Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1995 ЙИЛДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ХЎЖАЛИКЛАРИДА ШОЛИ ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти табиий-иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш, бу минтақани шоли етиштиришга ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 1995 йилда шолипояларни кенгайтириш ва дон экинлари майдонини қисқартириш, шунингдек, бошоқли экинлар дони ва шоли етиштириш ҳамда харид қилиш ҳажмлари тўғрисидаги таклифлари иловага* мувофиқ қабул қилинсин.
* Илова берилмайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шолипояларни жойлаштиришни қабул қилинган алмашлаб экиш схемаларига мувофиқ ва ҳосилдорликни кўпайтиришни назарда тутиб амалга оширсинлар.
Ажратиладиган майдонларга экилишини таъминлайдиган ҳажмлардаги уруғликни 1994 йил ҳосилининг энг ҳосилдор шоли навларидан тўпласинлар.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 5 августдаги 400-сон қарори 1, 2, 3-иловаларга мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ.Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 2 сентябрь,
446-сон