Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИГА ТУТАШ ҲУДУДЛАРДА ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва унга туташ ҳудудларда ердан фойдаланишни тартибга солиш манфаатларини кўзлаб Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия ва картография бошқармаси чегарадош Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари вакиллари билан биргаликда 1994-1995 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Ҳамдўстлик давлатлари билан чегараларини аниқласин ва жойларда Ўзбекистон Республикасининг чегараларини бириктириб қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига таклифлар киритсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси чегара қўшинларига қуйидаги ер майдонларини бепул фойдаланиш учун берсинлар;
Афғонистон Ислом Давлати билан чегарасининг бутун узунлиги бўйлаб Давлат чегараси чизиғи (сувдаги бўлинган жой) дан асосий муҳандислик иншоотлари чегарасигача, лекин камида 500 метргача бўлган ерларни;
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари билан чегарадаги ерларни — чегаралар аниқлангандан ва биркитиб қўйилгандан кейин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 мартдаги 115-сонли қарорига асосан чиқарилган)
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари билан чегаралардаги бундай ерларни чегарадош давлатлар билан чегаралар аниқланган ва биркитиб қўйилган вақтдан бошлаб 2 ой мобайнида берсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Берилган ерлар доирасида ҳар қандай хўжалик, тадбиркорлик ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа фаолиятни юритиш фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсатига биноан, тарафлар ўртасида ижара, инвестиция ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида расмийлаштириладиган шартномаларга мувофиқ, тегишли тўлов эвазига амалга оширилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 ноябрдаги 754-сонли қарори таҳририда)
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 26 сентябрь,
480-сон