Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЁШ ОИЛАЛАРНИ МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун, «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурига мувофиқ ва ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, меҳнат фаолиятини бошлаш ва мустақил ҳаётга кириб келишида уларга зарур ёрдам кўрсатиш, барқарор даромад манбаларини шакллантириш механизмлари ва амалий рағбатлантириш омилларини яратиш ҳамда уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида:
(Кириш қисми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги ПФ-4962-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 8-сон, 107-модда)
1. Қуйидагилар жойлардаги давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маҳалла» жамғармаси, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг энг муҳим вазифаси ҳисоблансин:
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
республикамизнинг ҳар бир ҳудудида янги иш ўринлари очиш, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорликка фаол жалб қилиш, ёш оилаларга ўз ишини ташкил этиш учун микрокредитлар ажратиш, касаначиликни ривожлантириш, уларга имтиёзли равишда қорамоллар сотиш асосида меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва ёш оилаларнинг барқарор даромад манбаларини шакллантириш учун зарур шароит яратиш;
ёш оилаларга ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш йўли билан уй-жой сотиб олиш ёки қуриш, уй хўжалигини йўлга қўйишда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
ёш оилаларни маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёшларда ўзи қурган янги оила учун ғурур ва масъулият ҳиссини, ота-онага, кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром, меҳнат қилиш ва халқимизнинг боқий маънавий қадриятлари руҳида бола тарбиялашга интилиш туйғуларини шакллантириш;
кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга, шу жумладан никоҳдан ўтиш ва тўй маросимларини ўтказишда қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш.
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
2. Тижорат банклари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг тижорат банклари томонидан имтиёзли шартлар асосида ёш оилаларга ипотека, истеъмол кредитлари ва микрокредитлар шаклида қуйидаги мақсадлар учун 2007 йилда 50,0 миллиард сўм ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил қилиш;
уй-жой қуриш, таъмирлаш ва сотиб олиш (ижарага олиш);
уй-хўжалигини йўлга қўйиш;
мебель ва бошқа узоқ муддат фойдаланиладиган ҳаётий зарур товарлар сотиб олиш.
Тижорат банклари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига ёш оилаларга кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун 2007 йилга мўлжалланган ҳажмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча кредит маблағларини излаб топиш ва ажратиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган таклифларни ҳар йили Вазирлар Маҳкамасига киритиш тавсия этилсин.
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)
3. Белгилаб қўйилсинки, қонунчиликка мувофиқ, ёш оила тоифасига турмуш қурганларнинг ёши 30 ёшдан ошмаган, ёки болаларни (болани) 30 ёшдан ошмаган ота-онадан бири, шу жумладан, турмушидан ажрашган эркак (аёл), бева (бева аёл) кишилар тарбиялаётган оилалар киритилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги ПФ-4962-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 8-сон, 107-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ-6011-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 06/20/6011/0780-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПФ-6011-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 06/20/6011/0780-сон)
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур Фармонда кўзда тутилган солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Давлат мулки қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда:
2007 йил 1 сентябргача давлат тасарруфида бўлган вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уйлар ва кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналарни улардаги маиший шароитларнинг ёш оилалар яшаши учун мос келиши нуқтаи-назаридан инвентаризация қилсин;
2007-2008 йиллар давомида Нукус шаҳрида, ҳар бир вилоят маркази ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уй-жойлар ва кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналар негизида оилавий ётоқхоналар ва ёш оилалар учун имтиёзли нархларда ижарага бериладиган квартиралар ташкил этсин.
Белгилаб қўйилсинки, мазкур бандга мувофиқ ёш оилаларга бериладиган уй-жойни таъмирлашни молиялаш ҳамда уни зарур санитария-маиший асбоблар билан жиҳозлаш тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми кўрсаткичларининг ошириб бажарилган суммаси ҳамда «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида жалб қилинаётган ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уйлар ва кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналарни ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 18 май,
ПФ-3878-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 19-20-сон, 192-модда; 2017 й., 8-сон, 107-модда, 37-сон, 982-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2017 й., 06/17/5194/0032-сон; 19.06.2020 й., 06/20/6011/0780-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон; 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)