини алоҳида кўрсатган ҳолда тузилади.
20. Юк ташишнинг ойлар кесимидаги чораклик прогнозлари темир йўл транспорти томонидан белгиланган тартибда тузилади.
Чораклик прогнозларда чорак учун ўртача суткалик юклаш ҳажми ойлар ва юк турлари кесимида тонна ва вагонларда, шунингдек, юкларни маршрутлар билан ташиш топшириқлари кўрсатилади.
Юридик ва жисмоний шахслар жўнатадиган сабзавот, мева ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий ойлик ва қўшимча режа асосида, шунингдек, юклаш бошланишидан 5 кун олдин юк жўнатувчи тақдим этадиган буюртманома бўйича ташилади.
Давлат захирасидан майда партиялар ва вагонлаб жўнатиладиган озиқ-овқат, саноат ва халқ истеъмоли товарлари тақдим этилиши билан ташишга қабул қилинади.
21. Юк жўнатувчилар Юк ташиш қоидаларида белгиланган муддатларда ташиш ҳажмларини 3 нусхада, юк турлари, жўнатиш станциялари ва бошқа давлатлардаги манзил темир йўллари кесимида, Ўзбекистон Республикаси темир йўли доирасида ташиладиган юклар бўйича эса манзил станциялари кесимида темир йўл транспортига тақдим этади. Буюртмалар тонна ва вагонларда кўрсатилади.
Асосий ойлик ташиш режаси билан бирга юк жўнатувчилар манзил станциялари ёки маршрутни тарқатиш станциялари кўрсатилган ҳолда юкларни маршрутлар билан ташиш учун ҳам буюртманома беришлари мумкин. Ҳаракатдаги таркиб тури Юк ташиш қоидаларига мувофиқ белгиланади.
22. Оммавий юклар катта ҳажмда ташилганда асосий ойлик режада юкларни юк жўнатувчилар шакллантирадиган жўнатувчи маршрутлари ёки бир йўналишдаги вагонлар гуруҳини поезд шакллантириш режасига мувофиқ маршрут поездларига бирлаштириш орқали темир йўл транспорти шакллантирадиган маршрутлар билан ташиш назарда тутилиши керак.
Юк жўнатувчилар тошкўмир, кокс, руда, нефт, дон юклари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа оммавий юкларни, одатда, жўнатувчи маршрутлари билан ташишга тақдим этиши шарт.
Юкларни маршрутлар билан ташишни ташкил этиш тартиби Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
23. Юк жўнатувчиларнинг транспорт харажатларини камайтириш, ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасининг ўтказувчанлик қобилиятидан самарали фойдаланиш учун юклар оқимларнинг мақбул йўналиш схемалари бўйича ташилиши керак.
Юк оқимларининг мақбул йўналиш схемалари темир йўл транспорти томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
25. Юк жўнатувчи декада бошланишидан 3 кун олдин станция бошлиғи орқали темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбарига декада кунлари бўйича юклаш ҳажми кўрсатилган буюртманома бериши шарт. Ҳудудий бўлинма раҳбари юк жўнатувчи билан келишган ҳолда буюртманомаларни узоқроқ давр учун қабул қилиш тартибини белгилаши мумкин.
Темир йўл станцияси бошлиғи декада бошланишидан бир сутка олдин ҳар бир юк жўнатувчига декада кунлари, юк турлари ва бошқа давлатлардаги манзил темир йўллари бўйича вагонлар узатиш ҳажмини маълум қилади.
26. Асосий ойлик ташиш режасининг бажарилиши ҳисоб карточкасида қайд этилади. Карточка шакли ва уни тузиш қоидалари темир йўл транспорти томонидан тасдиқланади.
Ҳисоб карточкаси ҳар бир ҳисобот суткаси якунлангандан сўнг темир йўл станцияси бошлиғи ва юк жўнатувчи томонидан имзоланади.
27. Темир йўл транспорти ўз айби билан асосий ойлик юк ташиш режасини бажариш учун инвентар парк вагонларини бермаган бўлса, юк жўнатувчининг талабига кўра кейинги ойда кам юкланган ҳажмни қоплаш учун юк вагонларини ажратиши шарт.
Чоракнинг охирги ойида берилмаган ташиш воситалари кейинги чоракнинг биринчи ойида ажратилиши керак.
Темир йўл транспорти айби билан юзага келган кам юклашни қоплаш тартиби қуйидаги ташишлар бўйича белгиланади:
ички қатновда — темир йўл транспорти томонидан юк жўнатувчилар билан келишилган ҳолда;
халқаро қатновда (экспорт) — ташишда иштирок этувчи бошқа давлатлар темир йўллари билан келишув мавжуд бўлганда темир йўл транспорти ва юк жўнатувчи томонидан.
Келишилган тартиб бузилса, инвентар парк юк вагонларини бермаган темир йўл транспорти ва юкни ташишга тақдим этмаган юк жўнатувчи ташиш режасини бажармаганлик учун белгиланган жавобгарликни ўз зиммасига олади.
28. Темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбари юк жўнатувчи билан келишган ҳолда маршрутлар тузиш, ташишларни йириклаштириш ёки асосий ойлик режа бўйича кам юклашни қоплаш учун вагон ва контейнерларни юклашга жадалроқ узатиши мумкин.
29. Тонна ва вагонларда режалаштириладиган юклар бўйича юк жўнатувчи юклаш режасини тоннада бажарса, юкланмай қолган вагонлар кам юклаш деб ҳисобланмайди ва Юк ташиш қоидаларида назарда тутилган ҳолларда кейинги сутка режаси бўйича вагон узатиш ҳисобига киритилади.
30. Режадан ортиқ ёки режадан ташқари юклаш учун юк жўнатувчи юклаш кунидан камида 5 кун олдин темир йўл транспорти раҳбари ёки ҳудудий бўлинма раҳбарига буюртманома бериши шарт. Буюртманома станция бошлиғи орқали ҳам берилиши мумкин.
Режадан ортиқ ёки режадан ташқари юклаш имкони бўлмаса, темир йўл транспорти раҳбари ёки ҳудудий бўлинма раҳбари 3 сутка ичида ариза берувчига ташиш рад этилганини маълум қилиши шарт.
31. Темир йўл транспорти раҳбари юк жўнатувчиларнинг илтимосномасига кўра қуйидагиларга ҳақли:
б) вазирлик, идора, корхона ва жисмоний шахсларга тегишли ҳаракатдаги таркибнинг ички қатновда юк ташиш учун умумий фойдаланишдаги темир йўлларга чиқишига, ушбу ташишларни режа бажарилиши ҳисобига киритган ҳолда рухсат бериш;
32. Темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбари қуйидагиларга ҳақли:
а) юк жўнатувчиларнинг илтимосномасига кўра режада назарда тутилган жўнатиш станциясини ҳудудий бўлинма доирасида ўзгартириш;
б) агар Юк ташиш қоидаларида мазкур юкни очиқ ҳаракатдаги таркибда ташишга рухсат этилган бўлса, режадаги ёпиқ ҳаракатдаги таркибни очиқ таркибга, шунингдек, очиқ ҳаракатдаги таркибнинг бир турини бошқасига алмаштириш.
IV боб. Ташиш шартномасини тузиш ва ташиш ҳақини ундириш
34. Юк жўнатувчи ҳар бир юк жўнатмаси учун жўнатиш станциясига белгиланган тартибда тўлдирилган юк хатини тақдим этиши шарт. Юк хати асосий ташиш ҳужжати ва темир йўл транспортида юк ташиш шартномаси ҳисобланади.
35. Юк ташиш шартномасига кўра юк жўнатувчи ёки юкни олувчи ташиш учун темир йўл транспортига тегишли барча тўловларни тўлиқ тўлайди, темир йўл транспорти эса қабул қилинган юкни манзил станциясига етказиб, юкни олувчига топширади.
Юк хати муайян юкни олувчи номига тузилади, юк жўнатувчи томонидан имзоланади, юкни бутун йўл давомида кузатиб боради ва манзил станциясида юк билан бирга юкни олувчига берилади. Юк ташишга қабул қилинган вақт юк хатидаги станция календар штемпели билан тасдиқланади.
Юк қабул қилинганини тасдиқлаш учун темир йўл станцияси юк жўнатувчига юк квитанциясини беради.
Ички қатновда юк хати ва юк квитанциясининг шакли ҳамда юк хатини тўлдириш тартиби темир йўл транспорти томонидан тасдиқланади.
Халқаро қатновда юк хати ва бошқа ташиш ҳужжатларининг шакли Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан белгиланади.
Ички қатновда оммавий юклар доимий йўналишларда ташилганда, Юк ташиш қоидаларида назарда тутилган ҳолларда бутун маршрут ёки вагонлар гуруҳи учун битта юк хати расмийлаштирилиши мумкин.
Темир йўл станциялари юк жўнатувчиларни юк хати бланкалари билан таъминлаши шарт.
36. Юк жўнатувчи юк хатида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғри, ноаниқ ёки тўлиқ эмаслиги оқибатлари учун жавоб беради.
Темир йўл транспорти ушбу маълумотларни текширишга ҳақли ва юк жўнатувчи кўрсатган юк массасини танлаб тортиш орқали мунтазам текшириб боради.
37. Юк жўнатувчи манзил станциясини ўзгартирмасдан юк хатида кўрсатилган юкни олувчини ўзгартиришга ҳақли.
Юкни олувчини ўзгартириш ҳақидаги ариза юк квитанциясининг асл нусхаси илова қилинган ҳолда жўнатиш станцияси бошлиғига берилади. Темир йўл транспорти бу кўрсатмани фақат юк ҳали юкни олувчига берилмаган бўлса бажаради.
Юкни бошқа олувчига бериш тартиби Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
38. Темир йўл транспорти юк жўнатувчи (юкни олувчи)нинг ёзма аризасига кўра ташишга қабул қилинган юкнинг манзил станциясини Юк ташиш қоидаларида белгиланган тартибда ўзгартириши (юкни қайта манзиллаши) мумкин.
39. Юкни олувчи ёки манзил станцияси ўзгартирилган барча ҳолларда бундай ўзгартишни сўраган юк жўнатувчи унинг оқибатлари учун дастлабки юкни олувчи олдида жавоб беради ва юк жўнатувчи, дастлабки ҳамда амалдаги юкни олувчилар ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солиши шарт.
40. Юклар юк тезлигида, шунингдек, оширилган тариф бўйича катта тезликда ташишга қабул қилинади.
Катта тезликда ташиладиган юклар темир йўл транспорти белгилайдиган йўналишлар бўйича қабул қилинади.
41. Юк ташиш ҳақи, одатда, темир йўл транспортининг Тариф қўлланмасига мувофиқ ҳисобланган масофа учун ундирилади.
Юк жўнатувчининг илтимосига кўра, агар темир йўл транспорти юкни у кўрсатган йўналиш бўйича ташишга қабул қилса, ташиш ҳақи амалда босиб ўтилган масофа учун ундирилади.
42. Темир йўл транспорти юклар, йўловчилар ва багажни ташиш тарифларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
ички қатновда доимий фойдаланишга қабул қилинган темир йўл линиялари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда;
халқаро қатновда — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда.
Ташиш тўловлари ва жарималарни ҳисоблаш қоидалари темир йўл транспорти томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
43. Темир йўл транспорти Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда қуйидагиларга ҳақли:
а) иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб ички, экспорт, импорт ва транзит қатновларда истисно тарифларни белгилаш;
б) айрим йўналишларда ташиш учун юк амалда босиб ўтган масофа бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилаш.
Юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш билан боғлиқ бошқа қўшимча ишлар ва хизматлар учун тўлов ставкалари шартнома асосида белгиланади.
Темир йўл транспорти юк ташиш билан боғлиқ вагонларни шохобча темир йўллар ва юк ҳовлиларига узатиш ва қайтариб олиш, манёвр ишлари, юкларни тортиш, вагонларни ювиш ва дезинфекция қилиш, номенклатура юкларини қўриқлаш каби қўшимча ишлар ва хизматлар учун мажбурий тўлов ставкаларини тасдиқлашга ҳақли.
44. Темир йўл транспорти қуйидагиларни тасдиқлайди:
а) темир йўл транспорти инвентар парки ҳаракатдаги таркибидан фойдаланиш учун ижара тўлови ставкаларини;
б) вақтинча фойдаланиш учун очилган қурилаётган темир йўл линияларида юклар, йўловчилар ва багажни ташиш тарифларини ҳамда ушбу ташиш билан боғлиқ қўшимча ишлар ва хизматлар учун тўловларни.
45. Ташиш тарифлари, қўшимча ишлар ва хизматлар учун мажбурий тўловлар ҳамда жарималар темир йўл транспортининг Тариф қўлланмасида эълон қилинади.
46. Юк ташиш учун темир йўл транспортига тегишли барча тўловлар юк ташишга қабул қилингунга қадар жўнатиш станциясида ёки юк берилгунга қадар манзил станциясида тўланиши керак.
Темир йўл хизматлари бўйича қарздорлик юзага келса, юк жўнатувчи ёки юкни олувчига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган миқдор ва тартибда пеня ҳисобланади. Темир йўл транспорти бўлажак ташиш учун тўловлар тўлангунга ва олдинги ташиш бўйича қарздорлик узилгунга қадар юкни ушлаб туришга ҳақли. Ушлаб турилган барча вақт учун вагон ва контейнерлар бекор туришига жарима ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юк жўнатувчи ва юкни олувчилар ташиш тўловлари, қўшимча ишлар ва хизматлар ҳақини қонунчиликда белгиланган тартибда эркин айирбошланадиган валютада тўлайди.
