1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.01.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги умумий қоидалар / 10.01.01.00 Умумий масалалар. Ташқи иқтисодий алоқалар субъектлари;
2.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.32.00 (Кучини йукотган) Малака ошириш. Қайта тайёрлаш]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ТАШҚИ АЛОҚАЛАРИ СОҲАСИДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИ, УЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШНИ ВА АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 662-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти кўламининг ва фаоллигининг ўсиб бораётганлигини, унинг халқаро обрў-эътибори ортаётганлигини ва турли мамлакатлар, нуфузли халқаро сиёсий ва иқтисодий ташкилотлар билан ҳар томонлама алоқаларнинг чуқурлашаётганлигини эътиборга олиб, шунингдек, халқаро аҳвол бўйича мутахассисларни жадаллик билан тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш заруриятидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
бир ой муддатда ташқи сиёсий фаолият соҳасида мутахассисларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларни аттестациядан ўтказишни такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқсин;
3 ой муддатда турли давлат тузилмаларида халқаро фаолиятни амалга ошириш учун кадрлар захирасини тўлдиришни таъминласин;
бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Ташқи ишлар вазирлигининг янги тузилмасини ва Низомини тасдиқлаш учун тақдим этсин, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг ҳамда унинг чет эллардаги муассасалари ишининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритсин;
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги ПФ-133-сонли «Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига қаранг.
бир ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги тизимига компьютер орқали тест усулидан фойдаланган ҳолда шартнома асосида ишга қабул қилиш тўғрисидаги низомни, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги тизимида кадрларни даврий аттестациядан ўтказиш ва ротациялаш (алмаштириш) тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин;
икки ой муддатда замонавий компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда махсус тест дастурлари асосида Ташқи ишлар вазирлиги ходимларини аттестациядан ўтказсин ва уларнинг натижаларига кўра контракт асосида янги меҳнат шартномаси тузсин. Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига ходимларнинг лавозим маошларига юксак малакаси, чет тилларни билиши ва компьютер техникаси билан ишлаш малакасига эга бўлганлиги учун белгиланган иш ҳақи фонди доирасида махсус устамалар белгилашга рухсат этилсин;
халқаро аҳвол бўйича мутахассислар тайёрлашда ва қайта тайёрлашда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида таҳлилий ишларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг, бошқа ўқув юртларининг ва илмий-тадқиқот институтларининг маънавий имкониятларидан фаол фойдалансин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик курсларни битирувчиларни тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш ишларига раҳбарликни амалга оширсин;
(1-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро аҳвол бўйича мутахассис-кадрлар тайёрлашдаги ҳар йилги эҳтиёжни аниқласин ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида зарур миқдордаги мутахассисларни ўқитиш учун давлат буюртмалари берсин;
халқаро аҳвол бўйича мутахассис-кадрлар тайёрлаш соҳасидаги жаҳон андазалари асосида, шунингдек, уларга бўлган эҳтиёжларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ташқи алоқалари истиқболларини ҳисобга олиб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги таълим савияси ва сифатига қўйиладиган талабларни белгиласин;
чет эллардаги ўқув ва илмий марказлар, халқаро иқтисодий ва сиёсий ташкилотлар ҳамда муассасаларда Ташқи ишлар вазирлигининг, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ёш, истиқболли мутахассисларининг 1993-1994 ўқув йилида 15 нафари, 1994-1995 ўқув йилида 30 нафарининг амалий иш тажрибасини оширишини таъминласин. Уларнинг асосий эътибори чет мамлакатларнинг ташқи иқтисодий идоралари иш тажрибаларини ўрганишга, халқаро шартнома тузиш тажрибасига, протокол ва консуллик хизматлари фаолиятига қаратилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ташқи ишлар вазирлигининг буюртманомаларига кўра зарур бўлган маблағлар, шу жумладан, халқаро аҳвол бўйича мутахассислар тайёрлашга мақсадли валюта маблағлари ажратсин.
2. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бир ой муддатда жаҳон тажрибаси ва ташқи сиёсий фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимида лавозимларни эгаллаш учун замонавий компьютер техникасидан фойдаланиб махсус тестлар ва малакали тест ўтказиш услубиятини ишлаб чиқсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятига раҳбарлик қилиш учун шахсий масъулият Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири С. Саидқосимов зиммасига юклатилсин.