Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКСУВҚУРИЛИШ» КОНЦЕРНИНИНГ ЖИЗЗАХ ПОЛИТЕХНИКУМИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Янги ташкил қилинган Жиззах политехника институтининг ўқув-моддий негизини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбексувқурилиш» концерни, Жиззах политехника институтининг ўқув-моддий негизини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимининг Жиззах политехникумининг бинолари, асосий ва ёрдамчи фондлари, транспорт воситалари, ўқув-лаборатория ва бошқа ускуналарини Жиззах политехника институти тасарруфига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Жиззах политехникумида ҳозирги кунда таълим олаётган ўқувчилар Жиззах индустриал техникумига ўтказилиб, уларнинг эгаллаётган мутахассисликлари бўйича ўқишни тамомлашлари таъминлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ж. Абдуллаева) ва «Ўзбексувқурилиш» концерни (F.Б. Хасанов) Жиззах вилояти ҳокими (А. Тошкенбоев) билан биргаликда:
шу йилнинг 15 августига қадар техникумга тегишли бино ва ускуналарни институтга бериш юзасидан тегишли тадбирларни амалга оширсинлар;
техникумнинг тугатилиши муносабати билан бўшаб қоладиган ўқитувчи ва ходимларни ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш чорасини кўрсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий масалалар, фан ва маданият бўлимига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 12 август,
407-сон