Ташишлар бўйича якуний ҳисоб-китоблар юк берилганда юкни олувчи билан амалга оширилади.
Темир йўл транспорти Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда ташишлар бўйича бошқа ҳисоб-китоб тартибини ҳам белгилаши мумкин.
47. Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юк жўнатувчи ва юкни олувчилар юкни темир йўлда ташиш учун ҳисоб-китобларни Ўзбекистон ҳудудида транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатиш бўйича темир йўл транспорти билан шартномаси мавжуд экспедиторлик ташкилотлари орқали амалга ошириши мумкин. Экспедитор юк ташиш учун темир йўл транспорти билан ҳисоб-китоб қилади ва ташиш жараёнида унинг, юк жўнатувчи ёки юкни олувчининг айби билан етказилган зарар учун темир йўл транспорти олдида жавоб беради.
48. Айрим турдаги юкларни йўлда бут сақлаш учун улар темир йўл транспортининг ҳарбийлаштирилган (идоравий) қўриқлаш нарядлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўлинмалари ёки юк жўнатувчи (юкни олувчи) кузатувчилари томонидан қўриқланади ва кузатиб борилади.
Темир йўл транспорти ҳарбийлаштирилган қўриқлаш нарядлари томонидан қўриқланиши ва кузатиб борилиши шарт бўлган юклар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Қўриқлаш ва кузатиб бориш учун қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча ҳақ ундирилади. Тўлов миқдори тариф масофасига мутаносиб бўлади. Рўйхатдаги юкларни юк жўнатувчи (юкни олувчи) кузатувчиси кузатса, қўриқлаш учун қўшимча ҳақ ундирилмайди.
Юк жўнатувчи (юкни олувчи) хоҳишига кўра темир йўл транспортининг йўлда юкларни қўриқлаш бўлинмаси мазкур рўйхатга кирмаган юкларни ҳам шартнома асосида қўриқлаши ва кузатиб бориши мумкин.
Алоҳида ва махсус юкларни қўриқлаш ҳамда кузатиб бориш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ва давлат бошқаруви органларининг бошқа ваколатли бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Бундай юклар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Махсус ташиш шароитини талаб қиладиган юклар (тез бузиладиган, алоҳида қимматли, ногабарит ва бошқалар) бутун йўл давомида юк жўнатувчи (юкни олувчи) кузатувчилари томонидан кузатиб борилади. Бундай юклар рўйхати ва ташиш шартлари Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
V боб. Темир йўл транспорти, юк жўнатувчилар ва юкни олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
49. Ташишда йўқолиш, камомад, бузилиш ёки шикастланишдан ҳимоя қилиш учун идиш талаб этиладиган юклар юк жўнатувчи томонидан давлат стандартларига мувофиқ соз идишда тақдим этилиши керак. Идиш ва ўрами учун стандарт белгиланмаган юклар эса уларнинг тўлиқ бут сақланишини таъминлайдиган соз идишда бўлиши шарт.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташишда юкнинг бут сақланишини таъминлайдиган ностандарт идишда ҳам қабул қилиниши мумкин.
50. Темир йўл транспорти юк жўнатувчи эълон қилган қиймат билан юкни ташишга қабул қилиши мумкин. Эълон қилинган қиймат юкнинг ҳақиқий қийматидан ошмаслиги керак. Юк жўнатувчи ва жўнатиш станцияси ўртасида келишмовчилик бўлса, юк қиймати экспертиза орқали аниқланади ва бу ҳақда далолатнома тузилади.
Қийматини эълон қилиш мажбурий ёки тақиқланган юклар рўйхати Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
51. Айрим йўналишларда юклаш фақат истисно ҳолларда тақиқланиши мумкин:
темир йўл транспорти раҳбарининг қарори билан, белгиланган тартибда бошқа давлатлар темир йўл маъмуриятларини олдиндан хабардор қилган ҳолда;
бошқа давлатлар темир йўл маъмуриятларининг ташаббуси билан.
Енгиб бўлмайдиган куч, табиий офат, ҳарбий ҳаракатлар, блокада, эпидемия ёки ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа фавқулодда ҳолатларда темир йўл транспорти раҳбари юклашни муайян муддатга вақтинча тўхтатиши ёки чеклаши мумкин. Темир йўл транспорти бу ҳақда юк жўнатувчиларни станция бошлиғи орқали хабардор қилади.
52. Вагонларга юк ортиш ва улардан юк тушириш қуйидагича амалга оширилади:
а) зарур қурилма ва механизмлар мавжуд умумий фойдаланишдаги жойларда — темир йўл транспорти томонидан, Юк ташиш қоидаларида кўрсатилган хавфли, тез бузиладиган ва бошқа юклар бундан мустасно;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда — юк жўнатувчи ва юкни олувчи томонидан; умумий фойдаланишдаги жойларда эса хавфли ва тез бузиладиган юклар, хом ҳайвон маҳсулотлари, оғир вазнли (битта жойи 0,5 тоннадан ортиқ) ва ногабарит юклар, қуйиб, сочма ва уйма ҳолда ташиладиган юклар, махсус ҳаракатдаги таркибда ҳамда юк жўнатувчи ёки юкни олувчи кузатувчиси ҳамроҳлигида ташиладиган юклар — улар томонидан.
Юк жўнатувчи ёки юкни олувчи билан алоҳида шартнома тузилса, темир йўл транспорти ушбу банднинг «б» кичик бандида кўрсатилган юклардан ташқари умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда ҳам ортиш-тушириш ишларини бажариши мумкин.
Темир йўл транспорти куч ва воситалари билан бажарилган ортиш-тушириш ишлари учун юк жўнатувчи ва юкни олувчилар тузилган шартномаларга мувофиқ ҳақ тўлайди.
53. Темир йўл транспорти юклаш учун соз, мазкур юкни ташишга яроқли, юк қолдиқлари ва чиқиндилардан тозаланган, зарур ҳолларда ювилган ва дезинфекция қилинган вагон ва контейнерларни бериши шарт. Истисно ҳолларда юк жўнатувчининг розилиги билан бир турдаги юкни юклаш учун тозаланмаган ва ювилмаган вагонлар ҳам берилиши мумкин.
Қуйиб ташиладиган юк учун юк турига мос цистерна ва бункерли ярим очиқ вагонлар берилиши керак.
Цистерна ва бункерли ярим очиқ вагонларни қуйиб юклашга тайёрлаш темир йўл транспорти билан юк жўнатувчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
Махсус цистерналарни қуйиб юклашга юк жўнатувчи тайёрлайди.
Ҳаракатдаги таркибнинг мазкур юкни ташишга тижорат жиҳатидан яроқлилиги қуйидагича аниқланади:
вагонлар — юклаш юк жўнатувчи воситалари билан бажарилса юк жўнатувчи томонидан, темир йўл транспорти воситалари билан бажарилса темир йўл транспорти томонидан;
контейнерлар, цистерналар ва бункерли ярим очиқ вагонлар — юк жўнатувчи томонидан.
54. Вагон ва контейнерларни юклаш техник меъёрлари уларнинг юк кўтариш қобилияти ёки сиғимидан имкон қадар тўлиқ фойдаланиш ва юкнинг бут сақланишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда темир йўл транспорти томонидан белгиланади. Бунда юкни ташишга тайёрлашнинг мақбул усуллари (пресслаш, пакетлаш, идишга жойлаш, қисмларга ажратиш ва бошқалар) ҳамда вагон (контейнер)да жойлаштириш усуллари инобатга олинади.
Юк жўнатувчи вагон ва контейнерларни белгиланган техник меъёрдан кам бўлмаган миқдорда юклаши шарт.
Темир йўл транспорти раҳбари юк жўнатувчилар билан келишган ҳолда юкнинг хусусияти ва сифати ҳамда ҳаракатдаги таркиб турига қараб вагон ва контейнерларни юклашнинг маҳаллий техник меъёрларини белгилаши мумкин.
Очиқ ҳаракатдаги таркибга юк ортиш унинг ҳажмидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, бироқ юк кўтариш қобилиятидан оширмасдан амалга оширилиши керак.
Очиқ ҳаракатдаги таркибда ташишга рухсат этиладиган юклар рўйхати Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Юклаш техник меъёри белгиланмаган юклар вагон (контейнер) сиғимидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, бироқ уларнинг юк кўтариш қобилиятидан оширмасдан юкланиши керак.
Жўнатиш станциясида вагон (контейнер) белгиланган юк кўтариш қобилиятидан ортиқ юклангани аниқланса, юк жўнатувчи темир йўл транспорти талаби билан ортиқча юкни тушириши шарт.
Юк жўнатувчи юклаш ишларини Юк ташиш қоидалари ва Юкларни ортиш техник шартларига риоя қилган ҳолда бажариши шарт.
Юк ортиб бўлингандан сўнг юк жўнатувчи вагоннинг ташқи юзасини юк қолдиқларидан тозалаши шарт.
55. Юкларни ортиш учун зарур ташиш мосламалари ва материалларни юк жўнатувчи тайёрлайди.
Ташиш мосламаларини юклашда ўрнатиш ва туширишда ечиб олиш, юклаш ва тушириш кимнинг куч ва воситалари билан бажарилганига қараб, юк жўнатувчи, юкни олувчи ёки темир йўл транспорти томонидан амалга оширилади.
Юк жўнатувчи ўрнатилган ташиш мосламаларини юк хатида кўрсатиши мумкин.
Вагонларга тўсиқ ва панжаралар ўрнатиш, уларни маҳкамлаш, люкларни тўсиш, ёғоч материалларни боғлаш ва бошқа қўшимча ишларни юк жўнатувчи бажаради ҳамда ташиш мосламаларининг тўғри ўрнатилиши ва маҳкамланиши учун жавоб беради.
Юк жўнатувчига тегишли барча ташиш мосламалари манзил станциясида юк билан бирга юкни олувчига берилади.
56. Юк жўнатувчи (юкни олувчи) юкларни ортиш ва туширишни белгиланган муддатларда бажариши шарт.
Умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда юк жўнатувчи ва юкни олувчи воситалари билан юклаш ва тушириш муддатлари темир йўл транспорти томонидан қуйидагича белгиланади:
а) механизациялашган усулда — қўлланиладиган механизация воситалари, ортиш-тушириш қурилмалари ва иншоотларидан максимал фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китоб асосида;
б) механизациялашмаган усулда — Юк ташиш қоидаларида белгиланган муддатларда.
Оралиқ темир йўл станцияларида ортиш ва тушириш муддатлари мазкур участкадаги манёвр ишларини ташкил этиш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши мумкин.
57. Темир йўл станцияси бошлиғи вагонларни юк жўнатувчи ёки юкни олувчи воситалари билан ортиш ёки тушириш учун узатишдан камида 2 соат олдин уларни вагон узатиш вақти ҳақида хабардор қилиши шарт.
58. Юкни олувчи вагон (цистерна) ва контейнердан юкни тўлиқ тушириши шарт.
Тушириш (қуйиб олиш)дан кейин вагон (цистерна)да юк қолдирган айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавоб беради.
Юк туширилгандан кейин вагон ва контейнерлар ичи ва ташқарисидан тозаланиши керак.
Агар тушириш юкни олувчи воситалари билан бажарилган бўлса, вагонларни у тозалайди; темир йўл транспорти воситалари билан бажарилган бўлса, темир йўл транспорти тозалайди.
Контейнерларни барча ҳолларда юкни олувчи тозалайди.
Ҳайвонлар, паррандалар, хом ҳайвон маҳсулотлари ва тез бузиладиган юклар ташилгандан кейин вагонларни тозалаш, ювиш ва зарур ҳолларда дезинфекция қилиш юкни олувчи воситалари билан ёки унинг ҳисобидан темир йўл транспорти томонидан амалга оширилади.
Бадбўй ёки вагонларни ифлослантирадиган юклар юкни олувчи воситалари билан туширилгандан кейин вагонларни ювиш юкни олувчи ёки унинг ҳисобидан темир йўл транспорти томонидан амалга оширилади. Бундай юклар рўйхатини темир йўл транспорти белгилайди.
Цистерна ва бункерли ярим очиқ вагонларнинг ташқи юзасини қуйиш ва қуйиб олишдан кейин ифлосланишдан тегишинча юк жўнатувчи ёки юкни олувчи тозалайди.
Цистерна ва бункерли ярим очиқ вагонлардан маҳсулот тўлиқ қуйиб олиниши, қовушқоқ маҳсулот қолдиқлари эса қозон ва бункернинг ички юзасидан олиб ташланиши керак. Стандартларда қолдиқ бўлишига рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно.
Юк жўнатувчи билан юкни олувчи келишувига кўра махсус цистерналарнинг ички юзасини қуйиб олингандан кейин тозаламаслик мумкин.
Темир йўл транспорти юкни олувчи тушириш ёки қуйиб олишдан кейин тозаламаган вагон ва контейнерларни тозалангунга қадар қабул қилмасликка ва мазкур Уставнинг 132-бандига мувофиқ вагонлар бекор туриши ва контейнерлар ушлаб қолиниши учун жарима ундиришга ҳақли.
