Фармонга кўра, қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
соҳага замонавий бошқарув моделини жорий этиш, такрорланувчи ваколатларни мақбуллаштириш, миллий киноиндустрияни босқичма-босқич иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантириш;
“O‘zbekfilm” миллий кино брендини яратиш ва оммалаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш, муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш ва бошқалар.
Маданият вазирлиги муассислигида “O‘zbekfilm” миллий кинокомпанияси (Миллий кинокомпания) ташкил этилади.
Маданият вазирлигининг “Қорақалпоқфильм” давлат муассасаси негизида Миллий кинокомпания ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида “Қорақалпоқфильм” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилади.
Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва бир гуруҳ киноижодкорларнинг Киношунослар клуби ташкил этилади.
Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси олий органларининг мазкур уюшмаларни қўшиб юбориш йўли билан Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади.
Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси ташкил этилади.
Фармонга кўра, Маданият вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Кино санъати департаменти ташкил этилади.
Миллий юксалиш ғоясига хизмат қилувчи, бой тарихимиз ва замонавий ютуқларимизни дунё экранларига олиб чиқишга қаратилган алоҳида аҳамиятга эга фильмларга Миллий кинокомпания таклифи асосида Маданият вазирлиги томонидан “Умуммиллий кинолойиҳа” мақоми берилади.
2028 йил 1 январга қадар Киночипталарнинг ягона ахборот тизими ҳамда “O‘zbekfilm” миллий онлайн киноплатформаси (Киноплатформа) ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.
2028 йил 1 январдан:
давлат маблағлари ҳисобидан яратилган барча фильмлар ҳамда давлат архивларидаги кино мероси объектлари бепул асосда Киноплатформа базаси учун рақамли форматда мажбурий равишда тақдим этиб борилади;
хусусий киностудиялар ва муаллифларнинг фильмлари Киноплатформага шартнома асосида жойлаштириб борилади;
мамлакатдаги барча кинотеатрлар ва бошқа кино намойиш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар Киночипталарнинг ягона ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилиниб, ҳар бир сеанс, сотилган чипта ва тушумлар бўйича реал вақт режимида автоматлаштирилган маълумот алмашинуви йўлга қўйилади.