|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
|
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКА «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМҒАРМАСИГА МАБЛАҒ АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Бозор иқтисодиётига ўтиш ҳамда истеъмол молларининг нархлари ва хизматлар ҳақи тўхтовсиз ўсиб бориши шароитида республиканинг «Маҳалла» хайрия жамғармаси аҳолининг камбағал табақаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида, ўз вазифаларини амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан «Маҳалла» жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги 700-сон ҳисоб рақамига йигирма беш миллион сўм пул ўтказилсин.
Белгилаб қўйилсинки, «Маҳалла» жамғармасига ўтказиладиган ҳамда бошқа моддий маблағлар асосан камбағал оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, етим-есирларга, ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш ҳамда аҳолининг ижтимоий зарур талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун мўлжаллангандир.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-26-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 06/21/26/1111-сон)
2. Вазирликлар ва идораларнинг, ассоциациялар, концернлар, хўжаликлар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари инсонпарварлик ва меҳр-шафқат ғояларини тарғиб этишга доир тадбирларни амалда рўёбга чиқариш, республика аҳолисининг энг муҳтож табақаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида «Маҳалла» хайрия жамғармасига аниқ мақсадни кўзлаб ёрдам бериш тавсия этилсин.
3. Газеталар, журналлар, телерадиоэшиттириш муҳарририятлари «Маҳалла» жамғармасига фаолиятини, шунингдек вазирликлар, корхоналар, хўжаликлар ва ташкилотлар республика аҳолисига ижтимоий ёрдам борасидаги ишини кенг тарғиб қилишга оид махсус рукнлар очсинлар.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 8 октябрь,
ПФ-478-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 12-сон, 450-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 06/21/26/1111-сон)