Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ҚАРОВСИЗЛИГИ ВА УЛАР ОРАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ИШЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 июндаги қарорининг бажарилишини таъминлаш, Тошкент шаҳрида болалар ва ўсмирлар қаровсизлигини, улар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вояга етмаганларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тугатилсин ва унинг негизида Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, ташкил этилган Марказ вояга етмаганлар ўртасида қаровсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини амалга оширувчи, уларга тарбиявий таъсир кўрсатувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига жойлаштириш учун жўнатиладиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш учун бошқа давлатларнинг шундай муассасаларидан келтириладиган вояга етмаганларни қабул қилувчи муассаса ҳисобланади.
2. Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Марказ ходимларининг штат жадвалини асосланган ҳисоб-китоблар асосида икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Ички ишлар вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги ўн кун муддатда Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг биноси, мол-мулки ва транспорт воситалари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази балансига берилишини таъминласинлар.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда маҳаллий бюджет ҳисобидан Марказ биносини таъмирлаш ишлари тугалланишини, Марказга зарур бўлган барча воситалар, анжомлар, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак берилишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ. Кароматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 26 август.,
301-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 15-16-сон, 123-модда)