Қарорга кўра, деградацияга учраган яйлов ерлари майдони 2026 йил якунига қадар 10 фоизга, 2027 йил якунига қадар камида 20 фоизга қисқартирилади.
Асосий ўзгаришлар:
2026 йил 1 октябрдан ҳисобланган яйлов ерларидан фойдаланиш учун ижара тўловлари ҳудудий яйлов хўжаликларига тўлиғича ўтказилади;
2027 йил 1 январдан бошлаб бир бош йирик шохли ва бир бош майда шохли мол учун тўғри келадиган майдон меъёрлари геоботаник таҳлил асосида Чорвачилик агентлиги томонидан тасдиқланади (ҳудудлар кесимида беш гектардан ошмаган миқдорда);
яйлов ерлари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилади: “яшил” ҳудудларда ўтлатишга рухсат берилади, “сариқ” ҳудудларда мажбурий тартибда алмашлаб ўтлатиш жорий этилади, “қизил” ҳудудларда чорва молларини ўтлатишга камида 3 йил муддатга мораторий эълон қилинади;
2028 йил 1 январдан бошлаб яйловларни суғурталаш тизими жорий қилинади: суғурта мукофотининг 50 фоизи яйловдан фойдаланувчилар томонидан, қолган 50 фоизи Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси томонидан республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади;
жамоат яйловлари ташкил этилади: улар халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорига асосан ҳудудий яйлов хўжаликлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига 49 йил муддатга бепул ижарага берилади; ижарага берилган яйлов ер майдонларига солиқ солишнинг ноль ставкаси қўлланади;
Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Ғузор туманларидаги барча мавжуд яйловларда сунъий йўлдош кузатув тизими 2027 йил 1 мартга қадар тажриба тариқасида жорий қилинади;
Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан 2026–2028 йилларда 4 100 гектар уруғчилик майдонлари ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланади.