|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АНДИЖОН—ТОШКЕНТ—НУКУС—ҚЎНҒИРОТ—БЕЙНОВ АВТОМАГИСТРАЛИ ҚУРИЛИШИДА ЙЎЛ ИШЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Андижон—Тошкент—Нукус—Қўнғирот—Бейнов тезюрар автомагистрали қурилишида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва йўл хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорацияси «Тахиатош дон» акциядорлик жамиятига қарашли «Сиҳатгоҳ» соғломлаштириш масканини ҳамда болалар боғчасини тегишли равишда «Ўзавтойўл» давлат концерни ва Тахиатош шаҳар ҳокимлиги тасарруфига текин ўтказиш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорациясининг «Тахиатош дон» акциядорлик жамияти кўрсатиб ўтилган объектларни белгиланган тартибда балансдан балансга ўтказсин, «Ўзавтойўл» давлат концерни ва Тахиатош шаҳар ҳокимлиги тегишли равишда қабул қилиб олсинлар ва улардан самарали фойдаланилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Дон тайёрлаш ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш тизимида харажатларни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 4 декабрдаги 424-сон қарорига 4-илова (Тугатиладиган ва сотиладиган объектлар рўйхати)дан 1-банд чиқариб ташлансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 2 июнь,
237-сон