ХУСУСИЙ УЙ-ЖОЙ МУЛКДОРЛАРИНИНГ ШИРКАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ТУРАР-ЖОЙЛАРГА ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШНИНГ АНИҚ БОЗОРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Турар жойларни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатишнинг аниқ бозорини шакллантиришни тубдан яхшилаш, аҳолининг кўп квартирали уйларни сақлаш ва мукаммал таъмирлашдан манфаатдорлигини ошириш, шунингдек уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўзини ўзи бошқариш институти сифатида ширкатларнинг нуфузини, ташкилий ва молиявий мустақиллигини ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2021 й., 09/21/87/0134-сон)
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
икки ой муддатда вилоятлар, шаҳарлар ва Тошкент шаҳри туманлари хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари уюшмалари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини тушунтириш, хонадонлар мулкдорларини уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириш мақсадида кўп квартирали уйларда яшовчилар билан йиғилишлар ўтказилишини ташкил этсинлар;
2006 йил мобайнида вилоятлар, шаҳарлар ва Тошкент шаҳри туманлари хусусий уй-жой мулкдорларининг уюшмалари билан биргаликда кичик (умумий хонадонлари сони 250дан ортиқ бўлмаган 1 тадан 5 тагача уйлар) ширкатларнинг афзалликлари тўғрисида уй-жой мулкдорлари билан тушунтириш ишлари олиб борсинлар ҳамда шартнома асосида хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатларига хизматлар кўрсатадиган, ихтисослаштирилган бошқариш ва хизмат кўрсатиш (сервис) ташкилотлари, шу жумладан қайта ташкил қилинаётган йирик ширкатлар негизида ташкил этилишига ёрдам кўрсатсинлар;
ўз ҳудудларида хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув марказлари ҳамда аҳоли учун хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари фаолияти масалалари бўйича консультация маслаҳат пунктлари ташкил этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳар йили «Энг яхши шаҳар (туман, вилоят) хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати» танловларини ўтказиш, уларнинг натижаларини ҳамда энг яхши ширкатлар иш тажрибасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2021 й., 09/21/87/0134-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 15-сон, 127-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/384/1266-сон; 22.02.2021 й., 09/21/87/0134-сон)