Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2000 ЙИЛДА ҲЎЛ МЕВА-САБЗАВОТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ МАРКАЗЛАШТИРИЛМАГАН ҲОЛДА ЭКСПОРТ ҚИЛИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини марказлаштирилмаган ҳолда экспорт қилишни янада кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 8 июлдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини республика ташқарисига чиқаришнинг вақтинчалик тартибининг амал қилиши 2000 йил 15 октябргача узайтирилсин.
2. Жисмоний ва юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари марказлаштирилмаган ҳолда экспорт қилинганда, шу жумладан, консигнация шартларида ва бартер асосида экспорт қилинганда уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 8 июлдаги 261-сон қарорида белгиланган шартлар ва бериладиган имтиёзлар 2000 йил 15 октябргача сақлаб қолинсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 26 сентябрь,
370-сон