ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 05.07.2021 йилдаги ЎРҚ-699-сон

Қонун 6 боб ва 35 та моддадан иборат.

1. Қонуннинг мақсади

виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш

2. Виждон эркинлиги — бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.

3. Диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган жойда, шу жумладан ибодат қилинадиган биноларда ҳамда уларга тегишли ҳудудларда, дафн этиш жойларида, зиёратгоҳларда, диний зарурият бўлган тақдирда фуқароларнинг хоҳишига кўра уларнинг уйларида ўтказилади.

4. Диний мазмундаги материаллар диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилардан (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар) иборатдир.

5. Диний ташкилот қонунчиликка мувофиқ унинг ташаббускорлари (таъсисчилари) қарорига кўра ташкил этилади.

Диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) таъсис йиғилишини (конференциясини) чақиради, унда устав қабул қилинади ва раҳбар органлар тузилади.

Диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.

6. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш адлия органлари (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи органлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

7. Рўйхатдан ўтказилган диний ташкилот адлия органлари томонидан электрон тизимда юритиладиган ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган диний ташкилотлар реестрига (бундан буён матнда реестр деб юритилади) киритилади.

8. Диний ташкилотнинг фаолияти, у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини бузган тақдирда, суд томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.

9. Диний ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган, шунингдек ташкилотнинг ўз устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда, прокуратура органлари ёки рўйхатдан ўтказувчи орган мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани ушбу диний ташкилотнинг раҳбар органларига киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, диний ташкилот фаолияти прокуратура органларининг ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг тақдимномаси асосида суд қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилади.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонунда белгиланади.

10. Диний ташкилотни тугатиш қонунчиликка ва диний ташкилотнинг уставига асосан амалга оширилади.

Диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган диний ташкилотнинг раҳбар органи ёки суд тугатувчини – тугатиш комиссиясини ёки жисмоний шахсни тайинлайди, диний ташкилотни тугатиш муддатини белгилайди.