Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон ягона энергетика тизимини ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси сақланишини ҳамда Марказий Осиё бирлашган энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда «McKinsey & Company» халқаро консалтинг компаниясининг:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасасини (кейинги ўринларда — Миллий диспетчерлик маркази) ташкил этиш;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
Миллий диспетчерлик марказига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг миллий, регионал ва ҳудудий диспетчерлик функцияларини ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Миллий диспетчерлик марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ягона электр энергетика тизимини реал вақт режимларида оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизими таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг истеъмол қилинишига таъсир қилувчи барча омилларни ҳисобга олган ҳолда, уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
ягона электр энергетика тизимининг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш;
ягона электр энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш;
Миллий диспетчерлик маркази ходимларининг хорижда доимий равишда малака оширишини таъминлаш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни Миллий диспетчерлик марказига жалб қилиш;
авария режимлари юзага келишининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва авария режими бартараф этилгандан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Энергетика вазирлиги ҳузурида «Миллий диспетчерлик маркази» давлат муассасаси бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 289 та штат бирлиги этиб белгилансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
4. Белгилансинки:
Миллий диспетчерлик марказининг асосий бошқарув пульти Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Истиқбол кўчаси 21-уй манзилдаги бинода ҳамда захира бошқарув пульти Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси 42-уйда манзилдаги бинода жойлаштирилади;
Миллий диспетчерлик марказининг амалдаги бошқарув пульти собиқ «Ўзбекэнерго» АЖ биносидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ биносига уч ой муддатда кўчирилади;
Миллий диспетчерлик марказининг асосий бошқарув пульти тўлиқ ишга тушгандан сўнг асосий ҳамда захира бошқарув пультлари уч ой муддат параллель ишлайди;
Миллий диспетчерлик маркази фаолияти тўлиқ ташкил этилгандан сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖда тегишлича реле ҳимоя ва автоматика қурилмаларини эксплуатация қилиш, энергия оқими режимларини ишлаб чиқиш, электр қурилмаларини таъмирга чиқаришни ташкил қилиш функциялари ситуацион-таҳлил бошқармалари кўринишида сақлаб қолинади;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Миллий диспетчерлик марказининг ҳудудий филиаллари тўлиқ фаолият кўрсатиши учун зарур инвентарлар, алоқа воситалари ва бошқа барча ускуналар билан жиҳозланган хоналарга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
энергетика объектларининг барча диспетчерлик бўғинларида мавжуд электр қурилмаларнинг тезкор бошқарув бўйсунуви қайта кўриб чиқилгунга қадар жорий тезкор бошқарув бўйсунуви амалда сақланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат — хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган электр станциялари ва электр энергиясини сақлаш тизими операторлари ҳамда йирик истеъмолчиларга диспетчерлик хизматларини кўрсатгани учун шартномалар Миллий диспетчерлик маркази ва «Ўзэнергосотиш» АЖ ўртасида тузилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарорига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
5. Қуйидагилар Миллий диспетчерлик маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Ўзэнергосотиш» АЖ ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва тақсимловчи бошқа ташкилотларга шартнома асосида диспетчерлик хизматини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари;
ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
51. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Миллий диспетчерлик марказининг «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖга шартнома асосида диспетчерлик хизматини кўрсатишдан оладиган даромади (маблағлар) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчиларидан ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибида Миллий диспетчерлик маркази учун алоҳида пропорцияси кўзда тутилсин.
(51-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 июлдаги 275-сонли қарорига асосан киритилган)
6. Молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Миллий диспетчерлик марказининг даромад ва харажатлари сметасини тасдиқласин.
7. Энергетика вазирлиги бир ой муддатда:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи Миллий диспетчерлик маркази тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Миллий диспетчерлик маркази фаолиятини ташкил этиш, унинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва йирик истеъмолчилар ҳамда лойиҳалар асосида ягона энергетика тизимига уланаётган янги қувватлар Миллий диспетчерлик маркази томонидан фаолияти доирасида берилган топшириқларнинг сўзсиз бажарилиши мажбурийлиги;
бошқа давлатларнинг электр энергетика тизими билан параллель равишда ишлаш қоидаларининг аниқланиши;
электр энергетика тизими объектларидаги асосий электр қурилмаларини таъмирлаш ёки синов-созлаш учун чиқариш ва қайта ишга киритиш;
Миллий диспетчерлик маркази тўғридан-тўғри диспетчерлик департаменти, реле ҳимоя ва автоматика бўлими, республика ягона энергетика тизимини ва уларнинг қуйи бўлинмалари орқали тезкор-техник бошқарувни амалга ошириш;
б) Миллий диспетчерлик марказининг уставини, унинг молиявий-иқтисодий фаолият кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда, Миллий диспетчерлик маркази ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
в) Энергетика вазирлигининг ташкилий тузилмасини ва марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони ва тузилмасини ўзгартириш тўғрисида таклиф ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимидаги ташкилотларни ушбу жамиятларнинг ҳудудий филиаллари этиб қайта ташкил этиш таклифларига розилик берилсин.
9. Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиб, Кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 24 март,
126-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 июлдаги 400-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.03.2022 й., 09/22/126/0231-сон; 22.07.2026 й., 09/26/400/0767-сон)