Ҳужжат кучини йўқотган " " 30.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
1993 ЙИЛНИНГ 1 ИЮЛИДАН МЕҲНАТ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИНГ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 13 сентябрдаги ПФ-648-сонли «1993 йилнинг 1 сентябридан меҳнат ҳақи, пенсиялар ва стипендияларнинг миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши сабабли ўз аҳамиятини йўқотган.
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика аҳолисининг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида:
1. 1993 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида:
иш ҳақининг энг оз миқдори ойига 11.250 сўм қилиб белгиланиб, иш ҳақи ўртача 1,5 баравар оширилсин;
фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 11.250 сўм миқдорида;
меҳнат пенсиясининг энг оз миқдори ойига 12.185 сўм қилиб белгилансин, ҳозирги вақтда амалда бўлган барча турдаги пенсияларнинг миқдорлари 1,5 баравар оширилсин.
2. Олий ўқув юртлари талабаларининг, техникумлар ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари 1,5 баравар кўпайтирилсин. Талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатларнинг қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги иш ҳақини, пенсиялар ва стипендияларни оширишга мазкур Фармонда кўзда тутилган сарф-харажатларни пул билан таъминлаш манбаларини аниқлаб, иш ҳақини ошириш билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг 25 фоизи бюджет муассасалари ва ташкилотларининг сметалар бўйича умумий харажатларини қисқартириш ҳисобидан таъминланишини назарда тутсин.
4. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга ўзларининг даромад манбалари ҳисобидан иш ҳақининг янги энг оз миқдорларини жорий этиш ва меҳнат ҳақини ошириш, даромад манбалари вақтинча етишмай қолган тақдирда эса банк муассасалари аниқ мақсадни кўзлаб берадиган имтиёзли кредитлар ҳисобидан ошириш тавсия қилинсин.
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, тижорат банклари Пенсия жамғармасини, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларни йиллик уч фоиздан ошмайдиган тўлов шарти билан зарур мақсадли кредит маблағлар билан таъминласинлар.
5. Бюджетдан пул билан таъминланадиган вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари, ташкилотлар ва муассасалар ушбу Фармонда белгиланган энг оз иш ҳақи миқдорига асосланиб, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ ходимларнинг мансаб окладлари ўз вақтида қайтадан ҳисоблаб чиқилиши ва тўланишини таъминласинлар.
6. Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий таъминот вазирлиги мазкур Фармонга мувофиқ пенсияларнинг миқдорларини қайтадан ҳисоблаб чиқсин.
7. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки республика корхоналарига, ташкилотлари ва муассасаларига иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминловчи чораларни кўрсин.
8. Ушбу Фармон бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 29 июнь,
ПФ-615-сон