ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 24.05.2024 йилдаги ПФ-81-сон

Фармонга мувофиқ:

1) 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб:

а) давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилиши;

давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилиши;

давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилиши;

давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилиши;

олий таълим ташкилотлари моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотига мувофиқ, кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантириши ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этиши;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олий таълим ташкилотлари қабул параметрлари асослилигини ўрганиши ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига (Давлат комиссияси) киритиши;

Давлат комиссияси олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрларини, имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини, мақсадли қабул квоталарини ҳамда магистратура мутахассисликлари қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этиши белгиланди;

б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;

в) 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шакллантириладиган олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланиши белгиланди;

2) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Бунда

а) ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилиши;

б) таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилиши;

в) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилиши белгиланди. Бунда:

таълим гранти биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;

таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;

таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади;

ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;

таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади;

3) Қуйидагилар белгилаб қўйилди:

а) давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш бали тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади;

б) ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат буюртмаси параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталари ажратилади.

в) 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим ташкилотларининг бошқа таълим шаклларига умумий қабул параметри кундузги таълим шакли учун белгиланган қабул квотасидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;

4) Магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилиши белгиланди:

хорижий тиллар йўналишлари бўйича — камида С1 даражасида;

гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича — камида В2 даражасида;

бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича — камида В1 даражасида.

5) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим ташкилотлари ва техникумларга қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ўтказилиши белгиланди. Бунда:

давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги 2 босқичда амалга оширилади:

1-босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади;

2-босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.