Фармонга мувофиқ:
1) 2022 йил 1 августдан бошлаб:
Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилиши;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида (давлат органлари ва ташкилотлари) очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилиши белгиланди;
2) Қуйидагилар белгиланди, унга кўра:
а) Очиқлик индекси қуйидаги индикаторлар асосида баҳоланади:
давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги;
б) Очиқлик индексини баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Очиқлик индекси “0” баллдан “100” баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
баҳолаш ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврини ўз ичига қамраб олади;
2022 йилда Очиқлик индекси 1 июлдан бошлаб жорий йилнинг иккинчи ярми қамраб олинган давр учун баҳоланади;
Очиқлик индексини ҳисоблаш натижалари ҳар йили 1 апрелга қадар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) томонидан “eanticor.uz” электрон платформаси ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.
3) Қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ:
амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари ҳисоботлари ҳар ярим йилда Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитилади;
баҳолаш натижалари эълон қилингач, бир ой муддатда фаолияти “қизил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан Ҳукумат тизимидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахбороти Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида эшитилади;
Ҳукумат тизимига кирмайдиган ташкилотлар раҳбарларининг ахборотини Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитиш ҳамда натижасига кўра тегишли чораларни белгилаш тавсия этилади;
4) Агентликнинг тавсиясига асосан бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бир йилда бир марта фаолияти “яшил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлари бир ойлик лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантирилиши белгиланди;
5) Агентлик ҳузурида унинг директори раҳбарлигида масъул давлат органлари ва ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ва Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилиш;
ҳар ярим йилда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар, режалаштирилган лойиҳалар ва чора-тадбирлар ижросини муҳокама қилиб бориш;
таҳлиллар ва кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш, сифатини ошириш ва долзарблигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш чора-тадбирларини белгилаш;
давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш борасидаги янги лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш;
6) 2022 йил 1 июлдан бошлаб Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштиришда (эълон қилишда) қуйидаги тартиб белгиланди:
ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштирилади;
ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар расмий веб-сайтнинг бошқа саҳифасига (веб-манзилга) жойлаштирилган тақдирда, улар эълон қилинмаган деб ҳисобланади ва Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методиканинг баҳолаш мезони бажарилмаган деб топилади.