Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотини эшитиб, 2025 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, 2025 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Олий Мажлис палаталари қўмиталари бошчилигида ишчи гуруҳлар тузилиб, барча ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Ўрганиш ва таҳлиллар натижалари Миллий кенгашнинг 8 та ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари) ҳамда 2 та вазирликда (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги) ўтказилган сайёр мажлисларида танқидий муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда «йўл хариталари» тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашишга оид 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
«Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси ташкил этилиб, вазирлик ва идораларнинг 43 835 нафар ходими, 3 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари ҳамда 220 мингга яқин олий таълим муассасалари талабалари коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 800 та етказилиб, 500 дан ортиқ хизматлар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши йўлга қўйилди, 21 та проактив ҳамда 70 та композит шаклдаги хизматлар жорий этилди.
Давлат харидлари соҳасида 667 млрд сўмлик 189 та ҳолатда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 117 та тақдимнома, 109 та сўровнома юборилган.
Давлат органлари ва ташкилотларида 196 та коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси фаолияти қайта ташкил этилиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик механизмлари кучайтирилди.
«Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизимида «Биг Дата» технологиялари асосида катта ҳажмдаги маълумотларнинг хавф (риск) таҳлилини амалга ошириш тизими яратилиб, 75 та вазирлик ва идоранинг 259 та маълумот базаси интеграция қилинди.
Ўтказилган масофавий таҳлиллар натижасида 6,2 трлн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар бартараф этилди, шундан 929 млрд сўмлик 318 та ҳолатнинг олди олинди.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини коррупцияга қарши курашиш жараёнларига фаол равишда жалб қилиш мақсадида 34 та амалий машғулот ва семинар тренинглар ўтказилиб, 840 нафар иштирокчи қамраб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан жами 3,4 млрд сўмлик (2024 йилда 2,3 млрд) грантлар ажратилган.
Грантлар бўйича жами 45 та лойиҳа (2024 йилда 30 та) амалга оширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошган.
Шу билан бирга, соҳада қатор тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан, 2025 йилда республика бўйича судлар томонидан 7 517 нафар шахс 4 768 та коррупцияга оид жиноят иши бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Содир этилган коррупциявий жиноятлар таҳлилига кўра энг кўп ҳолатлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (4 191 та), мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик ва пора беришга далолатчилик қилиш (1 587 та), фирибгарлик (689 та), пора олиш ва пора бериш (451 та), мансаб сохтакорлиги (187 та) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (186 та) ҳисобига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида аксарият жиноятлар Андижон (946), Тошкент (793), Қашқадарё (745) ва Самарқанд (709) вилоятларига, соҳалар кесимида эса мактабгача ва мактаб таълими (357), соғлиқни сақлаш (276), маҳаллий ҳокимликлар (270), тижорат банклари (157) ва олий таълим (113) ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, 2 233 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 560 тасида ёки 25 фоизида 1 490 та коррупциявий омил аниқланган.
Энг кўп такрорланаётган коррупциявий омиллар маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги (37 фоиз), дискрецион ваколатларнинг кенглиги (10 фоиз), норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қарама-қаршиликларнинг мавжудлиги (8 фоиз) ва бошқа коррупциявий омиллар (45 фоиз) ҳисобланади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг 2025 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолиятини баҳолаш (100 баллик тизим асосида) натижаларига кўра энг паст натижаларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (38 балл), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги (49 балл), Рақамли технологиялар вазирлиги (49 балл), Маданият вазирлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (50 балл) қайд этган.
Вазирлик ва идоралар томонидан 530 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш белгиланган бўлса-да, шундан 340 та (64 фоизи) норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган.
Вазирлик ва идоралар томонидан ўзларига ажратилган бюджет ва жамғармалар маблағларидан 546 млрд сўми мақсадсиз сарфланган.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан хавф-таҳлиллар асосида амалга оширилган аудит тадбирларида жами 12,6 трлн сўмлик қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, шартномаларни асоссиз равишда тўғридан-тўғри тузиш, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиш, шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказмаслик, харид қилиш тартиб-таомилларининг бузилиши ва бошқа камчиликларга йўл қўйилган.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра баҳолашдан ўтказилган 128 та давлат ташкилотидан 10 тасининг фаолияти «қониқарсиз» (55 баллдан паст) баҳоланган.
Жумладан, «Ўзсувқурилиш» АЖ (9 балл), «Тошкент инвест компанияси» АЖ (15 балл), «Ўзбекекспертиза» АЖ (21 балл), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (28 балл), «Кўприкқурилиш» АЖ (28 балл), Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги (30 балл), «ЎзАссец инвестиция компанияси» АЖ (38 балл) фаолияти қониқарсиз баҳоланган.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини баҳолаш тизими (очиқлик индекси) натижасига кўра 2025 йил якуни бўйича баҳолашдан ўтказилган 97 та давлат органи ва ташкилотларидан 13 тасининг фаолияти «қизил» (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичини қайд этган.
Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (45 балл), Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (48 балл) ва Судьялар олий кенгаши (48 балл), ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳар (40 балл), Андижон (43 балл) ва Тошкент вилояти (47 балл) ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, «қизил» тоифада баҳоланган.
2023-2024 йилларда ва 2025 йилда Очиқлик индекси натижалари таҳлили шуни кўрсатадики, Андижон вилояти ҳокимлиги уч йил давомида кетма-кет паст натижани қайд этган.
Бу эса мазкур ҳудудда очиқлик бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар кутилган самарани бермаётганини ҳамда коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолиятни янада кучайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон Республикасининг «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуни 82-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуни 252-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. Бурхановнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги икки ой муддатда:
коррупцияга оид жиноятлар сони юқори бўлган соҳалар ва ҳудудлар кесимида уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда коррупциявий хавфларни комплекс таҳлил қилиб, ҳар бир соҳа бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминласин;
ички назорат тузилмалари фаолияти самарасиз деб топилган ташкилотлар раҳбарлари ҳамда комплаенс хизмати раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан текширувлар ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин;
комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари ҳамда ходимларини уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги, касбий билим ва кўникмалари, коррупцияга қарши курашиш ҳамда комплаенс-назорат соҳасидаги билимлари ва амалий салоҳиятини йил якунига қадар баҳолаб, келгусидаги фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
Очиқлик индексида «қизил» тоифага тушган давлат органлари ва ҳудудлар бўйича алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда уларнинг ижроси юзасидан маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига киритсин;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижасига кўра «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича давлат органлари фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб борсин;
икки ой муддатда коррупциявий омиллар энг кўп учраётган соҳалар бўйича намунавий ҳуқуқий ечимлар ишлаб чиқсин ҳамда давлат органларига методик ёрдам кўрсатсин;
уч ой муддатда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича масъул мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлашга қаратилган таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси:
уч ой муддатда давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви, харидларни сунъий равишда бўлиш, тўғридан-тўғри шартнома тузиш тартибини бузиш ва бошқа қонунбузилишларга энг кўп йўл қўяётган коррупциявий хавф даражаси юқори буюртмачилар рўйхатини шакллантирсин;
келгуси назорат тадбирларини режалаштиришда ушбу ташкилотларнинг давлат харидлари соҳасидаги фаолиятининг аудит тадбирлари биринчи навбатда белгиланишини таъминласин;
давлат харидлари соҳасида такроран қонун бузилишига йўл қўйган давлат буюртмачилари раҳбарлари ва харид комиссиялари фаолиятини танқидий ўрганиб, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
давлат харидлари соҳасида сунъий интеллект технологиялари асосида автоматик риск-индикаторлар қамровини кенгайтирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги доимий равишда:
коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланиши устидан назорат ўрнатсин;
коррупциявий жиноятлардан олинган даромадларни аниқлаш ва қайтариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўрсин;
коррупцияга оид жиноятлар тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, улар юзасидан тезкор ва қонуний қарорлар қабул қилиш ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича таъсирчан чораларни таъминласин.
6. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, «Алоқабанк» АТБ, Судьялар олий кенгаши, Сирдарё, Тошкент ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини баҳолаш натижасида аниқланган камчиликларни ҳар бир баҳолаш мезони кесимида таҳлил қилиб, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ мақсадли кўрсаткичлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини назарда тутувчи манзилли «йўл хариталари»ни тасдиқласин;
доимий равишда аҳоли учун мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни тўлиқ, ўз вақтида ва очиқ маълумотлар форматида расмий веб-сайтлар ҳамда Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда очиқлик соҳасида қонунчилик талабларининг бажарилиши юзасидан ички мониторинг ва идоравий назорат тизимини йўлга қўйсин, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда уларга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг масъулиятини кўриб чиқсин;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини баҳолашда 2026 йил якуни бўйича «қизил» тоифадан чиқиш чора-тадбирларини амалга оширсин;
амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ахборот тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:
бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда аниқланган камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида маъмурий тартиб-таомилларнинг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, дискрецион ваколатларни қисқартириш, манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳамда турлича талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
ҳуқуқий хизматлар, коррупцияга қарши ички назорат ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун масъул ходимларнинг коррупцияга қарши экспертиза соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб борсин;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мунтазам таҳлил қилиб, амалиётда коррупциявий хавфларни келтириб чиқараётган нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига таклифлар киритиб борсин.
8. «Ўзсувқурилиш» АЖ, «Тошкент инвест компанияси» АЖ, «Ўзбекекспертиза» АЖ, «УзАссец инвестиция компанияси» АЖ, «Кўприкқурилиш» АЖ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги, Фарғона вилоят ҳокимлиги ва Тошкент вилоят ҳокимлиги ўз тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган лойиҳаларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грантлар ажратиш ва ижтимоий буюртмалар бериш амалиётини йўлга қўйсин.
9. Масъул вазирлик ва идоралар мазкур Қарор ижроси юзасидан белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритсин.
10. Ушбу Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А. Эшмуратов зиммасига юклансин.
11. Мазкур Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2026 йил 8 август,
СҚ-341-V-сон