Цистерна ва бункерли ярим очиқ вагонларда рухсат этилган меъёрдан ортиқ маҳсулот қолдиқлари аниқланса, юкни олувчи темир йўлнинг ювиш-буғлаш станцияларида уларни тозалаш вақтидаги бекор туриш учун ҳам жарима тўлайди.
59. Уйма, сочма, қуйма ҳолда ва контейнерларда ташиладиган юкларни юк жўнатувчи топширганда ва темир йўл транспорти қабул қилганда уларнинг массаси аниқланиб, юк хатида кўрсатилиши керак.
Идишли ва донали юклар юк хатида массаси ва юк жойлари сони кўрсатилган ҳолда ташилади.
Идишли ва донали юкларнинг массаси ташишга тақдим этилишидан олдин аниқланади ва юк жойларида кўрсатилади.
Сочма, уйма ва қуйма ҳолда ташиладиган, шунингдек, товар тарозисида тортиш мумкин бўлмаган бошқа юклар вагон тарозисида тортилади.
Сочма ва уйма ҳолда ташиш мумкин бўлган юклар рўйхати Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Юкнинг умумий массаси тарозида тортиш ёки юк жойларидаги трафарет ёхуд стандарт бўйича массаларни ҳисоблаш орқали аниқланади. Айрим юклар массаси ҳисоб-китоб, ўлчаш ёки шартли усулда (цистернадаги нефт маҳсулотлари, ёғоч юклари ва бошқалар) аниқланиши мумкин.
Юк жўнатувчи массани аниқлаш усулини юк хатида кўрсатиши шарт.
60. Юк массаси қуйидагича аниқланади:
а) умумий фойдаланишдаги жойларда темир йўл транспорти куч ва воситалари билан юкланганда — темир йўл транспорти томонидан;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда, шунингдек, умумий фойдаланишдаги жойларда юк жўнатувчи куч ва воситалари билан юкланганда — юк жўнатувчи томонидан.
Юк массасини трафарет, стандарт, ҳисоб-китоб, ўлчаш ёки шартли усулда аниқлаш барча ҳолларда юк жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Сочма ҳолда ташиладиган дон, мойли ва дуккакли экин уруғлари, кепак ва омухта ем массаси юк жўнатувчи томонидан тарозида аниқланиб, юк хатида унинг имзоси билан тасдиқланади. Юк жўнатувчида вагон ёки элеватор тарозиси бўлмаса, масса жўнатиш станциясида вагон тарозиси мавжуд бўлган тақдирда темир йўл транспорти ва юк жўнатувчи биргаликда аниқлайди ҳамда юк хатида имзолари билан тасдиқлайди.
Темир йўл транспорти юкни тортиб бергани учун юк жўнатувчидан шартнома асосида қўшимча ишлар ва хизматлар ҳақ ундирилади.
61. Юкланган цистерналар, ёпиқ, изотермик ва ихтисослаштирилган вагонлар қуйидагича пломбаланиши керак:
а) юк темир йўл транспорти томонидан ортилган бўлса — темир йўл транспортининг беркитиш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари) билан;
б) юк юк жўнатувчи томонидан ортилган бўлса — юк жўнатувчининг беркитиш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари) билан.
Пломбасиз вагонларда ташишга рухсат этиладиган юклар рўйхати, беркитиш-пломбалаш қурилмаларини тайёрлаш техник шартлари ҳамда вагон ва контейнерларни пломбалаш тартиби Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Беркитиш-пломбалаш қурилмалари (пломбалар), пломбалаш қисқичлари ва вагон ҳамда контейнерларни пломбалаш сими юк жўнатувчиларга темир йўл транспорти томонидан ҳақ эвазига берилади.
62. Майда жўнатмаларни станция омборлари орқали қабул қилиш йўналишлар бўйича юклаш календар жадвалига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур станция учун белгиланган майда жўнатмаларни кунлар ва йўналишлар бўйича қабул қилиш жадвали юк жўнатувчиларга эълон қилиниши керак. Уй-рўзғор буюмлари тақдим этилган куни ташишга қабул қилинади.
Юк жўнатувчилар майда жўнатмаларни алоҳида йиғма вагонларда ҳам юбориши мумкин. Бундай вагонлар йиғма вагонларни шакллантириш режаси ва белгиланган юклаш меъёрларига мувофиқ юкланиши керак.
63. Темир йўл транспорти юкларни белгиланган муддатларда манзилга етказиши шарт.
Юкларни етказиб бериш муддатлари ва уларни ҳисоблаш қоидалари Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Етказиб бериш муддати юк ташишга қабул қилинган куннинг соат 24:00 дан бошлаб ҳисобланади.
Юк белгиланган юклаш кунидан олдин ташишга қабул қилинса, етказиб бериш муддати юкланиши лозим бўлган куннинг соат 24:00 дан бошлаб ҳисобланади.
Агар юк манзил станциясида темир йўл транспорти воситалари билан белгиланган муддат тугамасдан туширилган бўлса ёки юкли вагон (контейнер) юкни олувчи воситалари билан туширишга шу муддат ичида узатилган бўлса, юк ўз вақтида етказилган ҳисобланади.
Агар вагон (контейнер) тушириш фронти бандлиги ёки юкни олувчига боғлиқ бошқа сабаблар туфайли кеч узатилса, юк манзил станциясига белгиланган муддат тугамасдан келган бўлса, ўз вақтида етказилган ҳисобланади.
64. Темир йўл транспорти юкни олувчига унинг манзилига юк келгани ҳақида юк келган куни, ҳар қандай ҳолда эса кейинги кун соат 12:00 гача хабар бериши шарт. Хабар бериш тартиби ва усулини станция бошлиғи белгилайди. Юкни олувчи ўзига хабар бериш усулини кўрсатиши мумкин.
Агар темир йўл транспорти ўз айби билан юк келгани ҳақида хабар бермаса, юкни олувчи вагон ва контейнерлар бекор туриши учун жавобгар бўлмайди ва хабар юборилгунга қадар юкни сақлаш йиғимини тўлашдан озод этилади.
65. Юкни олувчи ўз манзилига келган юкни темир йўл станциясидан қабул қилиб, олиб чиқиши шарт. Юкни олиб чиқиш муддати ва сақлаш тартиби Юк ташиш қоидаларида белгиланади.
Манзил станциясига келган юклар 24 соат давомида бепул сақланади. Бу муддат юк ёки контейнер темир йўл транспорти воситалари билан туширилган кун ёхуд вагон юкни олувчи воситалари билан туширишга узатилган куннинг соат 24:00 дан ҳисобланади. Ушбу муддатдан ортиқ сақлаш учун шартнома тарифи бўйича ҳақ ундирилади.
Юкни станциядан ўз вақтида олиб чиқмаган айбдор юкни олувчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавоб беради.
66. Юк жўнатувчи билан юкни олувчи ўртасидаги етказиб бериш шартномасида назарда тутилмаган юк келса, юкни олувчи уни станциядан масъул сақлашга қабул қилиши шарт.
Юкни олувчи юк бузилиши ёки шикастланиши оқибатида сифати шунчалик ўзгариб, ундан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш имкони қолмагандагина юкни қабул қилишдан бош тортиши мумкин.
Юкни олувчининг юкни ўз вақтида туширмаслиги ва олиб чиқмаслиги, шунингдек, унга боғлиқ сабаблар билан вагонларнинг шохобча темир йўллар ва станцияларда ушлаб турилиши оқибатида юк бузилса ёки шикастланса, жавобгарлик юкни олувчи зиммасида бўлади.
67. Юклар манзил станциясида юк хатида кўрсатилган юкни олувчига темир йўл транспортига тегишли барча тўловлар тўлангандан кейин берилади.
Юкни олувчи юкни олганини йўл қайдномасида имзоси билан тасдиқлайди.
68. Агар манзил станциясига келган юкни юк хатида кўрсатилган юкни олувчи мавжуд эмаслиги сабабли унга бериш имкони бўлмаса, темир йўл транспорти юк билан юк жўнатувчининг кўрсатмасига мувофиқ иш тутади. Юк жўнатувчи юкни бериш имкони йўқлиги ҳақида хабар олганидан кейин 3 сутка ичида кўрсатма бериши шарт.
Агар юкни манзилга етказиш имкони бўлмаса (йўлда ташишга тўсқинлик пайдо бўлса), темир йўл транспорти юк жўнатувчининг кўрсатмасига мувофиқ иш тутади. Юк жўнатувчи бу ҳақда хабар олганидан кейин 5 сутка ичида, тез бузиладиган юк бўйича эса бир сутка ичида кўрсатма бериши шарт.
Юк жўнатувчидан белгиланган муддатларда кўрсатма олинмаса, темир йўл транспорти Юк ташиш қоидаларига мувофиқ юкни сотиш ва тушган маблағдан ушбу юк бўйича харажатларини қоплашга ҳақли.
Сотилиши лозим бўлган юклар қиймати белгиланган тартибда баҳолаш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар томонидан баҳоланади.
69. Сотилган юк қиймати харидор томонидан темир йўл транспортига қуйидаги тартибда ўтказилади: ушбу юкни ташиш ва сотиш харажатларини қоплаш учун тегишли сумма темир йўл транспортининг даромад ҳисобварағига, қолган қисми эса иккиламчи жамғарма ҳисобварағига ўтказилади.
Белгиланган муддатда келмаган юк бўйича талабнома берилса, юкни олувчига фақат иккиламчи жамғарма ҳисобварағига тушган сумма қопланади. Манзилга етказилмаган юклар бўйича талаб қилиш муддати тугагандан кейин талаб қилинмаган маблағ белгиланган тартибда давлат бюджети даромадига ўтказилади.
Ҳужжатсиз юкни сотишдан темир йўл транспорти олган маблағ юкларни қидириш харажатлари ва манзилга келмаган юклар бўйича талабномалар асосида тўланган суммаларни қоплаш учун унинг даромадига ўтказилади.
70. Манзил станциясида темир йўл транспорти қуйидаги ҳолларда юкнинг массаси, жойлар сони ва ҳолатини текшириши шарт:
юк ташилаётган юкнинг бут сақланишига таъсир қилиши мумкин бўлган носоз вагонда келганда;
ташиш ҳужжатларида пломба борлиги қайд этилган бўлса-да, юк пломбасиз, шикастланган пломба билан ёки йўл-йўлакай станция пломбаси билан келганда;
Юк ташиш қоидаларида бундай ташишга рухсат этилган очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки пломбасиз ёпиқ вагонда ташилган юкда камомад, бузилиш ёки шикастланиш белгилари бўлганда;
тез бузиладиган юк етказиб бериш муддати бузилган ҳолда келганда;
темир йўл транспорти томонидан юкланган юк жўнатиш станциясининг бузилмаган пломбалари бўлган соз вагонда келганда, шунингдек, Юк ташиш қоидаларида назарда тутилган ҳолда очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки пломбасиз ёпиқ вагонда ташилганда камомад, бузилиш ёки шикастланиш белгилари бўлмаганда;
темир йўл транспорти томонидан туширилган юклар умумий фойдаланишдаги жойлардан берилганда.
Ушбу ҳолларда идишли ва донали юклар фақат шикастланган жойларда юк массаси ва ҳолати текширилган ҳолда берилади. Идиш шикастланган ёки юк ҳолатига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар аниқланса, темир йўл транспорти шикастланган жойларни очиб, фактура ва ҳисоблар бўйича текшириши шарт.
Агар жўнатиш станциясида аниқланган юк массаси билан манзил станциясидаги масса ўртасидаги фарқ тарози кўрсаткичлари фарқи, тортиш аниқлиги меъёрлари ва Юк ташиш қоидаларида белгиланган табиий камайиш меъёрларидан ошмаса, юк массаси тўғри деб ҳисобланади.
Юк жўнатувчи воситалари билан юкланган ва юк жўнатувчининг бузилмаган пломбалари бўлган соз вагонда, шунингдек, Юк ташиш қоидаларида назарда тутилган ҳолда очиқ ҳаракатдаги таркибда ёки пломбасиз ёпиқ вагонда камомад, бузилиш ёки шикастланиш белгилари бўлмаган ҳолда келган юклар жойлар сони, ҳолати ва массаси текширилмасдан берилади.
Юкни олувчининг талаби бўйича юк массаси ва ҳолатини текширгани учун темир йўл транспорти шартнома тарифи бўйича ҳақ ундирилади.
71. Манзил станциясида юк массаси, жойлар сони ёки ҳолати текширилганда камомад, бузилиш ёки шикастланиш аниқланса ёки бу ҳолатлар йўлда тузилган тижорат далолатномасида қайд этилган бўлса, темир йўл транспорти ҳақиқий камомад, бузилиш ёки шикастланиш миқдорини аниқлаши шарт.
Экспертиза зарур бўлса, темир йўл транспорти ўз ташаббуси билан ёки юкни олувчининг талаби бўйича эксперт ёки тегишли мутахассисларни жалб қилади.
72. Темир йўл транспорти юкларни контейнерлар, транспорт пакетлари ва тагликларда ташишни ривожлантиради. Юк ташиш учун универсал ва ихтисослаштирилган контейнерлар қўлланилади.
Универсал контейнерлар темир йўл транспорти ёки юк жўнатувчиларга (хусусий) тегишли бўлиши мумкин.
Контейнерларга юк ортиш ва улардан тушириш юк жўнатувчи ва юкни олувчи томонидан амалга оширилади.
