|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.01.2008
|
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ПАТТА ТЎЛОВИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-138-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
1-модда. Патта ҳақи тўловчилари
Бозорлар, ярмаркалар ва олди-сотди қилиш учун махсус белгиланган бошқа жойларда моллар, буюмлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотаётган жисмоний шахслар патта ҳақи тўлайдилар.
2-модда. Патта тўлови олиш объектлари
Патта тўлови олди-сотди қилишга ажратилган ҳар бир жой учун, савдо қилинган ҳар бир кун ёки ҳар бир мол, буюм, ҳар бош чорва мол учун олинади. Агар олди-сотди қилиш учун ажратилган жой учун ижара шартномасига кўра ижара ҳақи тўланса, у ҳолда патта тўлови ижара қийматига киритилади.
3-модда. Патта тўлови олиш тартиби
Патта тўлови ҳар бир тўловчидан нақд пул олиб, унга патта қоғози бериш йўли билан ундирилади. Патта қоғозини бошқа тўловчиларга бериш ман этилади. Патта тўлови бозорлар, ярмаркалар ва олди-сотди учун махсус ажратилган бошқа жойлар ходимлари томонидан йиғилади.
4-модда. Патта тўлови миқдорлари
Патта тўлови миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Патта тўловлари миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 23 мартдаги 152-сон «Патта тўловлари миқдорларини белгилаш ҳақида»ги қарори билан тасдиқланган.
5-модда. Патта ҳақини тўловчи ҳамда олувчи идораларнинг вазифалари ва жавобгарлиги
Моллар, буюмлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини бозорлар, ярмаркалар ёки олди-сотди қилиш учун ажратилган бошқа махсус жойларда патта ҳақи тўламасдан сотиш тақиқланади.
Бозорлар, ярмаркалар ҳамда моллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш учун махсус ажратилган бошқа жойларнинг маъмурияти патта ҳақи тўғри ва ўз вақтида ундирилишига риоя қилиши шарт. Патта тўловидан тушган маблағ бюджетга ҳар ойда бир марта, лекин ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирилмай ўтказилади. Патта тўловидан тушган маблағни ўз вақтида бюджетга ўтказмаганлик учун ҳар бир кечиктирилган кун ҳисобидан 0,5 фоиз миқдорда жарима ундирилади.
6-модда. Патта тўловидан тушган маблағдан фойдаланиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Патта тўлови маблағларидан фойдаланишнинг тартиби ҳар йили халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланади, лекин шу маблағнинг камида ярми бозор, ярмарка ёки моллар, буюмлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун махсус ажратилган жойлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бошқа ташкилот тасарруфида қолиши шарти билан.
(6-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Патта тўловининг қолган қисми маҳаллий бюджетга ўтказилади.
7-модда. Патта тўлови тўғри ундирилиши устидан назорат қилиш
Патта тўлови тўғри ундирилишини давлат солиқ идоралари назорат қиладилар.
8-модда. Ушбу Қонунни қўлланишга доир йўриқнома
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Қонунни қўлланишга доир йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан чиқарилади.
(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 9 декабрь,
742-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 25-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)