Ҳужжат кучини йўқотган " " 09.01.2007
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ СИЁСАТИНИНГ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Уй-жой кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда «Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги 2007 йил 8 январдаги ЎРҚ-77-сонли Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
уй-жой соҳаси — давлат иқтисодий қудратининг бир қисми бўлиб, уй-жой ва муҳандислик иншоотларини қуриш, қайта қуриш, асраш, сақлаш, таъмирлашни ўз ичига олади;
уй-жой фонди — инсон яшаши учун яроқли бўлган уй-жой биноларидан, шу жумладан турар жой бинолари, квартиралар, хизмат уй-жойлари, махсус уйлар (ётоқхоналар, интернат-уйлар, ёлғиз қариялар учун уйлар ва ҳоказо) ҳамда бошқа уй-жой биноларидан иборат фонд;
компенсация — уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун фуқароларга ёрдам тариқасида давлат томонидан бериладиган пул маблағлари;
уй-жой соҳасидаги кўчмас мулк — эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган қуйидаги мол-мулк:
— турар жой бинолари яшашга мўлжалланган ҳамда мўлжалланмаган хоналари билан бирга;
— томорқа хўжалик иморатлари;
— ободонлаштириш унсурлари;
— қурилиши тугалланмаган турар жой бинолари;
— уй-жой соҳаси муҳандислик инфраструктурасининг иншоотлари ва унсурлари;
уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси — уй-жой майдонининг бир кишига тўғри келадиган, санитария-гигиена нормалари ва қоидалари талабларига мос ўлчамлари бўлиб, шунга қараб уй-жой хоналари, уй-жой ва коммунал хизматларга ҳақ тўлаш юзасидан компенсациялар берилади.
2-модда. Давлат уй-жой сиёсатининг асосий вазифалари
Давлат уй-жой сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ҳар бир фуқаро ўз эҳтиёжлари ва имкониятларига қараб уй-жой қуриши, уни мулк қилиб олиши, ижарага олиши мумкин бўлган шарт-шароитларни яратиш;
уй-жой фондини ривожлантириш ва асраш;
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобида турувчи фуқароларга давлат муниципал уй-жой фондидан уй-жой бериш;
фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича давлат аниқ мақсадли коммунал-уй-жой фонди ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш, шунингдек уларга коммунал хизматларга ҳақ тўлаш ва уй-жойдан фойдаланишда компенсациялар бериш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сон «Давлат уй-жой фонди хусусийлаштирилиши муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 13 апрелдаги ПФ-3596-сонли Фармони билан тасдиқланган Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ойлик компенсация пул тўловлари энг кам иш ҳақига нисбатан табақалаштирилган миқдорларда бериладиган шахслар имтиёзли тоифаларининг янгиланган рўйхати ва «Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида»ги низомининг I-бўлими (рўйхат № 1232, 15.04.2003 й.).
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобида турувчи фуқароларга уй-жой қуриш, уни қайта қуриш, таъмирлаш ҳамда сотиб олиш учун кредитлар ва ссудалар бериш;
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оилаларга уй-жой қуриш ёки олишда кўмаклашиш;
уй-жой қуриш, уни қайта қуриш ва сақлашни давлат томонидан иқтисодий ва молиявий омиллар тизими орқали рағбатлантириш;
қулай ва шинам уй-жойлар, қўрғонча шаклидаги кам қаватли турар жой бинолари барпо этиш кўламини кенгайтириш;
аҳолига ижтимоий-маиший, маданий ва бошқа хизматлар кўрсатадиган зарур инфраструктураси бўлган қулай ҳаётий муҳит яратиш.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг уй-жой сиёсати соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қуйидаги ваколатларни амалга оширади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
уй-жой фондидан фойдаланиш ва унинг асралишини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини юритиш, уй-жой соҳасини ривожлантиришнинг давлат комплекс дастурларини қабул қилиш;
(3-модданинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)
уй-жой хўжалиги ва коммунал хизмат кўрсатиш давлат бошқаруви органлари фаолиятига раҳбарлик қилиш;
уй-жой соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
фуқароларга ижара, алмаштириш шартномаси бўйича уй-жой биноларини тақсимлаш ва бериш, шунингдек уларни сотиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
уй-жой ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш тизимини тартибга солиб туриш;
компенсация, кредит ҳамда ссудалар бериш йўллари ва шартларини тартибга солиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.
(4-модда Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонунига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)
5-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой сиёсати соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой сиёсати соҳасидаги ваколатларига қуйидагилар киради:
уй-жой соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
уй-жой фонди ва бошқа коммунал объектларни бошқариш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш ишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда коммунал хизматларга бўлган тариф сиёсатини ўз тасарруфидаги ҳудудда шакллантириш;
(5-моддага Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонунига мувофиқ учинчи ва тўртинчи хатбошилар киритилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)
уй-жой фондини ҳисобга олиш, фуқароларга ижара шартномалари бўйича уй-жой биноларини тақсимлаш ва бериш, шунингдек уларни сотиш;
уй-жой биноларини ўз вазифаси бўйича фойдаланиш учун юридик шахсларга ижара (мулк ижараси) шартномаси шартлари асосида бериш;
уй-жой қурилишида қатнашувчи фуқаролар ва юридик шахслар учун имтиёзлар бериш;
мавжуд уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни асраш, унинг хизмат муддатларини узайтириш;
аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган қатламлари учун уй-жой қуриш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш;
якка тартибда уй-жой қурувчиларга ер участкалари ажратиш;
уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи коммунал, ижтимоий ва транспорт инфраструктураси объектларини тегишли ҳолда сақлаш ва ривожлантириш;
давлат уй-жой фондини банд қилиб қўйиш;
давлат ва бошқа уй-жой фондларининг уй-жойларини алмаштириш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.
6-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг уй-жой сиёсатини амалга оширишдаги иштироки
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
фуқароларга уй-жой фондидан фойдаланишда ҳамда унинг асралишини таъминлашда кўмаклашади;
уй-жой қуриш ва уй олдидаги ҳудудларга қараб туриш қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
давлат ва жамоат органларига фуқароларнинг уй-жой-маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида таклифлар киритади.
7-модда. Фуқароларнинг, ижарачилар ва мулкдорлар жамоат бирлашмаларининг уй-жой хўжалигини бошқаришдаги ҳуқуқлари
Фуқаролар, ижарачилар ва уй-жой мулкдорларининг жамоат бирлашмалари ўз истиқомат жойларидаги уй-жой фондини бошқаришда қатнашиш, уй-жой қуриш, унга хизмат кўрсатиш учун таъмирлаш-фойдаланиш ва бошқа ташкилотларни танлаш, шунингдек уй-жой ва коммунал хизматлар учун сарфланадиган харажатлар ҳамда уй-жой ва коммунал хизматлар нархларини шакллантириш устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга.
8-модда. Уй-жой фондидан фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мажбуриятлари
Фуқаролар ва юридик шахслар қуйидагиларни бажаришлари шарт:
уй-жой, ёрдамчи хоналар ва ускуналардан, уй олдидаги ва қўрғон олдидаги ҳудудлардан, шунингдек умумий фойдаланиладиган жойлардан уларнинг вазифасига мувофиқ, бошқа фуқаролар ва юридик шахсларнинг уй-жойга доир, ўзга ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш, ташқи ободонлаштириш объектларини асраб-авайлаш;
уй-жойларнинг асралишини таъминлаш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган санитария-гигиена, экология, архитектура-шаҳарсозлик, ёнғинга қарши ва фойдаланишга доир талабларни бажариш;
уй-жойларни сақлаб туриш ва таъмирлаш, коммунал хизматлар ҳақини, кўчмас мулк солиғи ва уй-жой кредитлари бўйича тўловларни ўз вақтида тўлаш.
Саноат корхоналарини кўп квартирали турар жой биноларида жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Мулк эгасининг ўзига қарашли турар жой биносида корхона, муассаса, ташкилотни жойлаштиришига бундай бино қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда яшашга мўлжалланмаган жойга айлантирилганидан кейингина йўл қўйилади.
Уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни асраш мажбуриятларини бажармаётган шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.
II. УЙ-ЖОЙ СОҲАСИДАГИ МУЛК
9-модда. Уй-жой соҳасидаги кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи
Уй-жой соҳасидаги кўчмас мулк хусусий мулк, давлат мулки, шунингдек жамоат ташкилотларининг мулки бўлиши ҳамда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда мулкчиликнинг бир шаклидан бошқа шаклига ўтиши мумкин.
Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат уй-жой мулки ҳуқуқининг субъектларидир.
Уй-жой мулки ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, шахснинг ўзига тегишли уй-жой биносига ўз хоҳиши ва манфаатларига қараб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Уй-жой биноларининг кўринишини ўзгартиришга, уларни қайта қуриш ёки бузишга бошқарув органларининг тегишли рухсатномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Уй-жой соҳасидаги кўчмас мулк ёки унинг бир қисмининг хусусий мулклиги миқдор, ўлчам ва қиймат жиҳатидан чекланмайди ва у маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рўйхатга олиниши лозим.
10-модда. Уй-жой фондининг турлари
Уй-жой фонди хусусий ва давлат уй-жой фондларидан иборатдир.
Хусусий уй-жой фондига қуйидагилар киради:
фуқароларнинг мулки бўлган уй-жой фонди (якка тартибдаги турар жой бинолари, хусусийлаштирилган, қурилган ҳамда олинган квартиралар ва уйлар, уй-жой ҳамда уй-жой қурилиш кооперативларига қарашли уйлардаги пай бадаллари тўлиқ миқдорда тўланган квартиралар, фуқаролар томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда мулк қилиб олинган квартиралар ва уйлар);
хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ҳамда бошқа нодавлат юридик шахсларнинг мулки бўлган ҳамда уларнинг маблағлари ҳисобидан қурилган ёки ким ошди савдосида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда олинган уй-жой фонди.
Давлат уй-жой фондига қуйидагилар киради:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджетга тушган солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича бошқа тушумлар ҳисобидан барпо этилган муниципал уй-жой фонди;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек хусусий, муниципал уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланилаётган аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди;
давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган идорага қарашли уй-жой фонди.
11-модда. Умумий мулкдаги уй-жой биноларига эгалик қилиш
Уй-жой мулкдорлардан ҳар бирининг улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.
Умумий улушли мулкда мустақил равишда бошқа шахсга бериш мумкин бўлмаган объектларга қуйидагилар киради: уйларнинг умумий жойлари, устун ва тўсинлар, квартира ташқарисидаги ёки ичкарисидаги, биттадан ортиқ квартирага хизмат қилувчи механик, электр, санитария-техника ва бошқа қурилмалари.
Уйнинг умумий мол-мулкидаги, квартиралар мулкдорлари улушининг миқдори ҳамда мазкур мол-мулкни сақлаш ва асраш харажатларини мулкдорлар ўртасида тақсимлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг:Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 125 ва 126-моддалари ва Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-бобига қаранг.
Квартира мулкдори турар жой биносининг умумий мол-мулкидаги ўз улушини бошқа шахсга беришга, шунингдек бу улушнинг квартирага бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсга ўтишига олиб келувчи ўзга ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.
12-модда. Мулкчилик муносабатларининг ўзгариши
Давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларини мулкчиликнинг бошқа шаклига ўтказиш ёки тугатиш чоғида уларнинг тўла хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган уй-жой фонди ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳуқуқий ворисларининг (агар улар аниқланган бўлса), бошқа юридик шахсларнинг тўла хўжалик юритишига ёки оператив бошқарувига ёхуд белгиланган тартибда фуқароларнинг барча уй-жой ҳуқуқларини, шу жумладан уй-жойни хусусийлаштириш ҳуқуқини сақлаган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юритишига ўтказилиши лозим. Бунда уй-жойнинг янги эгаси илгари тузилган ижара шартномаси шартлари асосида ижарага берувчига айланади.
13-модда. Уй-жой соҳасида кўчмас мулкни мажбурий равишда олиб қўйишнинг чекланиши
Уй-жой соҳасида кўчмас мулкнинг мажбурий равишда олиб қўйилишига фақатгина суднинг қарори асосида, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 199-моддаси.
III. УЙ-ЖОЙ ФОНДИДАН ФОЙДАЛАНИШ. ФУҚАРОЛАРНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ
14-модда. Уй-жой биносини ижара шартномаси бўйича бериш
Давлат уй-жой фондига қарашли уйлардаги уй-жой бинолари уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ижара шартномаси бўйича уй-жой шароитларини яхшилаш учун тузилган мавжуд навбатга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига биноан берилади. Уй-жой бериш тартиби ва имтиёзлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ва Ўзбекистон касаба уюшмалари республика кенгашининг 1984 йил 26 сентябрдаги 494-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон ССРда уй-жой шароитини яхшилаш муҳтож бўлган фуқароларни рўйхатга олиш ва уй-жой биноларини тақсимлаш қоидалари», Жон бошига ўртача ойлик даромади энг кам иш ҳақидан паст бўлган тақдирда ижарага олиш шартномаси бўйича коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар тоифаларининг рўйхати (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисидаги низомга 1-илова).
 LexUZ шарҳи
Шунингдек, қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг 38 — 47-моддалари.
Шахсга хусусий мулк сифатида қарашли бўлган уй, квартирани ижарага олиш шартномасининг шартлари тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 600 — 616-моддалари.
15-модда. Уй-жой биносини ижарага олиш ҳуқуқи
Уй-жой биносини ижарага олиш ҳуқуқи давлат уй-жой фондига қарашли уйлардан қонун ҳужжатларида белгиланган уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси доирасида уй-жой биноларини олувчи фуқароларга берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 42-моддаси.
Давлат уй-жой фондига қарашли уйларда ижара шартномаси бўйича яшовчи фуқароларнинг бу уйларда яшайдиган бошқа фуқаролар кўчиб кетган тақдирда уй-жой биносини эгаллаб турган майдонидан қатъи назар ижарага олиш ҳуқуқи сақланади.
Фуқаролар уй-жойни берган давлат ҳокимияти органларига ёки корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ижтимоий нормадан ортиқча майдонга эга бўлган уй-жой биноларини ижтимоий норма доирасидаги уй-жой биноларига алмаштириб бериш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилишга ҳақлидир.
Уй-жой биноларини ижарага олиш шартномаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари томонидан уй-жой майдони олувчи фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 600-616-моддалари, Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1987 йил 22 июлдаги 309-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат уй-жой фондидан турар жойларни ижарага бериш қоидалари», Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 январдаги 24-сонли «Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисидаги Низомнинг IV-бўлими.
16-модда. Ижара шартномаси бўйича уй-жой ва коммунал хизматларга ҳақ тўлаш
Уй-жойга ҳақ тўлаш, коммунал хизматлардан фойдаланиш нормативлари, уларнинг тарифлари ва нархлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган тартибда белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги 271-сонли «Уй-жой-коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиш муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
Уй-жой майдони ижтимоий нормадан ортиқ бўлган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларга ижара шартномаси бўйича уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлашда белгиланган имтиёзлардан ташқари қўшимча имтиёзларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда беришга ҳақлидир.
Уй-жой биноларини иккиламчи ижарага топширувчи ижарачилар компенсация олиш ҳуқуқини йўқотадилар.
Агар уй-жой-коммунал хизматлари ҳақи қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган муддатда тўланмаса, уй-жой биносини ижарага олиш шартномаси суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
17-модда. Уй-жой биноларини ижарага бериш
Уй-жой фонди мулкдорлари ҳар қандай майдонга эга бўлган квартиралар ва уйларни улардан бевосита вазифасига мувофиқ фойдаланиш учун ижара шартномасига асосан юридик шахсларга бериш ҳуқуқига эга.
Ижара тартиби, муддатлари ва шартлари ижарага олувчи билан мулкдор ёки у вакил қилган шахс (орган) ўртасидаги шартномада белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 600 — 616-моддалари ва Уй-жой кодексининг 86 — 95-моддалари.
Давлат уй-жой фондига қарашли уйлар уларда яшовчи вояга етган барча фуқароларнинг розилигисиз бошқа шахсларга ижарага берилиши, шунингдек махсус уйлар ҳамда улардаги уй-жой бинолари ижарага берилиши мумкин эмас.
18-модда. Ижара бўйича уй-жойлар ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш
Ижара бўйича уй-жойлар ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш ижарага олувчи билан мулкдор ёки у вакил қилган шахс (орган) ўртасидаги шартномада белгиланади.
Уй-жой бинолари учун ижара ҳақи шартномада белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ижара шартномаси суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
19-модда. Фуқароларнинг уй-жойларни хусусий мулк қилиб олиши
Фуқаролар уй-жойларни уларнинг сони, катта-кичиклиги чекланмаган ҳолда қуйидаги йўллар билан хусусий мулк қилиб олиш ҳуқуқига эга:
якка тартибда уй-жой қуриш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1988 йил 28 июлдаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон ССРда якка тартибда уй-жой қуриш тўғрисида»ги низом.
якка тартибда иморат қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш;
уй-жой ва уй-жой қурилиш кооперативларида қатнашиш;
уй-жойларни сотиб олиш-сотиш ва алмаштириш;
мерос қилиб олиш, ҳадя қилиш;
аниқ мақсадда фойдаланиладиган коммунал уй-жой фондидан ташқари давлат уй-жой фондига қарашли уйлардаги эгаллаб турилган уй-жой биноларини қонунда белгиланган тартибда хусусийлаштириб олиш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 ноябрдаги 551-сонли «Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 1993 йил 1 мартдаги 114-сонли «Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни давом эттириш тўғрисида»ги қарорлари.
Фуқаролар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам уй-жойларни хусусий мулк қилиб олишлари мумкин.
Давлат уй-жой фондининг сотишга мўлжалланган улуши тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.
Давлат уй-жой фондига қарашли квартиралар ва уйларни уларда яшаётган вояга етган фуқароларнинг ҳамда уй-жой майдонини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахсларнинг розилигисиз хусусий мулк қилиб сотишга йўл қўйилмайди.
20-модда. Мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга қарашли бўлган уйлардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш ва сақлаб туриш бўйича коммунал ҳамда бошқа хизматлар ҳақини тўлаш
Уйга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар уй-жой мулкдорлари томонидан тўланади.
Кўп квартирали уйлардаги хусусийлаштирилган уй-жой биноларининг мулкдорлари уйнинг муҳандислик ускуналарига, умумий фойдаланиладиган жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда уй олдидаги ҳудудни сақлаб туриш билан боғлиқ харажатларни тўлашда ушбу уйда ўзлари эгаллаб турган умумий майдонга мутаносиб равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштирилган квартирага техник хизмат кўрсатиш учун тузилган шартномага биноан қатнашадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сонли қарори билан тасдиқланган Турар жойларни ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 4 октябрдаги 454-сонли қарори билан тасдиқланган Уй-жойларни уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувига бериш ва уй-жой фондини сақлаш ва тузатиш масалаларида давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 18 апрелдаги 178-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жойнинг умумий фойдаланиладиган жойларига техник хизмат кўрсатиш ва коммунал хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий шартнома (контракт) ва Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва аҳоли яшайдиган пунктларида уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш, ва коммунал хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш тўғрисидаги низом (рўйхат № 1173, 13.09.2002 й.).
Уй-жой эгалари коммунал хизматлар ҳақини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аниқлайдиган тартибда белгилаб қўйиладиган тарифлар бўйича тўлайдилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги 271-сонли «Уй-жой-коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиши муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
Мулкида уй-жой бинолари бўлган фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси ва коммунал хизматлардан фойдаланиш нормативлари доирасида уй-жойдан фойдаланиш харажатлари ва коммунал хизматлар ҳақини тўлашни таъминлайдиган компенсациялар берилиши мумкин.
21-модда. Уй-жой биноларини алмаштириш
Аниқ мақсадда фойдаланиладиган коммунал уй-жой фондидан ташқари давлат уй-жой фондига қарашли уйлардаги уй-жой биносини ижарага олувчи ўзи билан бирга яшайдиган вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан ўзи эгаллаб турган уй-жой биносини бошқа бир ижарага олувчи билан, шу жумладан бошқа аҳоли пунктида яшовчи билан алмаштириш ҳуқуқига эга.
Давлат уй-жой фондига қарашли уйлардаги уй-жой биносини ижарага олувчи уй-жой фонди мулкдорининг ёки у вакил қилган шахс (орган)нинг ҳамда ўзи билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан ушбу бинони ижара шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини уй (уй-жой биноси)га бўлган мулк ҳуқуқини олиш эвазига хусусий уй-жой фонди мулкдорига топшириш ҳуқуқига эга.
Уй-жой биноларини алмаштириш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1985 йил 29 декабрдаги 650-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон ССРда турар жойларни алмаштириш қоидалари», Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1990 йил 4 апрелдаги 162-сонли қарори билан тасдиқланган «Гражданинга шахсий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган уй-жой (квартирани) халқ депутатлари маҳаллий Советлари, давлат, кооператив ва жамоат ташкилотларига қарашли уйлардаги бошқа турар жойга алмаштириш тартиби ҳақида»ги қўлланма ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисида»ги низомнинг VII-бўлими.
22-модда. Уй-жой фондига кўчиб кириш
Уй-жой биносига берилган ордер ижара шартномаси бўйича уй-жой биносига кўчиб кириш учун асос бўлади, ижара шартномаси бўйича уй-жой биносига кўчиб кириш учун — ижара шартномаси ҳамда кўчиб кириш учун ижарага олувчи томонидан берилган ҳужжат, мулкдор учун — мулк ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат, хусусийлаштирилган квартиранинг мулкдори учун эса — мулк ҳуқуқи ҳақидаги давлат ордери асос бўлади. Фуқароларнинг ижарага олинаётган, ёки мулк қилиб олинган уй-жой биносига кўчиб киришини чеклашга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 45 — 47-моддалари.
23-модда. Давлат томонидан бепул уй-жой берилиши
Фуқароларга уларнинг уй-жойлари бузилганида, авария ҳолатлари ва табиий офатлар рўй берганида давлат томонидан уй-жой бепул берилади.
IV. ЕРГА ДОИР МУНОСАБАТЛАРНИ, УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ, УНИ САҚЛАШ ВА ТАЪМИРЛАШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ
24-модда. Уй-жой қуриш учун ер участкаларини олиш, сотиб олиш
Фуқаролар уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари олиш ҳуқуқига эга. Уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган муддатларда белгиланган мақсадда фойдаланиш лозим.
Фуқаролар бошқа уй-жой бинолари (уй-жой соҳасида кўчмас мулклари), шу жумладан бошқа аҳоли пунктларида ҳам, бор-йўқлигидан қатъи назар уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари сотиб олиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддаси.
Фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой биноларини бузиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори асосида уларга бошқа қулай ва шинам уй-жой биноси мулк қилиб берилганидан ёки уларнинг хоҳишига кўра уй-жой қуриш ёхуд эски уйни кўчириш учун аввалгисига тенг қийматдаги ер участкаси ажратилиб, кўрган зарарлари тўла қопланганидан, шунингдек ер участкасини ўзлаштириш даври учун ижара шартномаси шартлари асосида икки йилгача муддатга вақтинчалик уй-жой берилганидан сўнг амалга оширилади.
25-модда. Уй-жой фондини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ҳуқуқи
Уй-жой фондини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ҳуқуқи якка тартибда иморат қурувчига ёхуд ушбу уй-жой фонди фойдаланиш учун ёки ижарага бериб қўйилган жисмоний ёки юридик шахсга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шунингдек бундай ҳуқуқни мулкдор шартнома асосида берган якка тартибда иморат қурувчига берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 138-моддаси.
Уй-жой қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисида»ги низомнинг VIII-бўлими.
26-модда. Жорий ва тубдан таъмирлаш
Давлатга қарашли ва хусусий уй-жой фондларини жорий ва тубдан таъмирлаш, шунингдек улардан фойдаланиш уй-жой фондидан фойдаланиш, уни таъмирлашнинг ягона қоидалари ва нормаларига сўзсиз риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
Давлатга қарашли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни таъмирлаш тасарруфида ва балансида ушбу уй-жой фонди бўлган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Якка тартибдаги уй-жой биноларидан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш уй эгаларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Хусусийлаштирилган квартиралар ва уйлардан, уй-жой ва уй-жой-қурилиш кооперативларига қарашли уйлардаги квартиралардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш, шу жумладан тубдан таъмирлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Уй-жой фондидан фойдаланишнинг техник норма ва қоидалари (рўйхат. № 616, 01.02.1999 й.).
27-модда. Уй-жой фондини қуриш, қайта қуриш, сақлаш ва таъмирлашда рақобатни ривожлантириш
Уй-жой фондини лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қоида тариқасида танлов асосида амалга оширилади.
Давлатга қарашли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш хизматларини кўрсатишга доир шартномалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан, қоида тариқасида танлов асосида тузилади.
28-модда. Уй-жой қуриш ёки сотиб олиш чоғида фуқароларга кредит ва ссудалар бериш
Фуқаролар уй-жой қуриш ёки сотиб олиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда кредит ва ссудалар олиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 8 июлдаги 339-сон «Якка тартибда уй-жой қурувчиларни ва уй-жой қурилиш кооперативлари аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 27 декабрь,
351-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 50-модда; 2001 й., 5-сон, 89-модда)