Фармонга мувофиқ:
1) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди:
а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш;
ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш;
юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш;
ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;
б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:
турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш;
суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;
в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида – мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш;
г) корпоратив муносабатлар соҳасида:
давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти;
2) 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди;
3) Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича республика марказлаштирилган жамғармаси – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси (республика компенсация жамғармаси) этиб;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича ҳудудий марказлаштирилган жамғармалар – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар (ҳудудий компенсация жамғармалари) этиб қайта номланди;
4) Қуйидагилар:
ушбу Фармоннинг 4-бандига асосан республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиниши;
қонунчиликда ушбу Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган зарарларни қоплашнинг бошқа манбалари белгиланган ҳолларда, компенсация тўловлари республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик ушбу манбалар ҳисобидан қоплаб берилиши;
суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланмаган ва (ёки) регресс тартибида ундириб олиш шартисиз давлат томонидан қоплаб берилиши кўрсатилган ҳолларда, республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгилаб қўйилди;
5) Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатасининг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш мақсадида бир қатор ҳуқуқий институтларни қонунчиликда ва юридик амалиётда қўллаш кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.