ONLINE TRANSLATE
Паспорт документа
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 01.06.2017 йилдаги ПФ-5066-сон

Фармонга асосан:

1) Қуйидагилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланиши белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини фавқулодда вазиятлар таҳдиди ва хавфини олдиндан бартараф этадиган, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва комплекс ёрдам кўрсатишга қаратилган фаолият олиб борадиган, унинг ҳар бир ходими “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида хизмат қиладиган мобиль, замонавий профессионал хизматга айлантириш;

аҳоли, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшлар билан мулоқотларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигига таҳдидлар, табиий ва техноген хусусиятли хавфлар манбалари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, туман ва шаҳарлардаги куч ва воситаларни самарали тақсимлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатувчи турли хизматларнинг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштирувчи механизмларни яратиш ва бошқалар;

2) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.А. Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига берилди.

Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи мавжуд штат бирлиги ва моддий-техник базаси билан тўлиқ, амалдаги молиялаштириш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби билан ўтказилиши белгиланди;

3) Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи базасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ташкил этилди;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.А. Мавлонов номидаги Сейсмология институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаши белгиланди;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПП-2915-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфига топширилгани маълумот учун қабул қилинди;

Ўзбекистон Республикаси Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппарати таркибида Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси ташкил этилди;

5) Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги, сейсмик кузатувлар, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар юзага келишининг олдини олиш ва профилактика тадбирларини ташкил этиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини, рухсат бериш ва бошқа махсус функцияларни амалга ошириш;

аҳоли ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда улар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилишни ташкиллаштириш;

Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини фаолиятини ҳамда фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини ташкил этиш ва таъминлашда иштирок этиш ва бошқалар;

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш комиссиялари, шаҳар ва туманлар фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш комиссияларининг асосий вазифалари белгиланди;

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди, унда қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилди:

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ташкилий-штатлар тузилмасини такомиллаштириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш механизмларини такомиллаштириш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фан ва техника ютуқларини татбиқ этиш;

қутқарув тузилмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини такомиллаштириш.