Фармонга мувофиқ:
1) Қуйидаги таклифлар маъқулланди:
а) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (Агентлик) тизимидаги мактабларда Фанлар академияси академиклари иштирокида дарс ўтиш амалиётини йўлга қўйиш;
б) Агентлик ҳузурида жамоатчилик асосида:
Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўқитувчиларидан иборат бўлган STEM фанлари бўйича фан кенгашларини;
Агентлик тизимидаги мактабларнинг битирувчиларидан иборат бўлган Битирувчилар кенгашини ташкил этиш;
2) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
а) Фанлар академияси академиклари томонидан Агентлик тизимидаги мактабларда:
ўқувчиларнинг яратувчанлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дарслар ташкил этилиши;
ўқувчиларга амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларида кўмак кўрсатилиши;
ўқувчилар ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этилиши ҳамда Фанлар академияси тизимидаги илмий лабораторияларда олиб борилаётган лойиҳалар билан таништирилиши;
ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш мақсадида “Ёш академиклар” клублари ташкил этилиши;
б) ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратишни назарда тутувчи “Ихтирочиликка қадам” танлови ўтказилиши;
в) STEM фанлари бўйича янги таълим дастурларини амалиётга жорий қилиш фан кенгашлари билан келишган ҳолда амалга оширилиши;
г) Агентлик тизимидаги мактаблар битирувчилари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклифлари асосида таълим жараёнини такомиллаштириш, мактаб таълимидан кейин эгалланган касбий тажрибаларини ўқувчиларга етказиш мақсадида ҳар йили бир марта Битирувчилар қурултойи ўтказилиши белгиланди;
3) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда тажриба-синов тариқасида “Янги Ўзбекистон” университети билан ўзаро интеграциялашган ўқувчиларни муҳандислик асосларига ўргатиш бўйича таълим дастурларини (муҳандислик дастурлари) жорий қилиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди;
Қуйидагилар:
Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ўқув жараёни 5 йиллик дастурлар асосида STEM модели бўйича ташкил этилиши;
муҳандислик дастурларига танлов умумий ўрта таълим муассасаларининг математика, мантиқий фикрлаш, информатика ва муҳандислик йўналишлари бўйича қобилияти бор 6-синф битирувчилари орасидан амалга оширилиши;
муҳандислик таълим дастурлари “Янги Ўзбекистон” университети бакалавриат таълим дастурлари билан ўзаро интеграция қилиниши;
муҳандислик таълим дастурларини лозим даражада ўзлаштирган битирувчиларга ўз ўқишини “Янги Ўзбекистон” университети тегишли бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичидан давом эттириш ҳуқуқи берилиши;
4) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
а) Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда:
чет тилини билиш бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар томонидан фанларни чет тилида ўқитиш амалиёти жорий этилади;
математика, физика, кимё, биология, табиий фанлар (science), информатика ва ахборот технологиялари фанларидан дарсларни чет тилида олиб борган ўқитувчиларга улар фаолият юритаётган мактабларнинг харажатлар сметасида ходимларни рағбатлантириш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида тариф ставкасига нисбатан 100 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади;
б) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Президент мактабларининг маҳаллий ўқитувчиларига уларнинг тариф ставкасига нисбатан 350 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўлаш тартиби жорий этилади;
Бунда, устама педагоглар томонидан қуйидаги шартларнинг барчаси бажарилган тақдирда тўланади:
Кембридж (Cambridge Assessment International Education) халқаро таълим дастурлари асосида дарс бериладиган фанларни ўқитиш бўйича 3 та (Introductory, Extension, (Focus on Assessment ёки Focus on Teaching), Marking) курсни муваффақиятли тугатиш ва бу ҳақида тегишли сертификат олиш;
Президент мактабларида камида бир йиллик иш стажига ва чет тилини билиш бўйича камида С1 даражадаги ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш.