Ҳужжат ҳали кучга кирган эмас
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 7 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 10 сентябрда маъқулланган
Кейинги йилларда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Ўзбек тили мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида фаол қўлланилмоқда, шунингдек унинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Хорижий мамлакатларда ўзбек тилига алоҳида эътибор қаратилиб, уни ўрганишга бўлган қизиқиш кучаймоқда.
Мана шундай шароитда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ва имло қоидаларини соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари асосида такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Ушбу Қонун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ва имло қоидаларини янада такомиллаштиришга ҳамда давлат тилини қўллаш ва рақамлаштириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги 931-XII-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 331-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 6, 119-модда) 1-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1-модда. Ўзбекистон Республикасида лотин ёзувига асосланган, қуйидаги 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилсин:
ЛОТИН ЁЗУВИГА АСОСЛАНГАН
ЎЗБЕК АЛИФБОСИ

Босма

Ёзма

Талаффуз

 

А а

a

 

B b

be

 

D d

de

 

E e

e

 

F f

fe

 

G g

ge

 

Ğ ğ

ğe

 

H h

he

 

I i

i

 

J j

je

 

K k

ke

 

L l

le

 

M m

me

 

N n

ne

 

O o

o

 

Ö ö

ö

 

P p

pе

 

Q q

qe

 

R r

re

 

S s

se

 

Ş ş

şe

 

Ç ç

çe

 

T t

te

 

U u

u

 

V v

ve

 

X x

xe

 

Y y

ye

 

Z z

ze

 

ʼ

ʼ

тутуқ белгиси

 

 

».
2-модда. Ушбу Қонун кучга киргунига қадар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилган ҳужжатларда, миллий валютада ва қимматли қоғозларда ушбу Қонун таҳрири асосида такомиллаштирилган ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлиши уларнинг амал қилишига ва муомалада бўлишига монелик қилмайди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу Қонун таҳрири асосида такомиллаштирилган ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлган рамзий белгилари ва бошқа атрибутларидан, уларнинг биноларида акс эттирилган давлат гербининг бўртма тасвиридан, шунингдек географик объектларнинг номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа ашёлар ва манбалардан улар яроқсиз ҳолатга келиб қолгунига ёхуд ушбу Қонуннинг ижросини амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатга қадар фойдаланилади.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
ушбу Қонуннинг ижросини амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2026 йил 21 октябрь,
ЎРҚ-1184-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2026 й., 03/26/1184/1063-сон)