ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 24.05.2023 йилдаги ПФ-76-сон

Фармонга асосан:

1) Қуйидагилар тасдиқланди:

Рақамли технологиялар вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари;

Соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилишнинг асосий йўналишлари;

Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотларни қайта ташкил этиш ва номлаш дастури;

Рақамли технологиялар вазирлигининг ташкилий тузилмаси;

2) 2023 йил 1 сентябрдан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот тизимларида «Рақамли ҳукумат» тизимининг ягона идентификаторлари ҳамда маълумотномалар ва таснифлагичлар регистри ахборот тизимида жойлаштирилган ягона умумдавлат маълумотномалар ва таснифлагичлардан фойдаланишлари шарт;

3) 2024 йил 1 январдан Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги функциялари хусусий секторга ўтказилади:

алоқа соҳасидаги бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

алоқа соҳасидаги маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро тармоқларни лойиҳалаштириш;

4) 2024 йил 1 январдан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ҳар ярим йилда инсон омилисиз шаклланадиган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг Ягона порталдаги рақамли хизматлар ва сервислардан қониқиш даражаси рейтинги эълон қилиб борилади;

5) 7 май санаси Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни деб эълон қилинди.