Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Вазирлар Маҳкамаси қайд қиладики, хўжаликлар ихтиёрида қолдириладиган пахта толаси ва бошқа маҳсулотларни сотиш бўйича Қорақалпоғистон республика ва вилоятлар уюшмалари томонидан товар айирбошлаш (бартер) операцияларини бажаришда пахта толасидан нооқилона фойдаланишнинг кўплаб ҳолларига йўл қўйилмоқда. Тола иккинчи даражали товарлар ва ресурсларга алмаштириш учун жўнатилмоқда, айирбошлашнинг тенг қийматлилигига ҳамма вақт ҳам риоя қилинмаяпти. Баҳосини пасайтириш каби суиистеъмолликлар ва бунинг ҳисобига пора олиш ҳоллари кўплаб юз бермоқда.
Пахта толасини сотиш кўпинча бир қанча воситачилар иштирокидa ҳамда туманлар ва вилоятлар ҳокимликларининг аралашуви билан амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси амалга оширилаётган бартер битишувларининг самарадорлигини пасайтирмоқда, республика халқ хўжалигига иқтисодий зарар етказмоқда, хўжаликларнинг мустақиллигини ва ташаббусини бўғиб қўймоқда.
Пахта толаси ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни МДҲ мамлакатларидаги истеъмолчиларга сотишда зарур тартиб ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзшартномасавдо» ва «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмалари ҳукуматлараро битимлар бўйича барча пахта толасини сотишни, экспортга етказиб бериш ва эркин алмаштириладиган валютага сотишдан ташқари, республикага энг зарур товарларни, биринчи навбатда озиқ-овқат ва хом ашё келтиришни назарда тутган ҳолда мутлақо клиринг асосида амалга оширсинлар.
2. Белгилаб қўйилсинки, хўжаликлар ихтиёрида қолдириладиган барча пахта толаси Қopaқaлпoғиcтoн республика ва вилоят уюшмалари орқали истеъмолчилар билан тузиладиган тўғридан- тўғри шартномалар асосида асосан эркин алмаштириладиган валютага улар томонидан мустақил сотилади. Қолганлари белгиланган тартибда озиқ-овқат ва моддий-техника ресурсларига алмаштирилиб фақат клиринг асосида ва бартер шартлари бўйича сотилади, республика истеъмолчилари бундан мустаснодир.
3. «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси (ўртоқ Зикриёев), унинг вилоят бўлинмалари давлат ресурсларидаги ва хўжаликлар ихтиёрида қолдириладиган пахта толасидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш устидан қатъий ҳисоб-китоб ва назорат ўрнатсинлар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари хўжаликлар ихтиёрида қолдириладиган пахта толасини сотишда уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари камситилишига йўл қўймасинлар, пахта толаси ресурсларини ўта тақчил бўлмаган товар-моддий ресурсларини республикага келтиришга жалб қилиш ҳолларининг олдини олсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси (ўртоқ Зикриёев), «Ўзшартномасавдо» давлат уюшмаси (ўртоқ Шарипов), Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги (ўртоқ Рустамбеков), Ўрта Осиё Темир йўл бошқармаси (ўртоқ Желтоухов), «Ўзавтотранс» корпорацияси (ўртоқ Ахметов), Божхона қўмитаси (ўртоқ Абдуғаниев) раҳбарлари зиммасига юклатилсин.