|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКАДА ИСТЕЪМОЛ БОЗОРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА ПУЛ МУОМАЛАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРАЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
СССР Давлат банки ва Россия Банкининг 1961—1992 йиллар нусхасидаги қоғоз пуллари собиқ СССРнинг амалда барча мамлакатларида муомаладан тўхтатилганлиги муносабати билан ва республикада ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш ҳамда пул муомаласини мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек, мазкур масала юзасидан илгари қабул қилинган қарорларга қўшимча равишда Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, 1993 йилнинг ноябрь ойи учун навбатдаги иш ҳақи ва бошқа пул тўловлари шу йилнинг 29 ноябридан бошлаб тўлиқ «Сўм-Купонлар» билан тўланади.
2. 1993 йилнинг 1 декабридан Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида СССР Давлат банкининг 1961—1992 йиллар нусхасидаги қиймати 200, 500 ва 1000 рубль бўлган қоғоз пулларини барча турдаги тўловларга қабул қилиш тўхтатилиши белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қўлида муомалада бўлган мазкур қийматлардаги қоғоз пуллардан қуйидагича фойдаланиш мумкин:
а) 1993 йилнинг 1 декабригача — Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 ноябрдаги 550-сон қарорига мувофиқ (ушбу қарорнинг 1-иловасига кирмаган, қиймати 25 минг рублгача бўлган товарлар ва хизматлар ҳақини тўлашда);
б) Жамғарма банкининг ҳамма муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг доимий пропискаси бўлган фуқароларидан қуйидаги тартибда қабул қилинади:
— биринчи марта омонатга пул қўювчи фуқаролар учун пуллар 200 минг рублгача миқдорда - 1993 йил 4 декабргача қабул қилинади;
— шахсий счётлари бўлган фуқаролар учун 1993 йилнинг 1 декабридан 4 декабригача ўз омонатларини 200, 500, 1000 рубллик пуллар билан 200 минг рублга қадар етказиб тўлдиришларига рухсат берилади;
— 200 минг рублдан ошадиган маблағ 1993 йилнинг 4 декабрига қадар алоҳида махсус фоизсиз счётга чекловларсиз ўтказилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки 1993 йилнинг 1 декабридан бошлаб СССР Давлат банкининг 1961—1992 йиллар нусхасидаги қиймати 200, 500 ва 1000 рубль бўлган қоғоз пулларини муомалага чиқаришни тўхтатсин ҳамда корхоналар, бирлашмалар, ташкилотларнинг шу қийматдаги қоғоз пулларнинг кассалардаги қолдиқларини топшириш тартибини белгиласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 27 декабрдаги 611-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
5. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги, Марказий банки ва Жамғарма банки аҳолининг омонатларидан “Сўм-Купонлар” бериш тартиби ва муддатлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.
6. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, Жамғарма банки, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарорнинг ижроси устидан қаттиқ назоратни таъминласинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 22 ноябрь,
570-сон