Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.10.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЛАТВИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИ УЧУН ВИЗА ТАРТИБОТЛАРИНИ СОДДАЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 662-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси билан Латвия Республикаси ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ишбилармонлик ва туристик мақсадларда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюраётган Латвия Республикаси фуқаролари учун визаларни расмийлаштириш тартиботларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
ишбилармонлик мақсадларида Ўзбекистонга ташриф буюраётган Латвия Республикаси фуқаролари учун бир йил муддатга кўп марталик визаларни, Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишига доир талабни бекор қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида, ҳужжатларни қабул қилиш кунидан ташқари, 2 иш куни мобайнида расмийлаштирсин;
турист сифатида Ўзбекистонга ташриф буюраётган Латвия Республикаси фуқаролари учун 1 ойгача бўлган муддатга кўп марталик визаларни, туристик ташкилотларнинг туристик ваучерларини тақдим этиш зарурлигига доир талабни бекор қилган ҳолда, ҳужжатларни қабул қилиш кунидан ташқари, 2 иш куни мобайнида расмийлаштирсин.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 207-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 257-модда)
2. Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари ўз идоравий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 6 апрель,
166-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 14-сон, 169-модда; 2017 й., 15-сон, 257-модда)