Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш;
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига эришилишини мониторинг қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.
Рақамли платформада “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши ҳолати қуйидаги тоифаларга ажратилади:
“яшил” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига ўз вақтида ва тўлиқ эришилган;
“сариқ” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига эришишда кечикишлар мавжуд, бироқ уларни бартараф этиш имкони бор;
“қизил” – самарадорлик кўрсаткичига эришишда жиддий кечикишлар мавжуд ёки уларга умуман эришилмаган.
Бунда:
“яшил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар рағбатлантирилади;
“сариқ” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига эришишда мавжуд кечикишлар сабаблари таҳлил қилинади ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли идорага зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатмалар берилади;
“қизил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида танқидий кўриб чиқилади.