ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 06.11.2026 йилдаги ПФ-240-сон

Фармонга кўра, қуйидагилар волонтёрлик фаолиятини янада оммалаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
 
аҳоли, айниқса, ёшларда ижтимоий масъулият, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва раҳм-шафқат туйғуларини кенг шакллантириш;
 
ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга беғараз ёрдам кўрсатиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хайрия тадбирларини амалга ошириш ва бошқалар.
 
“Эзгулик сари қадам” шиори остида волонтёрлик фаолиятини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, волонтёрлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида:
 
волонтёрлар иштирокида ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялар ўтказилишини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, волонтёрлар моддий ва маънавий рағбатлантирилади;
 
“Фидойи волонтёр” кўкрак нишони таъсис этилади;
 
5 декабрь – Халқаро кўнгиллилар куни кенг нишонланади;
 
халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари иштирокида Осиё волонтёрлари форуми ўтказиб борилади.

Фармонга кўра, 2027 йилдан бошлаб аҳоли, айниқса ёшлар ва давлат хизматчиларининг волонтёрлик фаолияти бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида:
 
волонтёрлик қилиш истагидаги ёшлар иштирокида “Service Learning” (ижтимоий хизмат асосидаги таълим) дастури асосида қисқа муддатли ўқувлар ташкил этиш орқали уларнинг волонтёрлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади;
 
давлат олий таълим ташкилотлари талабалари ва техникум ўқувчилари учун “Касбий волонтёрлик” дастури амалга оширилади. Бунда:
 
давлат органлари ва ташкилотлари олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда техникум ўқувчиларига таълимдан ташқари вақтларда волонтёрлар гуруҳи таркибида волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди;
 
талабалар таълим олаётган ихтисослигига мос волонтёрлик дастурида ўз хоҳишига кўра иштирок этади.
 
2027 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари лавозимига ишга қабул қилишда номзодларнинг малака талаблари бўйича кўрсаткичлари тенг бўлган ҳолларда волонтёрлик фаолияти билан шуғулланган номзодларга устунлик берилади.