Контейнерларни темир йўл вагонлари ва автомобилларга ортиш ва улардан тушириш қуйидагича амалга оширилади:
а) умумий фойдаланишдаги жойларда — темир йўл транспорти томонидан;
б) умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда — юк жўнатувчи ва юкни олувчи томонидан.
Универсал ва ихтисослаштирилган контейнерлар ўлчами ва юк кўтариш қобилияти бўйича стандартлар талабларига жавоб бериши керак.
Контейнердаги юк темир йўл транспорти томонидан юк жўнатувчи кўрсатган масса ва унинг пломбаси бўйича ташишга қабул қилинади. Уй-рўзғор буюмлари эса темир йўл транспорти пломбаси билан контейнерларда ташилади.
Юк жўнатувчининг бузилмаган пломбаси бўлган соз контейнерда келган юк юкни олувчига массаси, ҳолати ва жойлар сони текширилмасдан берилади.
73. Темир йўл транспорти унинг хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда бундай ташкилотларни тузиши мумкин. Юк жўнатувчи ва юкни олувчиларга транспорт-экспедиторлик хизмати кўрсатувчи ташкилотлар мазкур Уставда улар учун белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади, мажбурият ва жавобгарликни ўз зиммасига олади.
74. Айрим юкларни алоҳида ҳолатлар туфайли Юк ташиш қоидалари асосида ташиш мумкин бўлмаган истисно ҳолларда темир йўл транспорти манфаатдор юк жўнатувчи ва юкни олувчилар билан биргаликда ушбу Уставда назарда тутилмаган махсус шартларда ташиш тартибини белгилаши мумкин.
VI боб. Шохобча темир йўллар
75. Шохобча темир йўллар — алоҳида ташкилотлар ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ҳамда умумий темир йўл тармоғига узлуксиз рельс изи билан туташган темир йўллар. Улар ташкилот ва жисмоний шахсларга тегишли идоравий шохобча йўллар ёки темир йўл транспортига тегишли йўллар бўлиши мумкин.
76. Шохобча темир йўл қуришга, одатда, ташишни бошқа транспорт турларида амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.
Шохобча темир йўлларни умумий темир йўл тармоғига ёки бошқа шохобча йўлга туташтиришда қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, вагон ва контейнерларни ортиш, тушириш ва тозалаш қурилмаларини барпо этиш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишилган лойиҳа асосида амалга оширилади. Шохобча йўл идоравий шохобча йўлга туташса, лойиҳа тегишли вазирлик, идора, ташкилот ёки жисмоний шахс билан ҳам келишилади.
Технологик ташишлар билан боғлиқ бўлмаган янги қурилган идоравий шохобча темир йўллар шартнома асосида темир йўл транспортига техник хизмат кўрсатиш учун топширилиши ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ёхуд Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ белгиланган тартибда темир йўл транспорти мулкига ўтказилиши мумкин.
Шохобча темир йўлларнинг йўл қурилмалари ва техник иншоотлари конструкцияси ҳамда ҳолати умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ҳаракатланишига рухсат этилган барча турдаги, шу жумладан, оғир юк кўтарувчи вагонларни ўтказишни таъминлаши керак. Шохобча йўл темир йўл транспорти локомотивлари билан хизмат кўрсатилса, шу мақсад учун ажратилган локомотивларни ҳам ўтказиши шарт.
77. Мавжуд идоравий шохобча темир йўлларда ташиш ҳажми ошиши туфайли станция йўлларини ривожлантириш темир йўл транспортининг куч ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Идоравий шохобча темир йўл туташиши муносабати билан туташиш жойларида янги пост ва разъездлар қуриш, уларни жиҳозлаш ва туташиш стрелкасини ётқизиш тегишли ташкилот ва жисмоний шахсларнинг материаллари ва маблағлари ҳисобидан темир йўл транспорти томонидан амалга оширилади.
Янги қурилаётган идоравий шохобча темир йўл туташиши сабабли мавжуд станцияларни ривожлантириш ёки янги станциялар қуриш ишлари тегишли ташкилотларнинг шохобча темир йўл қурилиши лойиҳа-сметаларида назарда тутилиши ва уларнинг маблағи ҳисобидан бажарилиши керак.
Ташкилот ёки жисмоний шахс талаби билан темир йўл транспортига тегишли мавжуд шохобча темир йўлда қўшимча шохобча йўл қуриш уларнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилади.
78. Янги қурилган шохобча темир йўлни доимий фойдаланишга очиш ва унга ҳаракатдаги таркибни киритиш лойиҳа бўйича қурилиш ишлари тўлиқ бажарилгандан, йўл фойдаланишга қабул қилингандан ва темир йўл транспорти унга хизмат кўрсатиш тартибини белгилагандан кейин рухсат этилади.
Шохобча темир йўл қурилаётган даврда унга вагон узатиш темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси билан қурилишни амалга ошираётган, юк ва ҳаракатдаги таркибнинг бут сақланиши, уларнинг ўз вақтида қайтарилиши ва ҳаракат хавфсизлиги учун жавобгар ташкилот ёки жисмоний шахс ўртасидаги вақтинчалик келишув асосида амалга оширилади.
Ҳар бир шохобча темир йўл учун мажбурий тарзда қуйидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади: техник паспорт, шохобча йўл режаси, бўйлама профил ва сунъий иншоотлар чизмалари.
79. Шохобча темир йўлларнинг йўл тармоғи, иншоот ва қурилмалари ташиш ҳажмига мос равишда узлуксиз ортиш-тушириш, манёвр ишлари ҳамда вагон, контейнер ва локомотивлардан самарали фойдаланишни таъминлаши керак.
80. Идоравий шохобча темир йўллар, шунингдек, умумий темир йўл тармоғига чиқадиган ташкилот ва жисмоний шахсларнинг локомотив ва вагонлари Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортидан техник фойдаланиш қоидалари талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши керак.
81. Темир йўл транспорти йўлларида поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари билан боғлиқ идоравий шохобча йўл ходимлари темир йўл транспорти ўз ходимлари учун белгилаган тартиб ва муддатларда техник фойдаланиш қоидалари, поездлар ҳаракати ва сигнализация бўйича йўриқномалардан имтиҳон топширади. Очиқ ҳаракатдаги таркибда юкларни ортиш ва маҳкамлашга раҳбарлик қиладиган ходимлар эса Юкларни ортиш техник шартларини билиш бўйича имтиҳон топширади.
Поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари билан боғлиқ бошқа идоравий шохобча йўл ходимлари ташкилот раҳбари тайинлайдиган имтиҳон комиссиясида имтиҳон топширади.
Имтиҳондан ўтмаган шахслар ишга қўйилмайди.
Темир йўл транспорти йўлларида хизмат вазифаларини бажараётганда идоравий шохобча йўл ходимлари имтиҳон топширганини тасдиқловчи белгиланган намунадаги гувоҳномани ўзи билан олиб юриши ва темир йўл станцияси навбатчиси ёки станция (манёвр) диспетчери кўрсатмаларини аниқ бажариши шарт.
82. Темир йўл станцияси бошлиғи, унинг топшириғига кўра бошқа станция ходимлари ва инспекторлар (ревизорлар) идоравий шохобча темир йўлда ҳаракат хавфсизлиги ва темир йўл хўжалиги ҳолатини текширишга ҳақли.
Шохобча темир йўлда ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи носозлик аниқланса, станция бошлиғи ёки ҳаракат хавфсизлиги инспектори (ревизори) кўрсатмаси билан носозлик бартараф этилгунга қадар вагон узатиш тўхтатилади.
83. Темир йўл транспортининг идоравий шохобча темир йўлга эга ташкилот ва жисмоний шахслар билан муносабатлари шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномаси билан тартибга солинади.
Ташкилот ва жисмоний шахсларга тегишли шохобча темир йўлларда вагонларни узатиш ва қайтариб олиш ҳамда манёвр ишлари уларнинг локомотивлари билан амалга оширилади.
Ташкилот ёки жисмоний шахснинг ўз локомотиви бўлмаса, вагонларни узатиш ва қайтариб олиш ҳамда манёвр ишлари белгиланган ҳақ эвазига темир йўл транспорти локомотиви билан бажарилади.
Идоравий шохобча темир йўлда вагонларни узатиш ва қайтариб олиш тартиби, шунингдек, вагон ва контейнерлар айланиш муддатлари шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномасида белгиланади.
84. Шохобча темир йўлда вагон ва контейнерларнинг туриш вақти номерли усулда ҳисобга олинади.
85. Контрагентларга, яъни бошқа ташкилот ёки жисмоний шахснинг идоравий шохобча темир йўли доирасида ўз омбори ёки унга туташ шохобча йўли бўлган ташкилот ва жисмоний шахсларга вагон узатиш ва қайтариб олиш хизмати контрагент билан шохобча йўл ва локомотив эгаси ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Контрагентларда вагонларнинг бекор туриши учун темир йўл транспорти олдида шохобча йўл ва локомотив эгаси жавоб беради.
Идоравий шохобча темир йўлга темир йўл транспорти локомотиви хизмат кўрсатса, темир йўл транспорти билан контрагент ўртасида вагонларни узатиш ва қайтариб олиш шартномаси тузилади ва барча ҳисоб-китоблар бевосита улар ўртасида амалга оширилади.
Идоравий шохобча темир йўл амортизацияси ва контрагентнинг уни таъмирлаш ҳамда сақлашда иштирок этиши билан боғлиқ тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар барча ҳолларда шохобча йўл эгаси бўлган ташкилот ёки жисмоний шахс билан контрагент ўртасида амалга оширилади.
86. Темир йўл транспортига тегишли шохобча йўлларда ўз рельс ёни омборлари ва ортиш-тушириш майдончалари бўлган ташкилот ва жисмоний шахслар билан муносабатлар вагонларни узатиш ва қайтариб олиш шартномаси билан тартибга солинади.
Темир йўл транспортига тегишли шохобча йўлларда вагонларни узатиш ва қайтариб олиш ҳамда манёвр ишлари белгиланган ҳақ эвазига темир йўл транспорти локомотиви билан бажарилади.
Темир йўл транспортига тегишли шохобча йўлларни сақлаш ва жорий таъмирлаш унинг куч ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ташкилот ёки жисмоний шахс ҳудудида, шунингдек, ортиш ва тушириш фронтларида йўлларни чиқинди ва қордан тозалаш ҳамда ёритиш уларнинг куч ва маблағлари ҳисобидан бажарилади.
87. Шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномаси ва вагонларни узатиш-қайтариб олиш шартномаси замонавий техник меъёр ва воситаларга асосланган шохобча йўл ҳамда туташиш станцияси иш технологиясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Вагон узатишлар сони ва улар орасидаги интерваллар белгиланганда ортиш-тушириш фронти ва бир узатишдаги энг кўп вагонлар сони ҳисобга олинади.
Ортиш-тушириш фронти бир турдаги юкларни бир вақтда ортиш ёки тушириш мумкин бўлган омбор йўлининг фойдали узунлигига жойлашадиган вагонлар сони билан белгиланади.
Доимий юк айланмасига эга корхоналарда ортиш-тушириш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак. Механизация воситалари техник-иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб танланади.
Механизациялашган ортиш-тушириш фронти механизмлар сони ва уларнинг қайта ишлаш қувватига қараб белгиланади.
Суткасига бир ёки ундан ортиқ маршрут жўнатиладиган ёки келадиган жойларда маршрутларни ортиш-тушириш фронти маршрутни кўпи билан 2-3 узатишда юклаш ёки тушириш имконини бериши керак.
88. Шохобча темир йўлга темир йўл транспорти локомотиви хизмат кўрсатганда вагонларнинг ортиш-туширишда бекор туриш вақти вагон амалда ортиш ёки тушириш жойига берилган пайтдан станция ташкилот ёки жисмоний шахсдан вагонни қайтариб олишга тайёрлиги ҳақида хабар олгунга қадар ҳисобланади.
Вагонларни темир йўл транспорти локомотиви узатиб-қайтариб олганда, темир йўл транспорти айби билан ортиш-тушириш жойидан вагонни 15 дақиқадан ортиқ кечиктириб қайтариб олган ёки шохобча йўлдан вагонни қабул қилмаган тақдирда, юк жўнатувчи, юкни олувчи ёки шохобча йўл эгасига мазкур Уставнинг 132-бандида белгиланган миқдорда жарима тўлайди. Жарима шартномада белгиланган вагонни қайтариб олиш муддати тугаган пайтдан кечикишнинг бутун вақти учун ҳисобланади.
Ташкилот ва жисмоний шахс локомотивлари хизмат кўрсатадиган идоравий шохобча темир йўлларда вагонларнинг бекор туриш вақти вагонлар кўргазма йўлларида топширилган пайтдан ҳисобланади.
Қабул-топшириш операциялари жойи ва тартиби шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномасида белгиланади. Қабул-топшириш операцияси учун вақт меъёри ҳар бир вагонга 1 дақиқадан ва бир вақтда тақдим этилган барча вагонлар партияси учун 30 дақиқадан ошмаслиги керак.
