ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 12.01.2024 йилдаги ПФ-9-сон

Фармонга асосан:

1) 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди;

2) Қуйидаги таклифларга розилик берилди:

туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат бўлган туризм марказларини барпо қилиш;

“Зомин” туристик-рекреацион зонаси, “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти ва “Амирсой” тоғ-чанғи курорт зонаси ҳудудида бож олинмайдиган (“duty free”) ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган йирик савдо комплексларини (“Luxury tourism village”) барпо қилиш;

3) Туризм марказлари ҳудудидаги:

а) меҳмонхоналарда:

туну кун ишлайдиган ресторан, кафе ва умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти;

соғломлаштириш ва “SPA” хизматлари, сузиш ҳавзалари (бассейн) фаолияти йўлга қўйилиши;

б) савдо-кўнгилочар мажмуаларда:

бож олинмайдиган савдо дўконлари (“duty free”) ва қўшилган қиймат солиғи билан сотилган айрим турдаги товарларга “tax free” тизими қўлланиладиган чакана савдо шохобчалари;

миллий ипак матолари ҳамда ҳунармандчилик (сувенир) маҳсулотлари савдоси;

миллий заргарлик маҳсулотлари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган (10, 20, 50, 100, 200, 500 грамм ва 1 килограммли олтин қуймалар) ўлчовли қуймалар чакана савдосидан иборат бўлган “олтин йўлак” савдо қаторлари;

йирик халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари савдоси;

тўй маросими тадбирларини ташкил этиш учун ҳудуд ва кинотеатрлар фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди;

4) Туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун жами 200 миллион АҚШ доллари эквивалентида туризм кредит линияси очилиши, туризм кредит линияси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари таркибига қўшилиши ҳамда қуйидаги шартларда амалга оширилиши белгиланди:

а) туризм кредит линиясининг 50 фоизи:

3 йил муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада миллий валютада жойлаштириш воситалари ҳудудида чўмилиш ҳавзалари (бассейн) учун — 200 миллион сўмгача;

5 йил муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада чодирлар (кемпинг) учун — 100 миллион сўмгача, ўтовлар учун — 300 миллион сўмгача, экоуйлар учун — 500 миллион сўмгача, контейнерлар учун — 600 миллион сўмгача, хостеллар учун — 1 миллиард сўмгача ҳамда глэмпинглар учун — 1,5 миллиард сўмгача, модулли меҳмонхоналар ва автокемпинг лагерлар (камида 10 та автокемпинг) учун — 3 миллиард сўмгача миллий валютада ажратилади;

б) туризм кредит линиясининг 50 фоизи тижорат банклари томонидан замонавий аквапарклар қуриш учун 10 миллиард сўмгача 10 йил муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада миллий валютада ажратилади;

5) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2024 йилдан бошлаб:

а) туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи “туризм ҳалқалари”ни ташкил қилиш асосида саёҳат муддатини оширишни назарда тутувчи “Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат” дастури амалга оширилади;

б) республикадаги туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи Туристик йўналишлар (маршрутлар)нинг ягона реестри юритилади;

в) ҳар 2 йилда бир маротаба май ойининг 3-ҳафтасида мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган Халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталиги ўтказилади;

г) миллий заргарлик маҳсулотлари дўконларида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли қуймалар ҳамда Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини сотиш учун вендинг автоматларини ўрнатишга рухсат берилади;

6) 2024 йилдан бошлаб:

а) “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” туризм мавсумларининг очилишини назарда тутувчи фестиваллар ўтказилиши;

б) ички туризм йўналишидаги туроператорларнинг маҳсулотларини туристларга тақдим қилиш мақсадида “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” туризм мавсумининг очилиши доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркаси ташкил этилиши;

в) Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) шафелигидаги Халқаро туризм академиясида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили Давлат бюджети ҳисобидан маблағлар ажратиб борилиши белгиланди;

7) 2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар:

а) белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилиши:

меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;

чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;

туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар;

б) Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозлар амалга оширилганда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.

8) Туризм қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

ҳудудларда туризм бозорининг турли сегментларига мўлжалланган ва ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

миллий ҳунармандчилик, айниқса сувенир маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ва сифатини, туристлар учун улар жозибадорлигини янада ошириш, шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш;

ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш ва экспортни рағбатлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш, халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш.