|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИ ТОМОНИДАН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВА МАДАНИЯТ СОҲАСИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ВАКЦИНАЛАР ВА АСБОБ-УСКУНАЛАР ХАРИД ҚИЛИШГА ГРАНТ АЖРАТИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикага 204 млн Япония иенаси миқдоридаги болалар вакциналари ва Давлат амалий санъат музейини жиҳозлаш учун 46 млн Япония иенаси миқдоридаги асбоб-ускуналар етказиб бериш учун Япония томонидан беғараз берилаётган маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов иккала лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Айирбошлаш ноталарини имзолашга вакил қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Маданият ишлари вазирлигига беғараз ёрдамни олиш учун барча тартиботларни Япония томони билан келишган муддатларда расмийлаштириш ва болалар вакциналари ҳамда музей учун асбоб-ускуналарни етказиб беришга ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Япония Ҳукуматининг юқорида кўрсатиб ўтилган грантларига ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш вазифаси юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келаётган вакцина, асбоб-ускуна, техника ва хизматларни божхона тўловлари ҳамда йиғимлар тўлашдан озод қилсин.
4. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси:
вакциналар ва асбоб-ускуналарни ортиш-тушириш ва аэропортда юкнинг барча сақланиш даврида омборларга жойлаштириш ишларининг тўхтовсиз бўлишини таъминласин;
юкнинг инсонпарварлик хусусиятини эътиборга олиб ички авиалинияларда вакциналар ва асбоб-ускуналарни авиакомпания самолётларида пулсиз ташишни ҳал қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Маданият ишлари вазирлигининг сўмдаги маблағларини беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатишни амалга ошириш учун Япония томонига воситачилик ҳақлари тўлаш учун эркин алмаштиришни назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик йиғимларини ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳаларнинг япониялик қатнашчиларини вақтинчалик рўйхатга олишни ва вақтинчалик рўйхатга олишни узайтиришни, давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 23 август,
330-сон