Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА ТЕМИР ЙЎЛ ЙЎЛЛАРИНИ ЎЗ ВАҚТИДА МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ВА КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Илғор хорижий технологиялардан фойдаланган ҳолда темир йўл йўлларини ўз вақтида модернизация қилиш ва капитал таъмирлашни таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
«Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси томонидан транспорт темир йўл коммуникацияларини модернизация қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича, 2015 йилгача, ҳар йили, 280 км темир йўл йўлларини, энг мураккаб участкаларда юқори иқтисодий самарадорликка ва фойдаланиш муддати анча узоққа етадиган замонавий эластик маҳкамланадиган шпаллардан фойдаланишни назарда тутадиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган;
мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) кредити жалб этилган, унинг доирасида республикада «Flекs International Manufactured & Тгаding LTD» халқаро компанияси томонидан бериладиган бутловчи қисмлар ва лицензиялашган технологияларидан фойдаланган ҳолда эластик маҳкамланадиган шпалларни биргаликда ишлаб чиқариш ташкил этилган;
2006 йилда якунланган ОТБ лойиҳасига мувофиқ, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси божхона тўловлари тўлашдан озод этилган ҳолда 500 мингдан ортиқ шпаллар харид қилди. Бунда тайёр шпаллар «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясига божхона қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган божхона омборидан уларни ишлаб чиқариш лицензиясига эга бўлган «Flекs International Manufactured & Тгаding LTD» компанияси томонидан етказиб берилган.
2. ОТБ лойиҳаси якунлангани ҳамда эластик маҳкамланадиган шпаллардан фойдаланишнинг бундан буён ҳам мақсадга мувофиқлиги муносабати билан «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган «Flекs» компанияси божхона омборидан етказиб бериладиган 750 минг дона темир йўл эластик маҳкамланадиган шпаллар 2010 йилнинг 1 январигача мустасно тариқасида, божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.М. Ханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 7 март,
ПҚ-598-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 12-сон, 106-модда)