Идоравий шохобча темир йўлларда, шунингдек, темир йўл транспортига тегишли шохобча йўлларда ташкилот ёки жисмоний шахс ҳудуди ва ортиш-тушириш фронтларида юкли ва бўш вагонларни қўриқлаш уларнинг куч ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
89. Темир йўл транспорти манёвр ишлари, ҳаракатдаги таркибни қўйиш ва бошқа мақсадлар учун идоравий шохобча темир йўлдан ташкилот ёки жисмоний шахс розилиги билан, темир йўл транспортига тегишли шохобча йўлнинг улар ҳудудидаги қисмидан эса олдиндан хабардор қилган ҳолда фойдаланиши мумкин.
90. Шохобча темир йўлдан фойдаланиш ва вагонларни узатиш-қайтариб олиш шартномалари 5 йилгача муддатга тузилади. Станция ёки шохобча йўлнинг техник жиҳозланиши ёки иш технологияси ўзгарса, томонлардан бирининг талаби билан шартноманинг айрим бандлари ёки бутун шартнома муддати тугамасдан қайта кўриб чиқилиши мумкин. Шохобча йўл эгаси ҳаракат хавфсизлиги, темир йўл транспорти ҳаракатдаги таркиби ва юкнинг бут сақланиши талабларини мунтазам бузса ёки кўрсатилган хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса, темир йўл транспорти шартномани бир томонлама муддатидан олдин бекор қилишга ҳақли.
Шохобча темир йўлдан фойдаланиш ва вагонларни узатиш-қайтариб олиш шартномалари қуйидагилар томонидан имзоланади:
суткалик юк айланмаси 50 вагонгача бўлса — темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ва ташкилот раҳбари;
суткалик юк айланмаси 50 вагондан ортиқ бўлса — темир йўл транспорти раҳбари (ёки унинг топшириғига кўра ҳудудий бўлинма раҳбари) ва ташкилот раҳбари.
Ташкилот ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатадиган, темир йўл транспорти тизимига кирмайдиган темир йўл транспорт бирлашмаси мавжуд бўлса, шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномаси шу бирлашма билан тузилиши мумкин.
Шохобча темир йўлдан фойдаланиш ва вагонларни узатиш-қайтариб олиш шартномаларида вагон айланишини тезлаштириш чора-тадбирлари ва уларни амалга ошириш муддатлари назарда тутилиши керак.
Шохобча темир йўлдан фойдаланиш ва вагонларни узатиш-қайтариб олиш шартномалари бўйича келишмовчиликлар қуйидагича кўриб чиқилади ва ҳал этилади:
ўртача суткалик юк айланмаси 50 вагонгача бўлган шохобча йўллар бўйича — темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбари ва ташкилот раҳбари томонидан;
ўртача суткалик юк айланмаси 50 вагондан ортиқ бўлган шохобча йўллар бўйича — темир йўл транспорти раҳбари ва ташкилот раҳбари томонидан.
Юқоридаги шартномалар бўйича низоли масалалар юзага келса, иш иқтисодий судда ҳал этилади. Суд қарори чиққунга қадар томонларнинг муносабатлари аввалги шартнома шартлари асосида тартибга солинади.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ низоли масалалар темир йўл ташиш хавфсизлигини назорат қилувчи ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда ҳал этилади.
VII боб. Бошқа транспорт турлари иштирокида тўғри аралаш қатнов
92. Зарур бўлганда темир йўл транспорти юкларни автомобил, дарё ва ҳаво транспорти билан ҳамкорликда ташиб, темир йўл-автомобил, темир йўл-сув ва темир йўл-ҳаво тўғри аралаш қатновларини ташкил этиши мумкин.
Тўғри аралаш қатновда ташиш бутун йўл учун расмийлаштирилган ягона ташиш ҳужжати асосида амалга оширилади.
Уйма ва қуйма ҳолда ташиладиган, шунингдек, тез бузиладиган ва хавфли юклар тўғри аралаш қатновда ташишга қабул қилинмайди.
93. Тўғри аралаш қатновда юк ташиш Уставнинг мазкур бўлими ва Юк ташиш қоидалари асосида амалга оширилади.
Уставнинг мазкур бўлими ва Юк ташиш қоидаларида назарда тутилмаган масалалар бўйича тўғри аралаш қатновда тегишли транспорт туридаги ташишни тартибга солувчи устав, кодекс, қоида ва тариф нормалари қўлланилади.
94. Тўғри аралаш юк қатновида ташиш қуйидаги пунктлар орқали амалга оширилади:
а) тегишли юк операциялари учун очиқ темир йўл станциялари орқали, уларнинг рўйхати темир йўл транспорти томонидан белгиланади;
б) тегишли транспорт идоралари белгилайдиган рўйхат бўйича дарё портлари, аэропортлар ва автостанциялар орқали.
VIII боб. Йўловчилар, багаж ва почтани ташиш
95. Темир йўл транспорти ҳамда йўловчи ва багажга хизмат кўрсатувчи ва уларни ташувчи корхона аҳолининг йўловчи ташишга бўлган эҳтиёжини, темир йўл транспортидан фойдаланишда йўловчилар хавфсизлигини, зарур қулайликларни, вокзал ва поездларда маданий хизмат кўрсатишни, шунингдек, багажни ўз вақтида ташиш ва бут сақлашни таъминлаши шарт.
Бунинг учун темир йўл транспорти барча йўловчи поездларининг жадвал бўйича аниқ ҳаракатланишини таъминлаши шарт. Йўловчи вагонлари, вокзаллар ва йўловчиларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа иншоотлар йўловчи ва багаж ташишга масъул корхона томонидан соз, тоза ва ташиш ҳажмини таъминлайдиган ҳолатда сақланиши керак.
Вокзал ва йўловчи поездларида, одатда, йўловчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш ташкил этилиши керак.
96. Йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган поездлар қуйидагича бўлинади:
а) ҳаракат тезлигига кўра — тез ва йўловчи поездларига;
б) қатнов масофасига кўра — узоқ масофали, маҳаллий ва шаҳар атрофи поездларига.
97. Вокзал биноларида йўловчилар учун поездларнинг жўнаш ва келиш жадвали, йўл ҳақи ва багаж ташиш нархлари, чипта ва багаж кассалари иш вақти, поездлардаги бўш жойлар, шикоят ва таклифлар китоби жойлашган жой ҳамда вокзал хоналарининг кўрсаткичлари осиб қўйилиши керак.
98. Йўловчини темир йўлда ташиш шартномасига кўра темир йўл транспорти ва йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчини ва унинг багажини манзилга етказиш, сотиб олинган йўл ҳужжати (чипта)га мувофиқ поездда жой бериш мажбуриятини олади. Йўловчи эса йўл ҳақини, багаж топширганда эса багаж ташиш ҳақини белгиланган тариф бўйича тўлайди.
Ҳар бир йўловчи поездда ҳаракатланиш учун тегишли йўл ҳужжати (чипта)га эга бўлиши шарт. Темир йўл транспорти йўловчи кўрсатган ва йўловчи операциялари учун очиқ манзил станциясигача чипта сотилишини таъминлаши керак.
Чипта ва бошқа йўл ҳужжатларининг шакллари, уларни сотиш ва фойдаланиш тартиби, амал қилиш муддати ҳамда темир йўлда йўловчи қатнови қоидалари Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланади.
99. Темир йўл транспорти йўл ҳужжати (чипта)нинг амал қилиш муддатини қуйидаги ҳолларда узайтириши шарт:
а) йўловчига поездда (шаҳар атрофи поезди бундан мустасно) жой берилмаса — унга жой бериладиган кейинги поезд жўнагунга қадар;
б) алмашиш пунктида келишилган поезд кечикса — транзит йўловчи сафарни давом эттириш имконига эга бўлгунга қадар;
в) йўловчи йўлда касал бўлса — тиббиёт муассасаси ҳужжати билан тасдиқланган касаллик даврига;
г) йўловчи йўлда тўхтаса — кўпи билан 10 суткага.
100. Шаҳар атрофи қатновида бир марта қатнов чипталаридан ташқари қуйидаги чипталар ҳам сотилиши керак:
а) манзилга бориш ва дастлабки жўнаш станциясига қайтиш ҳуқуқини берувчи қайтиш чипталари. Улар берилган кун ҳисобга олинмаган ҳолда бир сутка, шунингдек, умумий дам олиш ва байрам кунлари давомида амал қилади;
б) амал қилиш муддати давомида қатновлар сони чекланмайдиган шахсий абонемент чипталари.
101. Йўл ҳужжатлари (чипталар) қуйидаги муддатларда сотилади:
а) олдиндан сотиш кассаларида — поезд жўнашидан 45 суткагача олдин;
б) йўловчи поездлари ва тўғридан-тўғри вагонлар шакллантириладиган ва айланадиган станциялар кассаларида — поезд жўнашидан 24 соат олдин;
в) оралиқ станцияларда — поездда бўш жойлар ҳақида маълумот олинган пайтдан, бироқ поезд келишига камида 1 соат қолгунга қадар.
Шаҳар атрофи поездлари учун чипта сотиш вақти уларнинг ҳаракат жадвали ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Алмашиш пунктларида сотувдаги бўш жойларни олишда транзит йўловчилар устувор ҳуқуққа эга.
102. Вокзаллардаги сақлаш камералари йўловчилардан қўл юкини чипта мавжудлигидан қатъи назар қабул қилади.
Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларидаги рўйхатга мувофиқ тез ёнувчи ва бошқа хавфли буюм ҳамда моддаларни сақлаш камераларига топшириш ва қабул қилиш тақиқланади.
Қўл юки сақлаш камераларининг иш вақти поездлар ҳаракат жадвали ва маҳаллий шароитдан келиб чиқиб белгиланади.
103. Йўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) бўш жой мавжуд бўлса, йўловчи операциялари учун очиқ кўрсатилган манзил станциясигача исталган поезд ва вагонга, энг қисқа йўналиш, энг кам алмашиш ёки вақт жиҳатидан қулай маршрут бўйича чипта сотиб олиш;
б) 5 ёшга тўлмаган бир нафар болани алоҳида жой бермасдан бепул олиб бориш. 5 ёшгача бўлган бир нечта бола билан кетаётганда улардан бири бепул, қолганлари эса алоҳида жой берилган ҳолда тўлиқ чипта нархининг 50 фоизи миқдорида ташилади. 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга ҳам алоҳида жой берилган ҳолда чипта нархининг 50 фоизлик чегирмаси қўлланилади;
в) 36 кггача қўл юкини бепул, шаҳар атрофи поездларида эса қўшимча 50 кггача юкни багаж тарифи бўйича ҳақ тўлаб олиб бориш;
г) чипта асосида багажни белгиланган тариф бўйича ҳақ тўлаб ташишга топшириш;
д) йўлда тўхтаб, чиптанинг амал қилиш муддатини кўпи билан 10 суткага узайтириш;
э) йўлда касал бўлганда тиббиёт муассасаси маълумотномаси асосида чиптанинг амал қилиш муддатини касалликнинг бутун даврига узайтириш;
ж) йўлда бўш жой мавжуд бўлса, юқори тоифали вагондаги жойни нарх фарқини қўшимча тўлаб эгаллаш;
з) бўш жой мавжуд бўлса, чипта сотиб олинган поезддан олдин жўнайдиган поездда, чипта кассасида тегишли қайд қўйдириб, Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда жўнаб кетиш;
и) поездга (шаҳар атрофи поезди бундан мустасно) кеч қолганда — 3 соат ичида, касаллик ёки бахтсиз ҳодиса тегишли ҳужжат билан тасдиқланганда эса поезд жўнаганидан кейин 3 сутка ичида чиптани плацкарта қийматидан ташқари қўшимча ҳақсиз бошқа поездга қайта расмийлаштириш ёки белгиланган тартибда йўл ҳақини қайтариб олиш;
к) чиптани поезд жўнашидан камида 24 соат олдин қайтарса — йўл ҳақининг тўлиқ суммасини, ундан кечроқ, бироқ поезд жўнашидан олдин қайтарса — плацкарта қиймати чегирилган йўл ҳақини олиш.
Қайтиш чиптаси қайтиш пунктида поезд жўнашидан камида 3 сутка олдин қайтарилса, йўловчига йўл ҳақи тўлиқ қайтарилади; ундан кечроқ, бироқ поезд жўнашидан олдин қайтарилса, плацкарта қиймати чегирилган сумма қайтарилади;
л) поездлар ҳаракати узилиши сабабли сафар йўлда тўхтатилса, босиб ўтилмаган масофа учун йўл ҳақини қайтариб олиш.
Чипта қайтарилган барча ҳолларда йўловчидан йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона белгилаган ҳақ ундирилади.
Фойдаланилмаган чипталар учун тегишли суммалар Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда қайтарилади.
104. Темир йўл транспорти ва йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона ташкилотларнинг олдиндан берган буюртманомалари асосида алоҳида йўловчилар гуруҳини ташиш учун чипталар сотилишини таъминлайди.
Ташкилотлар ушбу буюртманомалар бўйича сотиб олган чипталарни поезд жўнашига 7 суткадан кам, бироқ камида 3 сутка қолганда қайтарса, плацкарта қийматининг 50 фоизи, 3 суткадан ҳам кеч қайтарса, плацкарта қиймати тўлиқ ушлаб қолинади.
Ташкилотлардан алоҳида йўловчилар гуруҳи учун чипта сотиш буюртманомаларини қабул қилиш ва қайтарилган чипталар қийматини тўлаш тартиби Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланади.
