Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ПАХТА ТОЛАСИНИ РЕСПУБЛИКАНИНГ ИЧКИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА СОТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пахта толасининг юқори ликвидли ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек сифатли, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида:
1. Белгилансинки, пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдолари орқали миллий валютада, «Давлат белгиси» ДИЧБ, «Ўзпахтасаноат» АЖ ва Ўзбекистон кўрлар жамияти корхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасаларига технологик эҳтиёж ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари доирасида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилинади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги ПФ-5447-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 5-бандида назарда тутилган, «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) шартнома тузиш пайтида таркиб топган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғи нулинчи ставка бўйича қўшиб ҳисобланган ҳолда) сотиб олишга рухсат бериш бўйича имтиёзлар муддати 2011 йилнинг 1 январигача узайтирилсин, бунда ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин.
3. Белгилансинки, республиканинг:
умумий реализация ҳажмида 80 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тайёр тўқимачилик маҳсулотини;
умумий реализация ҳажмида 60 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини (калава ип, газлама, трикотаж полотно) эркин муомаладаги валютага сотувчи тўқимачилик саноати корхоналари мол-мулк солиғи тўлашдан 2016 йилнинг 1 январигача бўлган даврга озод қилинади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 690-модда)
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 21 ноябрь,
ПҚ-733-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 46-47-сон, 467-модда; 2013 й., 52-сон, 690-модда; 2016 й., 46-сон, 527-модда, 47-сон, 537-модда, 51-сон, 584-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2017 й., 06/17/5197/0045-сон, 20.02.2018 й., 06/18/5348/0789-сон, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон)