Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга кўра:
идоралараро коллегиал органлар республикада шаклига кўра доимий фаолият юритувчи ва вақтинча фаолият юритувчи идоралараро коллегиал органлар сифатида ташкил этилади;
идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда уларнинг фаолиятини ташкил этиш ва қарорлар ижросини назорат қилиш бўйича ишчи орган белгиланади;
вақтинча фаолият юритувчи идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда уларнинг фаолият муддати, амалга ошириладиган тадбирлар механизми аниқ кўрсатилади, муддат якунланганидан сўнг тегишли идоралараро коллегиал орган тугатилган ҳисобланади ва бу бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди;
ишчи орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, идоралараро коллегиал органларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан уларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чораларини кўради;
2) Адлия вазирлиги 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб республика даражасида фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органларнинг реестри “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими орқали юритилишини йўлга қўйиши ва мазкур реестрни доимий янгилаб боради ҳамда унинг назоратини таъминлаши белгиланди;
3) Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларидан ташқари бошқа бюджет ташкилотларида фаолият юритаётган фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражаларга) эга бўлган ходимларга қонунчиликда белгиланган ҳар ойлик қўшимча устама миқдори фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 5 фоизи ҳамда фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даражага) эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида қайта белгиланади.