105. Чипта қайтариш муддатидан қатъи назар, поезд жўнашидан олдин қуйидаги ҳолларда йўл ҳақидан ушлаб қолинмайди чиптада кўрсатилган поезд бекор қилинганда, йўловчи жўнайдиган пунктдан поезд 1 соатдан ортиқ кечиктирилганда, чиптада кўрсатилган жой берилмагани ва йўловчи бошқа жойдан фойдаланишга рози бўлмагани сабаб сафар амалга ошмаганда, йўловчининг касаллиги тиббиёт муассасаси ҳужжати билан тасдиқланганда.
106. Сотиб олинган чиптага мувофиқ вагонда жой берилмаса, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчининг розилиги билан бошқа вагонда, ҳатто юқори тоифада бўлса ҳам, қўшимча ҳақсиз жой бериши шарт. Агар берилган жой чипта нархидан арзон бўлса, нарх фарқи қайтарилади. Йўловчи таклиф этилган жойни алмаштиришдан бош тортса, унга йўл ҳақи қайтарилади.
Шу поезднинг ўзида жой бериш имкони бўлмаса, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчи талаби билан бошқа поездда тегишли жой бериши шарт.
107. Йўловчи чиптани тақдим этганда темир йўл транспорти багажни белгиланган ҳақ эвазига ташишга қабул қилиши ва багаж вагонида бўш жой бўлса, уни йўловчи кетадиган шу поездда жўнатиши шарт.
Багаж вагони бўлмаган поездда кетаётган йўловчининг багажи тегишли йўналишда багаж вагони бор биринчи поездда жўнатилиши керак.
Йўловчининг аризасига кўра багаж бошқа маршрут ёки чиптада кўрсатилмаган бошқа поездда жўнатилиши мумкин. Багаж йўловчи томонидан уни олиб кетадиган поезд жўнашидан камида 3 соат олдин топширилиши мумкин.
Багаж ташишга қабул қилинганини тасдиқлаш учун йўловчига багаж квитанцияси берилади.
Йўловчи багаж топширганда унинг қийматини эълон қилиши ва тариф бўйича йиғим тўлаши шарт.
108. Багаж сифатида ўлчами, ўрами ва хусусиятига кўра багаж вагонига қийинчиликсиз ортиш ва жойлаштириш мумкин бўлган ҳамда бошқа йўловчилар багажига зарар етказмайдиган буюмлар қабул қилинади.
Багаж ва юк багажи сифатида ташиш тақиқланган тез ёнувчи ва бошқа хавфли юклар рўйхати Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланади.
109. Багаж ва юк багажини етказиш муддати улар жўнатилган поезднинг манзил станциясигача ҳаракатланиш вақти билан белгиланади.
Агар багаж йўлда қайта юкланадиган маршрут бўйича кетса, етказиш муддати келишилган поездларнинг шу маршрут бўйича ҳаракатланиш вақтига ҳар бир қайта юклаш учун бир сутка қўшиб ҳисобланади.
110. Агар багаж етказиб бериш муддати тугагандан кейин 10 сутка ичида манзил станциясига келмаса, йўловчи багаж ёки юк багажини йўқолган деб ҳисоблаш ва унинг қийматини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
111. Багаж манзил станциясида багаж квитанцияси ва чиптани тақдим этган шахсга берилади. Багаж станция йўловчи ташиш операциялари учун очиқ бўлган бутун вақт давомида берилади.
Ташкилот манзилига келган юк багажи раҳбар ва бухгалтер имзолаган бир марталик ёки доимий ишончнома, ваколатли шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида ва йўл юк багажи қайдномасининг орқа томонидаги унинг имзоси билан берилади.
Жисмоний шахс манзилига келган юк багажи паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда, йўл қайдномасининг орқа томонида паспорт (ИД) маълумотлари ва яшаш жойи кўрсатилиб имзо қўйилган ҳолда берилади.
Багаж ва юк багажини сақлаш учун йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона ишлаб чиққан тариф бўйича ҳақ ундирилади.
112. 30 кун давомида талаб қилиб олинмаган багаж ёки юк багажи Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида белгиланган тартибда сотилади.
Багаж квитанциясини тақдим этган шахс багаж сотилган кундан бошлаб 6 ой ичида талаб қилиб олинмаган багаж ёки юк багажи сотувидан тушган суммани темир йўл транспортига тегишли суммалар чегирилган ҳолда олишга ҳақли.
113. Темир йўл транспорти почта ташишни почта корхоналарининг махсус вагонларида ҳам, йўловчи поездларига қўшиладиган темир йўл транспорти вагонларида ҳам амалга оширади.
Почта ташиш ҳақи ваколатли орган белгиланган тартибда тасдиқлайдиган тарифлар бўйича тўланади.
114. Почта корхоналари почта вагонларини Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортидан техник фойдаланиш қоидаларига мувофиқ соз ҳолатда сақлаши шарт. Уларга тегишли почта вагонлари белгиланган режали таъмирлаш муддатларига риоя қилинган ҳолда ўз маблағлари ҳисобидан таъмирланади.
115. Почтани темир йўлда ташиш тартиби Темир йўлларда почта ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларида белгиланади.
IX боб. Темир йўл транспорти, юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва йўловчиларнинг жавобгарлиги. Далолатномалар, талабномалар ва даъволар.
116. Темир йўл транспорти, юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва йўловчилар ташишлар бўйича мазкур Устав асосида моддий жавобгар бўлади.
Темир йўл транспорти, юк жўнатувчи, юкни олувчи ёки йўловчига юкланган жавобгарликни ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган олдиндан тузилган ҳар қандай келишув ҳақиқий эмас. Мазкур Устав, Юк ташиш қоидалари ёки Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларида назарда тутилмаган бундай қайдлар юк хатида бўлса ҳам юридик кучга эга эмас.
117. Йўловчилар йўловчи вагонлари ва вокзал хоналаридан фойдаланишда жамоат тартибига риоя қилиши ва темир йўл транспорти мулкига эҳтиёткор муносабатда бўлиши шарт. Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари, поездлар ҳаракати хавфсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилса, йўловчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавоб беради.
118. Темир йўл транспорти ташишга қабул қилинган багажнинг йўқолиши, камомади, бузилиши ёки шикастланиши, шунингдек, кеч етказилиши учун, агар бу ҳолатлар унинг айби билан юз бермаганини исботламаса, моддий жавоб беради.
Багаж йўқолиши, камомади, бузилиши ёки шикастланиши учун темир йўл транспорти эълон қилинган қиймат миқдорида, агар эълон қилинган қиймат ҳақиқий қийматдан юқори эканини исботласа — ҳақиқий қиймат миқдорида жавоб беради.
Йўловчи ўзи билан олиб кетаётган қўл юкининг бутлиги ва сақланиши учун ўзи жавоб беради.
119. Багаж ёки юк багажи кеч етказилса, темир йўл транспорти ҳар бир сутка учун, тўлиқ бўлмаган суткани ҳам тўлиқ сутка деб ҳисоблаб, қуйидаги миқдорда жарима тўлайди:
багаж учун — ташиш ҳақининг 5 фоизи, бироқ ташиш ҳақининг 50 фоизидан кўп эмас;
юк багажи учун — ташиш ҳақининг 1,5 фоизи, бироқ ташиш ҳақининг 30 фоизидан кўп эмас.
120. Ташиш режаси бажарилмаганлиги учун темир йўл транспорти ва юк жўнатувчи моддий жавоб беради.
Темир йўл транспорти режани бажариш учун вагон ва контейнерларни бермаганлиги, юк жўнатувчи эса берилган вагон ва контейнерлардан фойдаланмаганлиги ёки режада назарда тутилганлардан бош тортганлиги учун қуйидаги миқдорда жарима тўланади:
тонна ва вагонларда режалаштириладиган юклар бўйича — юкланмаган ҳар бир тонна учун энг кам иш ҳақининг 0,1 баравари;
фақат вагонларда режалаштириладиган юклар бўйича — юкланмаган ҳар бир вагон учун энг кам иш ҳақининг 5 баравари;
контейнерларда ташиладиган юклар бўйича:
юкланмаган ҳар бир 3 — 5 тоннали контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 0,5 баравари.
ҳар бир юкланмаган 10 ва 20 футли контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида;
ҳар бир юкланмаган 30, 40 футли ва ундан катта тоннажли контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида.
Юк жўнатувчи тайинланган темир йўллар бўйича (халқаро темир йўл қатновида) режани бажармаганлиги учун қуйидаги миқдорда жарима тўлайди:
ташиш ҳажми тонна ва вагонларда режалаштириладиган юклар бўйича — ҳар бир юкланмаган тонна учун энг кам иш ҳақининг 0,05 баравари;
ташиш ҳажми фақат вагонларда режалаштириладиган юклар бўйича — ҳар бир юкланмаган вагон учун энг кам иш ҳақининг 2 баравари;
контейнерларда ташиладиган юклар бўйича:
ҳар бир 3 — 5 тоннали контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 0,2 баравари;
ҳар бир 10 ва 20 футли контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 1 баравари;
ҳар бир 30, 40 футли ва ундан катта тоннажли контейнер учун — энг кам иш ҳақининг 2 баравари.
Маршрутни юклаш таъминланмаса, айбдор томон ташиш режасини бажармаганлик учун жаримадан ташқари, ҳар бир юкланмаган маршрут учун бошқа томон фойдасига энг кам иш ҳақининг 8 баравари миқдорида жарима тўлайди.
121. Юк жўнатувчи қуйидаги ҳолларда ташиш режасини бажармаганлик учун жаримадан озод этилади:
а) шохобча темир йўлда ҳаракат тўхташига сабаб бўлган табиий офатлар (зилзила, сув тошқини, ёнғин), амалдаги қоидаларга кўра юклаш-тушириш ишлари тақиқланган ҳолатлар, шунингдек, корхонадаги авария сабаб ишлаб чиқариш камида 3 суткага тўхтаганда. Бу ҳақда юклаш темир йўл станцияси бошлиғи ёзма равишда хабардор қилиниши шарт;
б) мазкур Уставнинг 51-бандига мувофиқ юклаш тақиқланган, тўхтатилган ёки чекланган ҳолларда;
в) юк жўнатувчининг олдиндан розилигисиз юклашни жадаллаштириш тартибида режадан ортиқ берилган вагонлар (контейнерлар)дан фойдаланилмаган ҳолларда;
г) юк жўнатувчи мазкур календар декадасининг айрим кунларидаги кам юклашни шу декада давомида қоплаганда;
д) ташиш ҳажми вагон ва тоннада режалаштириладиган юклар бўйича тонна режаси бажарилганда.
Агар юк жўнатувчи вагонлар (контейнерлар)ни техник меъёрдан зичроқ юклаш ҳисобига режадагидан кам вагон (контейнер) ишлатган бўлса, тегишли миқдордаги вагонлар (контейнерлар) кам юклангани учун жарима ундирилмайди.
Агар юк жўнатувчи юклаш кунидан камида 2 сутка олдин вагонлар (контейнерлар)дан фойдаланмаслиги ҳақида станцияни ёзма равишда огоҳлантирса, жарима миқдори учдан бир қисмга камайтирилади.
122. Темир йўл транспорти қуйидаги ҳолларда ташиш режасини бажармаганлик учун жаримадан озод этилади:
а) вагон ва контейнерларни юклаш учун бериш имкони бўлмаган табиий офатлар (қор босиши, сув тошқини, ёнғин) сабабли;
б) мазкур Уставнинг 51-бандига мувофиқ юклаш тақиқланган, тўхтатилган ёки чекланган ҳолларда;
в) юк жўнатувчи вагонлар (контейнерлар)ни туширишда ушлаб қолганда. Бунда темир йўл транспорти ушлаб қолинган ёки шу сабаб юклаш учун бериб бўлмаган миқдордаги вагонлар (контейнерлар)ни бермаганлик учун жаримадан озод этилади;
г) юк жўнатувчи темир йўл транспортига тегишли тўловларни тўламаганда.
123. Ой якунлангач, кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай темир йўл станцияси бошлиғи ташиш режаси бажарилмаганлиги учун темир йўл транспорти ва юк жўнатувчига тегишли жарима суммалари ҳисоб-китобини юк жўнатувчига маълум қилади.
Темир йўл транспорти ёки юк жўнатувчига тегишли суммалар 5 кун ичида тўланиши керак.
124. Темир йўл транспорти юкни ташишга қабул қилган пайтдан уни юкни олувчига топширгунга ёки Юк ташиш қоидаларига мувофиқ бошқа корхонага бергунга қадар юкнинг бут сақланиши учун жавоб беради. Агар юкнинг йўқолиши, камомади, бузилиши ёки шикастланиши темир йўл транспорти олдини ола олмаган ва бартараф этиш унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар натижасида юз берганини исботласа, жавобгарликдан озод этилади. Жумладан:
а) юк жўнатувчи ёки юкни олувчининг айби;
б) ташилаётган юкнинг ўзига хос табиий хусусиятлари;
в) юк қабул қилинаётганда ташқи кўринишидан аниқлаб бўлмайдиган идиш ёки ўрам камчиликлари ёки юк хусусиятига ёхуд белгиланган стандартларга мос бўлмаган идишдан фойдаланиш, агар йўл давомида идиш шикастлангани белгилари бўлмаса;
г) ташиш ёки сақлашда махсус шароит ёки эҳтиёт чораларини талаб қиладиган юк хусусиятлари юк хатида кўрсатилмасдан юк ташишга топширилганда;
д) намлиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган юк ташишга топширилганда.
