Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сербия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2025 йил 4 ноябрда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4606-RS-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сербия Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар),
ўз давлатлари ва халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни тасдиқлаб,
ўзаро манфаатли соҳаларда тенглик, ўзаро фойда ва ўзаролик тамойиллари асосида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
савдо ҳажмининг ортиши натижасида юзага келадиган ўзаро фойдаларни ҳамда савдо, иқтисодий алоқалар ва яқин ҳамкорлик муносабатлари орқали икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини инобатга олиб, ва
ўз давлатларининг халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчиликлари доирасида ва халқаро мажбуриятларини эътиборга олган ҳолда, ўзаро манфаат ва фойда келтирадиган барча соҳаларда иқтисодий ҳамкорликни энг кенг кўламда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун барча имкониятларини сафарбар этадилар.
2. Мазкур Битим доирасида амалга ошириладиган ҳамкорлик қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
- икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқариш;
- савдо айланмасини ошириш, шунингдек, инвестициялар, инновациялар ва иқтисодий тадбирларни ташкил этиш соҳаларида икки томонлама иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш;
- транспорт инфратузилмасини ривожлантириш; ва
- ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш.
2-модда
- Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун, хусусан қуйидагилар орқали қулай шарт-шароитлар яратишга интиладилар:
- Аҳдлашувчи Томонлар давлатларида жойлашган бизнес субъектлари ўртасида, шу жумладан, енгил саноат, кимё саноати, фармацевтика саноати, тиббиёт ва рақамли соғлиқни сақлаш, энергетика, қора ва рангли металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари (IT) сектори ва стартаплар ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш;
- бизнес ва иқтисодий ахборот алмашинувини, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ваколатли органлар ўртасидаги алоқаларни осонлаштириш ва қўллаб-қувватлаш;
- ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш;
- сертификатлаштириш ва стандартлаштириш соҳасида ўзаро асосий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- ярмаркалар, кўргазмалар, симпозиумлар ва шунга ўхшаш тадбирларни ташкил этишда бир-бирларига кўмаклашиш;
- кичик ва ўрта корхоналарнинг икки томонлама иқтисодий алоқаларда иштирокини рағбатлантириш;
- товарлар ва хизматлар савдосини, шунингдек, саноат, инфратузилма, телекоммуникация, транспорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш; ва
- туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш.
3-модда
Тарифлар ва савдо бўйича Бош битим (GATT)га мувофиқ, Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига энг қулай режимни тақдим этадилар.
4-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Серб Қўшма комиссиясини (кейинги ўринларда «Қўшма комиссия» деб аталувчи) таъсис этадилар.
2. Қўшма комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
- мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни мониторинг қилиш;
- Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик соҳаларини аниқлаш ва бу борада тавсиялар ишлаб чиқиш;
- ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- икки мамлакат бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
- қонунчилик ва иқтисодий дастурлар тўғрисида, шу жумладан, ўзаро манфаатли ахборот алмашиш;
- транспорт ва транзит соҳасида мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш, халқаро транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш;
- Аҳдлашувчи Томонларнинг ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш;
- икки томонлама савдо ва иқтисодий ҳамкорликка тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чораларни таклиф этиш;
- мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш ёки талқин этиш билан боғлиқ баҳсли масалаларни муҳокама қилиш.
5-модда
Қўшма комиссия Аҳдлашувчи Томонлар вакилларидан иборат бўлади, зарур ҳолларда, бизнес доиралари вакиллари ҳам унинг ишида иштирок этишга таклиф қилиниши мумкин.
6-модда
1. Қўшма комиссия йилида бир марта ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сўровига кўра, зарур ҳолларда, навбатма-навбат Ўзбекистон Республикаси ва Сербия Республикасида йиғилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ташаббусига кўра, Қўшма комиссиянинг фавқулодда йиғилиши ёки ҳамраислари учрашуви ташкиллаштирилиши мумкин.
3. Қўшма комиссия йиғилишининг санаси ва кун тартиби Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.
4. Қабул қилувчи Аҳдлашувчи Томон Қўшма комиссия йиғилиши бўйича йиғилиш якунида ҳар икки делегация раҳбарлари тарафидан имзоланадиган баённома тайёрлайди.
7-модда
Мазкур Битим қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг давлатлари иштирок этадиган бошқа халқаро шартномалар доирасида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмаган ҳолда қўлланилади.
8-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш ёки талқин этиш билан боғлиқ юзага келадиган ҳар қандай низолар ва масалалар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
9-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки соғлиқни сақлаш сабаблари билан мазкур Битимнинг амал қилишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай чорани жорий этилишидан камида 72 соат олдин дипломатик каналлар орқали Битимнинг тўхтатиб турилиши ҳақида хабардор қилинади.
10-модда
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички ҳуқуқий тартиб-таомиллар бажарилгани тўғрисидаги сўнгги ёзма билдиришнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан сўнг 30 (ўттизинчи) кунда кучга киради.
2. Мазкур Битим 5 (беш) йил муддатга тузилади ва башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битимни тугатиш нияти ҳақида навбатдаги муддат тугашидан 6 (олти) ой олдин ёзма равишда бошқа Томонни хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан навбатдаги бир хил муддатларга узаяверади.
3. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги асосида мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва ушбу Битим қоидаларига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан ўзгартирилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида, 2025 йил 28 октябрда, икки асл нусхада, ўзбек, серб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)