ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 18.12.2025 йилдаги ПФ-252-сон

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Ҳисоб палатаси фаолияти ҳар 5 йилда камида 1 маротаба ташқи баҳолашдан ўтказилади.

Ҳисоб палатаси фаолияти қуйидаги шартларда ташқи баҳолашдан ўтказилади:

органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI) ва бошқа халқаро даражада тан олинган ташкилотлар методологиялари асосида;

келишув доирасида халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг олий аудит органлари томонидан;

мустақил баҳолаш жараёнини ташкил этиш, фаолияти бўйича барча маълумотларни тақдим этиш, натижаларини жамоатчилик учун эълон қилиш.

Ҳисоб палатасига қуйидаги аудитларни ўтказишни йўлга қўйишга рухсат этилади, жумладан:

халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари мурожаатлари ва техник топшириқлари асосида уларнинг маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг молиявий аудити;

халқаро ташкилотларнинг танловларида иштирок этиш ёки ўзаро келишувлар орқали уларнинг фаолияти, лойиҳалари ва дастурлари аудити.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришдан бошлаб, лойиҳаларни фойдаланишга топширишга қадар барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Бунда:

ривожлантириш дастурлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Kapital qo‘yilmalar” автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон шакллантирилади;

Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш “Шаффоф қурилиш” платформасида амалга оширилади;

буюртмачи ва пудратчилар ўртасида бажарилган ишлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни келишиш “Шаффоф қурилиш” платформасида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида “Kapital qo‘yilmalar” автоматлаштирилган ахборот тизимида амалга оширилади.

2026 йил 1 июлдан автомобиль йўллари қурилиш жараёнлари доирасида космик тасвирлар ва дронлар ёрдамида қурилиш ҳамда молиялаштириш ҳажмларини солиштириш асосида мониторинг қилинади.

2026/2027 ўқув йилидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таълим йўналиши шаклида Давлат аудити олий мактаби ташкил этилади.