125. Темир йўл транспорти қуйидаги ҳолларда юкнинг йўқолиши, камомади, бузилиши ёки шикастланиши учун жавобгарликдан озод этилади:
а) юк соз вагонда (контейнерда), юк жўнатувчининг соз беркитиш-пломбалаш қурилмалари (пломбалари) билан ёки йўлда қайта юкланмасдан соз очиқ ҳаракатдаги темир йўл таркибида, соз ҳимоя маркировкаси ёки боғламаси билан келган ёхуд юк бут сақланганини кўрсатувчи бошқа белгилар мавжуд бўлса;
б) камомад, бузилиш ёки шикастланиш юкни очиқ ҳаракатдаги темир йўл таркибида ташиш билан боғлиқ табиий сабаблар натижасида юз берган бўлса;
в) юк юк жўнатувчи (юкни олувчи) кузатувчиси ҳамроҳлигида ташилган ёки улар тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ваколатли шахслар томонидан қўриқланган бўлса;
г) юк камомади табиий камайиш меъёридан ошмаса;
д) юк мазкур Уставнинг 74-бандида назарда тутилган шартларда ташилган бўлса.
126. Темир йўл транспорти юк ташишда етказилган зарарни қуйидаги миқдорда қоплайди:
а) юк йўқолган ёки кам чиққан бўлса — йўқолган ёки кам чиққан юкнинг ҳақиқий қиймати миқдорида;
б) қиймати эълон қилинган юк йўқолса — эълон қилинган қиймат миқдорида, агар темир йўл транспорти эълон қилинган қиймат ҳақиқий қийматдан юқори эканини исботласа — ҳақиқий қиймат миқдорида;
в) юк бузилган ёки шикастланган бўлса — унинг қиймати қанчага камайган бўлса, шу миқдорда.
Йўқолган ёки кам чиққан юк учун зарарни қоплаш билан бирга, агар ташиш ҳақи юк қийматига кирмаган бўлса, темир йўл транспорти ушбу юк учун ундирилган ташиш ҳақини ҳам қайтаради.
127. Темир йўл транспорти даъво талаблари бўйича йўқолган, кам чиққан, бузилган ёки шикастланган юк қийматини юк жўнатувчининг ҳисобварағи асосида, ҳисобварақ бўлмаса — унинг ўрнини босувчи бошқа молиявий ҳужжат (ҳисоб-фактура, спецификация, шартнома ва бошқалар) асосида қоплайди.
Жисмоний шахсларга тегишли юк қиймати юк топширилиши лозим бўлган жой ва вақтдаги шунга ўхшаш юк нархидан келиб чиқиб аниқланади.
128. Юкни етказиб бериш кечиктирилгани учун темир йўл транспорти, агар кечикиш унинг айби билан юз бермаганини исботламаса, юкни олувчига жарима тўлайди.
Кечиктирилган ҳар бир сутка учун, тўлиқ бўлмаган суткани ҳам тўлиқ деб ҳисоблаб, ташиш ҳақининг 6 фоизи миқдорида, бироқ жами ташиш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган жарима тўланади.
Ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли ёки улар ижарага олган бўш вагонларни етказиб бериш кечиктирилганда ҳам шу миқдорда жарима ундирилади.
Кечикиш темир йўл транспортига боғлиқ бўлмаган енгиб бўлмас куч ҳолатлари (ҳарбий ҳаракатлар, блокада, эпидемия, зилзила, сув тошқини ва бошқалар) натижасида юз берса, темир йўл транспорти жаримадан озод этилади.
129. Агар юк етказиб бериш муддати тугаганидан кейин 30 кун ичида юкни олувчининг талабига кўра топширилмаса, юк жўнатувчи ёки юкни олувчи уни йўқолган деб ҳисоблаш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агар юк мазкур муддатдан кейин етиб келса, юкни олувчи уни қабул қилиши ва йўқолган юк учун темир йўл транспорти тўлаган суммани қайтариши шарт.
130. Юк хатида юк номи нотўғри кўрсатилган, ташиш тақиқланган юк юкланган ва жўнатилган ёки махсус эҳтиёт чораларини талаб қиладиган юкнинг номи ёки хусусияти нотўғри кўрсатилган тақдирда, юк жўнатувчидан темир йўл транспортига етказилган зарардан ташқари, бутун ташиш масофаси учун бундай юкни ташиш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима ундирилади.
131. Юк жўнатувчи, юкни олувчи ёки шохобча темир йўл эгаси умумий тармоқ парки вагон ва контейнерларидан темир йўл транспорти рухсатисиз ички ташишларда фойдаланса, ҳар бир вагон учун суткасига энг кам иш ҳақининг 10 баравари, ҳар бир контейнер учун 5 баравари миқдорида жарима тўлайди. Бу жарима вагонлар бекор туриши ва контейнерлар ушлаб қолиниши учун жаримадан қатъи назар ундирилади. Темир йўл транспорти ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли ёки улар ижарага олган вагон ва контейнерларни ўзбошимчалик билан эгалласа, худди шу миқдорда жарима тўлайди.
132. Юк жўнатувчи ёки юкни олувчи воситалари билан юклаш, тушириш ёки қайта юклаш учун берилган вагонлар белгиланган муддатдан ортиқ ушлаб қолинса (вагонлар бекор турса), юк жўнатувчи ёки юкни олувчидан жарима ундирилади.
Оддий вагонлар (ёпиқ вагонлар, ярим очиқ вагонлар, платформалар) бекор турганда жарима қуйидаги миқдорда ундирилади:
1 соатдан 6 соатгача — ҳар бир вагон учун соатига энг кам иш ҳақининг 0,05 баравари;
7 соатдан 12 соатгача — ҳар бир вагон учун соатига энг кам иш ҳақининг 0,1 баравари;
13 соатдан 18 соатгача — ҳар бир вагон учун соатига энг кам иш ҳақининг 0,15 баравари;
18 соатдан ортиқ — ҳар бир вагон учун соатига энг кам иш ҳақининг 0,25 баравари.
15 дақиқагача бекор туриш ҳисобга олинмайди, 15 дақиқа ва ундан ортиқ вақт тўлиқ бир соат деб ҳисобланади.
Цистерналар, цемент ташувчи вагонлар, транспортерлар, бункерли ярим очиқ вагонлар ва бошқа махсус вагонлар (рефрижераторлардан ташқари) бекор турганда жарима 2 баравар, рефрижератор вагонлар учун 3 баравар оширилади.
Юкни олувчи ёки шохобча темир йўл эгасига боғлиқ сабаблар билан тушириш ёки қайта юклаш учун беришни кутиб, тайинланган, оралиқ ёки қўшни темир йўл станцияларида вагонлар бекор турганда ҳам шу миқдорда жарима ундирилади.
Ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли ёки улар ижарага олган вагонлар темир йўлларда бекор турганда жарима 50 фоиз миқдорида ундирилади.
Рефрижератор поезди ёки секциясининг бир қисмидаги вагонлар юклаш, тушириш ёки қайта юклашда белгиланган муддатдан ортиқ ушлаб қолинса, юк жўнатувчи ёки юкни олувчидан операцияда ушлаб қолинган вагонлар учун ҳам, юк операциялари тугашини кутиб турган поезд ёки секция вагонлари учун ҳам бекор туриш жаримаси ундирилади.
Вагонларнинг бекор туриши учун жарима юк ташиш режасини бажармаганлик учун жаримадан қатъи назар ундирилади.
Темир йўл транспортининг айби билан вагонларни юклаш ёки туширишга бериш шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномасида ёки вагонларни узатиш ва қайтариб олиш шартномасида белгиланган муддатдан 15 дақиқадан ортиқ кечикса, темир йўл транспорти юк жўнатувчи ёки юкни олувчига ҳар бир вагон учун соатига энг кам иш ҳақининг 0,08 баравари миқдорида жарима тўлайди.
15 дақиқадан ортиқ кечикиш тўлиқ бир соат деб ҳисобланади.
133. Режа ва буюртманомада назарда тутилган юкларни юклаш учун юк жўнатувчининг буюртманомаси бўйича бўш махсус вагонлар берилган, аммо юк жўнатувчига боғлиқ сабаблар билан улар юклаш темир йўл станциясида ушлаб қолинган бўлса, ушлаб турилган бутун вақт учун мазкур Уставнинг 132-бандида белгиланган миқдорда жарима ундирилади. Агар юк жўнатувчи бу вагонлардан фойдаланишдан воз кечганини станцияга хабар қилса, жарима хабар олинган вақтгача ҳисобланади.
Юк жўнатувчи буюртманомасига мувофиқ юклаш темир йўл станциясига келган бўш махсус вагонларни юклашдан воз кечса ва ҳисобот суткасида улардан бошқа юк жўнатувчилар фойдалана олмаса, ташиш режасини бажармаганлик жаримасидан ташқари, вагонлар жўнатилган станциядан юклаш станциясигача, бироқ 300 километрдан ошмаган масофа учун вагонлар юриши ҳақи ундирилади.
Бундай вагонлар юриши учун тўлов миқдори юк ташиш тарифи билан белгиланади.
134. Қурилаётган темир йўл линияларида вагонлар ишчи паркнинг белгиланган меъёридан ортиқ ушлаб қолинса ёки ушбу линияларга туташ станцияларда қурилиш ташкилоти вагонларни қабул қилмагани сабаб ушлаб қолинса, мазкур ташкилот темир йўл транспортига ҳар бир вагон учун энг кам иш ҳақининг 0,05 баравари миқдорида жарима тўлайди.
135. Контейнерлар белгиланган меъёрдан ортиқ ушлаб қолинса, юк жўнатувчи ва юкни олувчи ташкилотлар қуйидаги миқдорда жарима тўлайди:
ҳар бир 3 — 5 тоннали контейнер учун соатига — энг кам иш ҳақининг 0,015 баравари;
ҳар бир 10 ва 20 футли контейнер учун соатига — энг кам иш ҳақининг 0,05 баравари;
ҳар бир 30, 40 футли ва ундан катта тоннажли контейнер учун соатига — энг кам иш ҳақининг 0,1 баравари.
Контейнерларни ушлаб қолиш учун жарима контейнерларда юк ташиш режасини бажармаганлик жаримасидан қатъи назар ундирилади.
136. Юкни олувчилар юкларни ўз вақтида туширмаслиги ва олиб чиқмаслиги сабаб станцияда қийинчилик юзага келса, темир йўл транспорти ҳудудий бўлинмаси раҳбари туширилган юкни сақлаш ҳақини 5 бараваргача, станция ёки шохобча темир йўлда белгиланган муддатдан 24 соатдан ортиқ ушлаб қолинган вагонлар учун бекор туриш жаримасини 2 бараваргача, бошқа давлатлар вагонлари учун эса 10 бараваргача ошириш ҳуқуқига эга.
Оширилган сақлаш ҳақи ва вагонлар бекор туриши учун жарима бу ҳақда станцияда эълон жойлаштирилганидан 24 соат ўтгач қўлланилади.
137. Юк жўнатувчи ва юкни олувчи қуйидаги ҳолларда вагонлар бекор туриши ва контейнерлар ушлаб қолиниши учун жаримадан озод этилади:
а) вагонлар бекор туриши ёки контейнерлар ушлаб қолиниши шохобча темир йўлда ҳаракатни тўхтатган табиий офатлар, шунингдек, амалдаги қоидаларга кўра юклаш-тушириш ишлари тақиқланган табиий офат ёки корхонадаги авария сабаб юз берган бўлса. Авария ҳақида юк жўнатувчи (юкни олувчи) станция бошлиғини ёзма равишда хабардор қилади;
б) темир йўл транспорти шохобча темир йўлдан фойдаланиш шартномасида белгиланган миқдордан ортиқ вагонлар (контейнерлар) берган бўлса.
138. Божхона, санитария ва бошқа маъмурий қоидаларни бажариш учун зарур ҳужжатлар юк хатига илова қилинмагани сабаб вагон ва контейнерлар ушлаб қолинса (бекор турса), юк жўнатувчи ёки юкни олувчи мазкур Уставнинг 132 ва 135-бандларида белгиланган жаримани тўлайди ҳамда шу сабаб темир йўл транспорти кўрган зарарни қоплайди.
Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа ваколатли органлар (прокуратура, ички ишлар, божхона, чегара органлари ва бошқалар) вагон ва контейнерларни ушлаб қолиши билан боғлиқ темир йўл транспорти харажатлари, жумладан, вагон ва контейнерларни узатиш-қайтариб олиш, юклаш-тушириш, юкни сақлаш, манёвр ишлари, вагон ва контейнерлардан фойдаланиш ҳақи ҳамда бошқа харажатлар юк жўнатувчи (юкни олувчи) ҳисобидан қопланади.
139. Вагонлар ва катта тоннажли контейнерлар техник меъёрга ёки тўлиқ юк кўтариш қувватига (сиғимига)ча юкланмаса, юк жўнатувчи ҳар бир кам юкланган тонна учун энг кам иш ҳақининг 0,02 баравари миқдорида жарима тўлайди. Агар юк жўнатувчи вагон ёки контейнерни қўшимча юкласа, жарима ундирилмайди.
