Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА (ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ «ИМКОНИЯТЛАРИ ЧЕКЛАНГАН ШАХСЛАР УЧУН ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА» 2007 ЙИЛ 17 МАЙДАГИ 100-СОН ҚАРОРИ)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 июлдаги 200-сонли «Ўзбекистон Республикасида Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари фаолияти тўғрисида» 2007 йил 17 майдаги 100-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 7 июль,
139-сон
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 204-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1998 й., 5-сон, 18-модда) билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги Низомда:
а) 1.3-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган коллежлар фаолияти хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи тўғрисидаги Низом билан белгиланади»;
б) 3.5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Имкониятлари чекланган шахслар учун ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими ўқув дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 июлдаги 342-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги Низомнинг 3-бандига қуйидаги мазмундаги иккинчи хат боши қўшилсин:
«Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежига ўқувчилар қабул қилиш уларнинг ўқиш йўналишларини ихтиёрий танлаши ҳисобга олинган ҳолда умумий ўрта таълим негизида, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий бош бошқармаларининг, туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлимларининг йўлланмалари бўйича, шунингдек имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослар ва касб-ҳунарлар рўйхатига мувофиқ тиббий тавсияномаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 27-28-сон, 288-модда; 2010 й., 44-45-сон, 383-модда; 2012 й., 28-сон, 315-модда)