toggle_night_mode
Ҳужжат 10.03.2006 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ВА УЗУМЧИЛИК СОҲАСИДА АГРОСАНОАТ ФИРМАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 9 январдаги ПФ–3709-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун зарур норматив базани яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган шартномаларнинг тавсия этиладиган шаклларини ишлаб чиқсинлар ва жойларга етказсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 март,
42-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2006 йил 10 мартдаги 42-сон қарорига
ИЛОВА
Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 9 январдаги ПФ–3709-сон Фармонига мувофиқ мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари (кейинги ўринларда Агрофирма деб юритилади) ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Агрофирма фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш ҳамда сотиш асосий фаолияти бўлган юридик шахс ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Агрофирманинг муассислари бўлиши мумкин:
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари;
барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш корхоналари;
юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
хорижий инвесторлар;
Агрофирмаларда қатнашиши қонунда тақиқланмаган бошқа шахслар.
4. Агрофирмани таъсис этишда унинг қатнашчилари ўз мустақиллигини сақлаб қолади.
5. Агрофирмалар унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади.
6. Агрофирмалар тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.
7. Агрофирмалар улар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агрофирмаларни таъсис этишда муассислар тегишли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги субъектларни ташкил этиш учун белгиланган қонун ҳужжатлари талабларини бажариши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Агрофирмалар таркибида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.
9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари Агрофирмаларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этишнинг асосий принциплари
10. Агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш қуйидаги асосий принципларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:
Агрофирмалар фермер хўжаликлари томонидан ихтиёрий асосда ташкил этилади, бунда муассислар таркибига, фермерлар билан бир қаторда, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари кириши мумкин;
Агрофирмалар исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда, шу жумладан хорижий инвестор билан қўшма корхоналар шаклида ташкил этилиши мумкин;
фермер хўжаликларининг Агрофирмалар таркибига кирувчи қайта ишлайдиган ва бошқа корхоналар билан ўзаро муносабатлари тузилган узоқ муддатли шартномалар асосида амалга оширилади, ушбу шартномаларда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади, шу жумладан етказиб бериладиган маҳсулотнинг камида 30 фоизи аванс билан таъминланиши ҳамда кейинчалик маҳсулотларнинг кафолатли равишда харид қилиниши белгилаб қўйилади;
фермер хўжаликлари — Агрофирмалар таъсисчилари шартномадагидан ортиқча етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз хоҳишига кўра ички бозорда сотади ва экспорт қилади.
III. Агрофирмаларнинг мақсади ва асосий вазифалари
11. Агрофирма асосан қишлоқ жойларда, унинг қатнашчилари саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилади.
12. Қуйидагилар Агрофирмаларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш;
маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум етиштиришнинг мақбул ҳажмларини белгилаш;
оқилона технология ва кооперация алоқаларини яратиш;
экспорт потенциалини кўпайтириш ва инвестициялар жалб этиш;
аҳолини иш билан таъминлаш.
IV. Агрофирманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Агрофирма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишлаб чиқариш фаолиятини мустақил ташкил этиш ва амалга ошириш, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш;
етиштирилган маҳсулотларни сотиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан, шу жумладан бюджет ташкилотлари билан хўжалик шартномалари тузиш;
маҳсулотни сотиб олиш юзасидан фермер ва деҳқон хўжаликлари билан фьючерс контрактлари тузиш;
аҳолидан мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум харид қилиш;
етиштирилаётган маҳсулотга ва бажарилаётган ишлар (кўрсатилаётган хизматлар)га мустақил нарх белгилаш;
олинган даромад (фойда)ни, шунингдек ўзига хизмат кўрсатувчи банкларнинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини ўз хоҳишига кўра белгиланган тартибда тасарруф этиш;
кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки, пул маблағларини шартнома асосида жалб этиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга ва такрорий ишлаб чиқаришга йўналтириш;
ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш.
Агрофирма қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Агрофирма:
ўз ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга;
тузилган шартномалар шартларини бажаришга;
солиқлар ва мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлашга мажбур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агрофирма қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. Агрофирманинг мол-мулки
15. Агрофирманинг мол-мулки:
муассислар томонидан унинг устав фондига улуш шаклида қўшилган мол-мулк;
ишлаб чиқариш фаолияти натижасида олинган маҳсулотлар;
товарларни сотиш, ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш)дан, шунингдек фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширишдан олинган даромад (фойда);
қимматли қоғозлардан олинган даромад;
юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз, хайрия ва бошқа эҳсонлари;
белгиланган тартибда сотиб олинган технология асбоб-ускуналари, бинолар, транспорт воситалари, пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектлари ҳамда бошқа мол-мулк;
жалб этилган маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни сотиб олиш ва қайта ишлаш Агрофирма томонидан ўз маблағлари ва жалб этиладиган ресурслар ҳисобига амалга оширилади.
17. Агрофирма томонидан кўрилган зарарлар унинг мол-мулки ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мол-мулк ҳисобига қопланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар
18. Агрофирма ходимлари ишга белгиланган тартибда меҳнат шартномасига мувофиқ қабул қилинади. Вазифалар бажарилишини таъминлаш учун шахслар Агрофирма томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этилиши мумкин.
19. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шакли қонун ҳужжатларига мувофиқ агрофирма томонидан мустақил равишда белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VII. Ҳисоб ва ҳисобот
20. Агрофирма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни юритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Агрофирманинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VIII. Солиқ солишга доир имтиёзлар
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 9 январдаги ПФ–3709-сон Фармонига мувофиқ янгидан ташкил этиладиган агросаноат фирмалари даромад (фойда) солиғи, ер солиғи, мулк солиғи, қўшилган қиймат солиғи (импортга қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно), ягона солиқ тўлови тўлашдан давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб 3 йил муддатга озод этилади.
Солиқ солишдан бўшайдиган маблағлар мақсадли тартибда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, кўчатлар экиш ҳамда боғ ва узумзорларни кенгайтириш бўйича ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IX. Агрофирмани қайта ташкил этиш ва тугатиш
23. Агрофирмани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 11-сон, 84-модда; 2009 й., 10-11-сон, 115-модда, 15-сон, 190-модда; 2012 й., 8-9-сон, 85-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)