Ҳужжат кучини йўқотган " " 05.06.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЯНГИ ТАШКИЛ ЭТИЛАЁТГАН ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР ФАОЛИЯТИ УСТИДАН БАНК ВА СОЛИҚ НАЗОРАТИНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПФ-5055-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Янги ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини авж олдириш, ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти учун реал шарт-шароитларга эга бўлган янги тадбиркорлик тузилмалари шакллантирилишини, шунингдек белгиланган ҳисоб-китоб тартибига риоя этилишини таъминлаш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 1999 йилнинг 1 апрелидан бошлаб юридик шахс ҳуқуқларига эга янги ташкил этилаётган савдо ва савдо-воситачилик корхоналарини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, вилоятлар, шаҳарлар, туманларнинг ҳокимликларида рўйхатдан ўтказиш ва солиқ органларида ҳисобга қўйиш уларда ўзларининг устав фаолиятига мос келадиган савдо майдонлари, омборхоналари ҳамда асбоб-ускуналари, шу жумладан, чакана савдо корхоналари учун — назорат-касса аппаратлари ёки уларни харид қилишга ёхуд ижарага олишга маблағлари мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
Мазкур тартибга риоя қилиниши учун шахсий жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек Давлат солиқ қўмитасининг Раиси ва ҳудудий солиқ органларининг раҳбарлари зиммасига юклансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июндаги 2331-сон Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 6-сон, 155-модда)
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари давлат солиқ хизмати органларининг тақдимномасига биноан, молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ пул операцияларини банк ҳисобварақлари орқали амалга оширмаётган юридик шахсларни белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектлар реестридан чиқарсинлар.
4. Хўжалик юритувчи субъект ўзининг юридик манзилгоҳи ўзгаргани ҳақида рўйхатга олувчи органга ва солиқ хизмати органига ўн кун муддат ичида маълум қилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларига солиқ органлари томонидан энг оз иш ҳақи миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача маъмурий жарима солиниши белгилаб қўйилсин.
5. «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармонининг 8-банди савдо ва савдо воситачилик корхоналари учун ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармонни бажариш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 29 март,
ПФ-2276-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 3-сон, 80-модда; 6-сон, 155-модда)