Ўзбекистон Республикаси номидан
2026 йил октябрь ойининг 13 куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ўз биносида, очиқ суд мажлисида
раислик қилувчи, судья У. Холов,
ҳайъат аъзолари Д. Абдукахарова ва З. Каримовдан иборат таркибда, С. Бешимовнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори И. Айдусов, аризачи Г. Эргашева, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси вакиллари Ж. Мингишов ва С. Хайритдиновнинг иштирокида, аризачи Эргашева Гулнора Холдаровнанинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасига нисбатан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризачи бўйича 5-1-267/13-сонли маъмурий ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Аризачи Г. Эргашева суд мажлисидаги тушунтиришида, аризада келтирилган важларни қувватлаб, Низомни
9-банди Солиқ
кодекси ва бошқа қонунчилик талабларига зид эканлигини билдириб, Низомнинг ушбу бандини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги вакили Ж. Абдурахмонов ўз тушунтиришида, низоли бўлган Низом 2010 йилда қабул қилинганлиги ва шу даврдаги Солиқ кодекси мазмунига зид бўлмаганлигини, вазирликда қонун ости ҳужжатлари доимий мониторинг қилиб борилиши ва қонунчиликка зид бўлганларини бекор қилиш чоралари кўрилишини билдириб, шикоятни қонунда белгиланган тартибда ҳал қилишни сўради.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси вакиллари Ж. Мингишов ва С. Хайритдинов аризага нисбатан эътироз билдириб, Низомнинг
9-бандига мувофиқ, ҳисобвараққа ўтказилган маблағлар бир йил ичида қайтариб олинган тақдирда даромад солиғи ҳисобланишини, солиқ имтиёзлари эски ва янги таҳрирдаги Солиқ
кодексида бир хил белгиланганлиги, шунингдек, Адлия вазирлигининг хатида Низомнинг қўлланилган нормаси Солиқ кодексининг аввалги таҳририга мувофиқлиги, янги таҳрирдаги Кодексни эса қайта кўриб чиқиш зарурлиги билдирилганлигини, Низом ёки Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш масаласи ҳозирга қадар муҳокама қилинмаганлигини кўрсатиб, аризани рад этишни сўрадилар.
Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили С. Абдурайимов ўз тушунтиришида, янги таҳрирдаги Солиқ
кодексига ўзгартириш киритиш таклифи берилганлиги, ушбу ҳолатда Низом талаблари Солиқ кодексига зид деб ҳисобламаслигини билдирди.
Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб, чиқиб, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, прокурорнинг аризани қаноатлантириш ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра аризани қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 181-моддасининг
учинчи қисмига кўра, суд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда унинг тўлалигича ёки муайян қисми нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қонунчилик ҳужжатига мувофиқлигини, шунингдек, низолашилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатларини ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтганлигини текширади.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 июнда 2111-рақам билан рўйхатдан ўтказилган, «Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг
9-бандида, агар жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий бадаллар тарзида тушган маблағлар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, ушбу маблағларга жисмоний шахснинг жами йиллик декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси Солиқ
кодексида белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, деб белгиланган.
Аризада келтирилган важларга кўра, юқоридаги Низомга асосан, ишловчи пенсионерлар номидан солиқ органлари томонидан уларнинг хабарисиз ва розилигисиз «Soliq.uz» порталидаги шахсий кабинетларига кириш орқали, 2026 йил апрель — июнь ойларида даромадлар тўғрисидаги декларациялар расмийлаштирилиб, бир йўла бир неча йил учун даромад солиғи ҳисобланган ҳолда тақдим этилган.
Бундан норози бўлган аризачи юқоридаги талаб билан судга мурожаат қилган.
Конституциявийлик, қонунийлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги, ошкоралик, илмийлик, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплектлилиги, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги
Қонунининг асосий принциплари ҳисобланади.
Мазкур Қонуннинг
8-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси
Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устуворлиги тан олиниши, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига йўлланган 2026 йил 2 июлдаги 10/12-11936/8-сонли хатда, Солиқ кодексининг
378-моддаси ва «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг
14-моддасига асосан солиқ тўловчининг фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилиниши белгиланганлиги, бироқ, Солиқ
кодексида юқоридаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни (рўйхат рақами 2111, 2010 йил 4 июнь) қабул қилиш тўғридан тўғри назарда тутилмаганлиги ҳамда мазкур Кодексда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ихтиёрий бадаллар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, уларга даромад солиғи солиниши белгиланмаганлиги кўрсатилиб, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг
18-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши кераклигидан келиб чиқиб, ижтимоий муносабатларни ўз вақтида ва самарали ҳуқуқий тартибга солиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Солиқ
кодексига қисқа муддатларда жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий бадаллар тарзида тушган маблағлар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, ушбу маблағларга жисмоний шахснинг жами йиллик декларацияси асосида даромад солиғи солинишини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 387-моддаси 16-бандида, солиқ тўловчининг фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди, деб белгиланган.
Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг
18-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.
Иш ҳолатларидан аниқланишича, Низомнинг
9-банди ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган қонунларга мувофиқ эмас.
Судда жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари ўз эътирозларини исботлаб бера олмади.
Шу боис, судлов ҳайъати аризачи Г. Эргашеванинг аризасини асосли деб ҳисоблаб, уни қисман қаноатлантиришни ва «Ўзбекистон Республикаси ДТ «Халқ банки» даги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг
9-бандини Ўзбекистон Республикасининг Солиқ
кодекси қонуний кучга кирган санадан, яъни 2020 йил 1 январдан эътиборан ҳақиқий эмас деб топишни лозим деб топади.
Судлов ҳайъати, суд харажатлари тақсимоти масаласини муҳокама қилиб, аризачи судга мурожаат қилишда давлат божи тўламаганлигини, ариза қаноатлантирилганлигини, «Давлат божи тўғрисида»ги
Қонунга кўра солиқ органлари давлат божи тўлашдан озод қилинганлигини инобатга олади.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг
30,
154,
182-моддасига амал қилиб, судлов ҳайъати қарор қилади:
Аризачи Эргашева Гулнора Холдаровнанинг аризаси қисман қаноатлантирилсин.
Ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.