Йўлда ёки тайинланган станцияда юк кўтариш қувватидан ортиқ юкланган вагон (контейнер) аниқланса, юк жўнатувчидан ортиқча юк вазни учун тарифнинг 5 баравари миқдорида жарима ундирилади. Бундан ташқари, юк жўнатувчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган жавобгарликни ўз зиммасига олади ва ортиқча юклаш сабаб транспорт ҳодисаси юз берса, темир йўл транспортига етказилган зарарни қоплайди.
141. Тозаланмаган ҳаракатдаги темир йўл таркибини юклашга беришга фақат юк жўнатувчининг розилиги билан йўл қўйилади. Бунда темир йўл транспорти юк жўнатувчи фойдасига ҳар бир оддий вагон учун энг кам иш ҳақининг 1 баравари, махсус вагон учун 2 баравари миқдорида жарима тўлайди. Юк жўнатувчи бу вагонларни тозалаши ва юклаши шарт. Тозалаш учун зарур вақт станция бошлиғи ва юк жўнатувчи келишуви билан белгиланади.
Юк туширилгандан (қуйилгандан) кейин тозаланмаган ҳаракатдаги темир йўл таркиби топширилса, юкни олувчи темир йўл транспорти фойдасига худди шу миқдорда жарима тўлайди.
142. Шохобча темир йўлда, портда, пристанда, қурилаётган темир йўл линиясида ёки станцияда юк жўнатувчи ёки юкни олувчи воситалари билан юклаш-тушириш пайтида вагон, контейнер шикастланса ёки унинг қисмлари йўқолса, юк жўнатувчи, юкни олувчи, порт, пристан ёки темир йўл линиясини қураётган ташкилот темир йўл транспорти тасдиқлаган баҳолаш ведомости бўйича шикастланган (йўқолган) қисм қийматининг 10 баравари миқдорида жарима тўлайди.
Юк жўнатувчи, юкни олувчи ва темир йўл линиясини қураётган ташкилот ҳаракатдаги темир йўл таркибининг шикастланиши, ортиқча юклаш, нотўғри юклаш, ўраш ёки юкни нотўғри маҳкамлаш натижасида темир йўл транспорти кўрган зарарни ҳам қоплаши шарт.
143. Темир йўл транспорти ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли ёки улар ижарага олган вагон ва контейнерларни шикастласа, уларни таъмирлаши ёки эгасига етказилган зарарни қоплаши шарт.
Темир йўл транспорти йўқотган, ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли ёки улар ижарага олган вагон учун, уларнинг талабига кўра (мазкур Устав 147-банди «е» кичик бандига мувофиқ), тегишли вагон вақтинча бепул фойдаланишга берилади. Вагон 3 ой ичида қайтарилмаса, йўқолган вагон ўрнига тегишли вагон эгаси мулкига берилади.
Темир йўл транспортида тегишли вагон ёки контейнер бўлмаса, уларнинг қиймати белгиланган тартибда қопланади.
144. Юк тайинланган темир йўл станциясига келганидан кейин мазкур ташиш бўйича темир йўл транспорти олдидаги барча жавобгарлик юкни олувчи зиммасига ўтади.
Бунда юкни олувчи юк жўнатувчининг нотўғри ҳаракатлари сабаб темир йўл транспортига тўлаган ташиш билан боғлиқ харажат ва зарарларни юк жўнатувчидан ундиришга ҳақли.
Агар юк тайинланган станция ҳудудида мавжуд бўлмаган юкни олувчи номига жўнатилган бўлса, темир йўл транспорти олдида юк жўнатувчи жавоб беради.
145. Темир йўл транспорти, юк жўнатувчилар, юкни олувчилар ва йўловчилар мазкур Уставдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, фақат Уставнинг тегишли бандларида белгиланган доирада моддий жавобгар бўлади.
146. Темир йўл ташишида темир йўл транспорти, юк жўнатувчи, юкни олувчи ва йўловчининг моддий жавобгарлигига асос бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар станциялар тузадиган тижорат далолатномаси ёки умумий шаклдаги далолатнома билан тасдиқланади.
Тижорат далолатномаси қуйидаги ҳолатларни тасдиқлаш учун тузилади:
а) юк ёки багажнинг ҳақиқий номи, вазни ёки жойлар сони ташиш ҳужжатидаги маълумотларга мос келмаса;
б) юк ёки багаж бузилган ёки шикастланган бўлса;
в) ҳужжатсиз юк ёки багаж, ёхуд юк ёки багажсиз ҳужжат аниқланса;
г) ўғирланган юк ёки багаж темир йўл транспортига қайтарилса;
д) товар идорасида (кассада) ҳужжатлар бўйича юкни бериш расмийлаштирилганидан кейин 24 соат ичида темир йўл транспорти юкни шохобча темир йўлга бермаса. Бу ҳолда тижорат далолатномаси фақат юкни олувчининг талаби билан тузилади.
Темир йўл транспорти юқоридаги ҳолатларни ўзи аниқласа ёки юкни (багажни) олувчи ёки жўнатувчи улардан камида биттаси мавжудлигини кўрсатса, тижорат далолатномасини тузиши шарт.
Тижорат далолатномалари ва умумий шаклдаги далолатномаларни тузиш тартиби Юк ташиш қоидалари билан белгиланади.
147. Мазкур Уставдан келиб чиқадиган даъво билан судга мурожаат қилишдан олдин темир йўл транспортига талабнома тақдим этилиши шарт.
Тегишли ҳолларда темир йўл транспортига талабнома ва даъво тақдим этиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:
а) юк йўқолганда:
юкни олувчи — юк келмагани ҳақида тайинланган станция белгиси қўйилган юк квитанциясининг аслини тақдим этганда; уни тақдим этиш имкони бўлмаса — юк қиймати тўланганини тасдиқловчи ҳужжат ва юк жўнатилгани ҳақида темир йўл транспорти маълумотномасини, унда тайинланган станциянинг юк келмагани ҳақидаги белгиси билан тақдим этганда;
юк жўнатувчи — юк квитанциясининг аслини тақдим этганда;
б) юк кам чиққан, бузилган ёки шикастланган ҳолда — юкни олувчи юк хатининг асли ва темир йўл транспорти берган тижорат далолатномасини, далолатнома йўқолган бўлса — унинг тузилгани ҳақида белги қўйилган юк хатининг аслини ёки юк хатининг асли ва тижорат далолатномасини тузиш рад этилгани устидан Юк ташиш қоидаларида белгиланган тартибда шикоят қилинганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганда;
в) юкни етказиб бериш кечиктирилганда — юкни олувчи юк хатининг аслини тақдим этганда;
г) багаж йўқолганда — багаж эгаси багаж квитанциясининг аслини тақдим этганда; багаж кам чиққан, бузилган, шикастланган ёки кечиктириб етказилганда — темир йўл транспорти берган тегишли далолатномани тақдим этганда;
д) темир йўл тарифи, жарима ёки йиғим нотўғри ундирилганда — юк жўнатувчи ёки юкни олувчи тегишли ҳолларда юк хати, вагонларни узатиш ва қайтариб олиш ведомости, қўшимча йиғимлар учун жамғарма карточкаси, умумий шаклдаги далолатнома ва тўловни тасдиқловчи ҳужжатларнинг аслини тақдим этганда;
е) хусусий вагон шикастланган ёки йўқолганда — вагон эгаси юк хатининг аслини (уни тақдим этиш имкони бўлмаса, вагонни ташишга қабул қилиш квитанцияси ёки жўнатиш станцияси бошлиғининг маълумотномаси), вагоннинг техник паспорти, шикастланиш далолатномаси ва зарар ҳисоб-китобини тақдим этганда. Бундай талабнома вагон шикастланган ёки йўқолган пайтдан 12 ой ичида тақдим этилади.
148. Юк, йўловчи ва багаж ташишдан келиб чиқадиган талабномалар темир йўл транспорти раҳбарига тақдим этилади.
Тўғри аралаш қатновда юк ташишдан келиб чиқадиган талабномалар:
а) ташишнинг якуний пункти темир йўл станцияси бўлса — темир йўл транспортига;
б) бошқа ҳолларда — тегишли бошқа транспорт тури корхонасига тақдим этилади.
Юк жўнатувчи ва юкни олувчининг жарималар бўйича талабномалари темир йўл транспорти раҳбарига тақдим этилади.
Темир йўл транспорти раҳбари бундай талабномаларни кўриб чиқишни ҳудудий ва бошқа таркибий бўлинмаларга юклаши мумкин.
149. Ҳар бир юк хати бўйича суммаси энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан кам бўлган талабномаларни юк жўнатувчи, юкни олувчи ёки темир йўл транспорти тақдим этишига йўл қўйилмайди. Бундан жисмоний шахсларнинг темир йўл транспортида ташилган уй-рўзғор буюмлари кам чиққан, йўқолган, бузилган ёки шикастланган ҳолатлардаги талабномалари мустасно.
150. Талабнома ва даъво тақдим этиш ҳуқуқини бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга беришга йўл қўйилмайди. Бундан юк жўнатувчининг бу ҳуқуқни юкни олувчига, юкни олувчининг юк жўнатувчига, шунингдек, уларнинг юқори турувчи таркибий бўлинмага бериши мустасно.
Талабнома ва даъво тақдим этиш ҳуқуқи тегишли ташиш ҳужжатидаги ҳуқуқни ўтказиш ёзуви билан тасдиқланади.
151. Талабнома аризасига талабни тасдиқловчи ҳужжатлар (мазкур Уставнинг 147-банди) илова қилиниши керак.
Юк йўқолган, кам чиққан, бузилган ёки шикастлангани бўйича талабномага талабнома бериш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, жўнатилган юк миқдори ва қийматини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади.
152. Темир йўл транспортига талабномалар 6 ой ичида, жарима тўлаш бўйича талабномалар эса 45 кун ичида тақдим этилиши мумкин.
Мазкур муддатлар қуйидагича ҳисобланади:
а) юк ёки багаж бузилгани, шикастлангани ёки кам чиққанини қоплаш бўйича — юк ёки багаж берилган кундан;
б) юк йўқолганини қоплаш бўйича — етказиб бериш муддати тугаганидан 30 сутка ўтгач;
в) багаж йўқолганини қоплаш бўйича — багажни етказиб бериш муддати тугаганидан 10 сутка ўтгач;
г) юк ёки багажни етказиб бериш кечиктирилгани бўйича — юк ёки багаж берилган кундан;
д) ташиш режасини бажармаганлик учун жаримани ундириш бўйича — жарима тўлаш учун белгиланган 5 кунлик муддат тугагач;
е) вагонлар бекор туриши, контейнерлар ушлаб қолиниши ва аксепсиз тартибда ундирилган бошқа жарималарни қайтариш бўйича — аризачи темир йўл транспортининг жарима ҳисоблангани ҳақидаги тўлов талаби (ҳисобварағи) нусхасини олган кундан;
ж) бошқа барча ҳолларда — талабнома тақдим этишга асос бўлган воқеа юз берган кундан.
153. Темир йўл транспорти талабномани кўриб чиқиши ва уни қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида аризачига қуйидаги муддатларда хабар бериши шарт:
а) темир йўл қатновидаги ташишлар бўйича — 3 ой ичида;
б) жарима тўлаш бўйича — 45 кун ичида.
154. Темир йўл транспорти талабномани кўриб чиқиш натижасини аризачига маълум қилиши шарт.
Талабнома қисман қаноатлантирилса ёки рад этилса, хабарномада қарор асоси мазкур Уставнинг тегишли бандларига ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади. Бундай ҳолларда талабнома билан тақдим этилган ҳужжатларнинг асли аризачига қайтарилади.
Юк тайинланган станцияга келмагани ҳақидаги талабнома кўриб чиқилаётганда юк юк жўнатувчи ёки дастлабки юкни олувчининг аризасига кўра бошқа манзилга йўналтирилгани ёки бошқа юкни олувчига берилгани аниқланса, темир йўл транспорти талабномани аризачига қайтаради. Бунда юк берилган жой ва вақт, уни олган шахс, шунингдек, қайта йўналтириш ёки бериш ким томонидан амалга оширилгани кўрсатилади. Бу маълумотлар амалдаги юкни олувчи ёки қайта йўналтириш (бериш) ҳақида ариза берган юк жўнатувчи билан бевосита ҳисоб-китоб қилиш учун берилади.
155. Мазкур Уставдан келиб чиқадиган темир йўл транспортига нисбатан даъволар фақат талабнома тўлиқ ёки қисман рад этилганда ёхуд мазкур Уставнинг 153-бандида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда тақдим этилиши мумкин.
Бундай даъволар белгиланган судловга тегишлилик бўйича талабнома берилган темир йўл транспорти ижро органи жойлашган жойдаги иқтисодий судга, темир йўл транспорти жавоби олинган кундан ёки жавоб бериш муддати тугаган кундан бошлаб 2 ой ичида тақдим этилади.
156. Темир йўл транспортининг мазкур Уставдан келиб чиқадиган юк жўнатувчи, юкни олувчи ва йўловчиларга нисбатан даъволари белгиланган судловга тегишлилик бўйича иқтисодий судга 6 ой ичида тақдим этилиши мумкин.
Мазкур 6 ойлик муддат қуйидагича ҳисобланади:
а) ташиш режасини бажармаганлик учун жаримани ундириш бўйича — жарима тўлаш учун белгиланган 5 кунлик муддат тугагач;
б) бошқа барча ҳолларда — даъво тақдим этишга асос бўлган воқеа юз берган кундан.