toggle_night_mode
Ҳужжат 23.10.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Тошкент шаҳри агломерациясида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, иссиқхона хўжаликларининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, уларни замонавий, энергия тежамкор ва паст ташламали (эмиссияли) иситиш технологияларига ўтказиш, экологик назоратнинг рақамли механизмларини жорий этиш ҳамда экологик модернизацияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари иссиқхона хўжаликлари фаолияти учун махсус экологик тартиб жорий этиладиган ҳудуд (кейинги ўринларда — Махсус ҳудуд) этиб белгилансин.
2. Белгилансинки, Махсус ҳудудда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосалари асосида:
а) иситиш тизимига эга бўлган иссиқхона хўжаликлари фаолияти фақатгина табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал энергия, қуёш энергияси ҳамда иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
б) қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллетлари) фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликлари 2026 йил 1 декабрга қадар иссиқхонани иситиш турини мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган иситиш турларига ўзгартириб, фаолияти давом эттирилади;
в) иссиқхона хўжаликларига қаттиқ ёқилғидан фақатгина қуйидаги талабларнинг барчасини бир вақтнинг ўзида бажарган ҳолда фойдаланишга рухсат этилади:
қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда белгиланган самарадорлик кўрсаткичига эга чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш;
миллий стандартга мувофиқ қозон қурилмаларининг атмосферага ташламалари миқдорини ўлчайдиган узлуксиз автоматик мониторинг тизимини (CEMS) ўрнатиш, уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси) ахборот тизимларига интеграция қилиш ҳамда маълумотларни реал вақт режимида узлуксиз узатиб бориш;
қозон қурилмалари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва автоматик мониторинг тизимларининг мувофиқлик сертификатига эга бўлиши;
қозон қурилмалари ва тутун чиқариш мўрисидаги жараёнларни узлуксиз кузатиш имконини берувчи онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш;
узлуксиз автоматик мониторинг тизими, чанг-газ тозалаш ускунаси ва камералар фаолиятини узлуксиз электр энергия билан таъминлашда қувват манбаи ва захира генератори билан жиҳозлаш;
ҳосил бўлган чиқиндиларни (кул, оғир металл, қуйқа, шлам ва бошқа заҳарли моддалар) белгиланган тартибда тўплаш, ташиш ва утилизация қилиш;
ускуналарнинг техник ҳужжатларида назарда тутилмаган ва уларнинг ишлаш тизимига таъсир қиладиган ўзгартиришлар киритишни тақиқлаш.
3. Махсус ҳудудда фаолият юритувчи иссиқхона хўжаликларида шиналар, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толаси, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш таркибли материалларни ёқилғи сифатида ёқиш қатъиян тақиқлансин.
4. Махсус ҳудудда жойлашган қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналарга белгиланадиган экологик талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларининг экологик модернизацияси молиявий қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий қилинсин:
а) 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор экранлар, энергия самарадор технологиялар, шунингдек, электр, геотермал, қуёш ва когенерация асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ иссиқхона хўжалигининг ҳар бир гектари учун 50 миллион сўмдан ошмаган қисмига Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;
б) автоматик мониторинг станцияларини (CEMS) харид қилишда:
Экология қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази томонидан тасдиқланган техник шартларга мувофиқ Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан истак билдирган иссиқхоналарга уч томонлама шартнома тузиш орқали 7 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан, шунингдек, автоматик мониторинг станцияларини (CEMS) ўрнатиш, қўмита ахборот тизимига интеграция қилиш ва узлуксизлигини таъминлаш мажбурияти билан ҳар бир станция учун 350 млн сўмдан ортиқ бўлмаган маблағлар молиялаштирилади.
Бунда станцияларни ўрнатиш, Экология қўмитасининг ахборот тизимига интеграция қилиш, мониторинг маълумотларининг узлуксиз узатилишини таъминлаш ҳамда тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, ёзма огоҳлантиришдан сўнг шартномада белгиланган тартибда станцияларни демонтаж қилиш ва қайтариб олиш чоралари кўрилади ҳамда тўлов муддати келган қарздорлик акцептсиз тартибда ундирилади;
в) 2026-2027 йилларда электр энергияси, геотермал, қуёш энергияси, когенерация иситиш тизимларига ўтиш лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари орқали 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада лойиҳа қийматининг 50 фоизигача қисмига ва ҳар бир гектарга 3 миллиард сўмгача миқдорда кредитлар ажратилади.
6. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия икки ҳафта муддатда 2030 йил 1 январга қадар импорт қилишда иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш ва модернизация қилиш лойиҳалари учун олиб кириладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган чанг-газ тозалаш ускуналари, энергия тежамкор қозонлар, когенерация қурилмалари, геотермал ва қуёш энергетикаси ускуналари, автоматлаштирилган эмиссия мониторинги тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини божхона божидан озод этишга доир қарор қабул қилсин.
7. Экология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
бошқа соҳаларда атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатадиган ёқилғидан (кўмир, пеллет, газ ва б.) фойдаланиш орқали иссиқлик ишлаб чиқариш қозон қурилмаларига экологик меъёрларни қонунчилик ҳужжатлари билан белгилашга оид;
атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналарни экологик фаолият даражасидан келиб чиқиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратиш ҳамда уларга қўйилган талабларни қонунчиликда белгилаш бўйича тизимни жорий қилиш юзасидан;
атмосфера ҳавосини ифлослантирганлик учун жазони белгилашда ҳуқуқбузарликларни содир этиш ашёларини мусодара қилиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Белгилансинки, атмосфера ҳавосини экологик мониторинг қилиш учун Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан юқори сифатдаги камералар, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар), шунингдек сунъий интеллект технологияларига асосланган дастурий-техник ечимлар белгиланган тартибда харид қилинади.
9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу қарорнинг 5-банди:
«а» кичик бандида назарда тутилган субсидияни тегишли қисмини молиялаштириш учун Аграр соҳада тўловлар агентлигининг талабномасига асосан зарур маблағларни;
«б» кичик бандидаги назарда тутилган кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларининг буюртмасига асосан 7 йил муддатда 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 фоиз ставкада жорий йилда республика бюджетининг 2026 йил III чораги якуни бўйича даромадларнинг режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 150 миллиард сўмгача маблағ ажратсин, шунингдек, 2027 йилда зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилишини таъминласин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология қўмитаси ва Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари иссиқхона хўжаликлари эгалари билан биргаликда бир ҳафта муддатда махсус ҳудуддаги ҳар бир иссиқхона хўжалиги учун экологик талабларга мувофиқлаштиришнинг қуйидагиларни назарда тутувчи индивидуал «йўл харитаси»ни тасдиқласин:
ёқилғи турини алмаштириш (зарур бўлганда);
энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари;
мазкур қарорнинг 2-банди «в» кичик бандида назарда тутилган тизимлар ва ускуналарни ўрнатиш;
«Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудига ёки қишлоқ хўжалиги учун мақбул бошқа ҳудудларга кўчириш ёхуд иссиқхона хўжалиги фаолиятини тўхтатиш чора-тадбирлари, шунингдек, ушбу қарорда белгиланган талабларни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини қўллаш;
молиялаштириш манбалари, масъуллар ва аниқ муддатлар.
11. Қуйидаги рўйхатлар бир ой муддатда тасдиқланиб, иссиқхона хўжаликларига доимий етказиб берилиши ва расмий веб-сайтларда эълон қилинишини таъминлансин:
Экология қўмитаси томонидан — экологик талабларга жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда узлуксиз автоматик мониторинг станцияларини ишлаб чиқарувчилар/етказиб берувчилар;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Экология қўмитаси билан биргаликда — иссиқхона хўжаликларида қўлланилиши тавсия этиладиган экологик тоза ва энергия самарадор қозон қурилмалари.
Бунда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган субсидия, компенсация ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари мазкур рўйхатларга киритилган ускуналарни харид қилиш учун йўналтирилиши назарда тутилади.
12. Белгилансинки, иссиқхоналарни иситиш қозонларига ўрнатилган фильтрлардан ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар ҳамда гидропоника оқавалари (кейинги ўринларда — фильтратлар) тозаланиб, техник сув сифатида қайта ишлатишга йўналтирилади. Бунда:
а) Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги:
2027 йил 1 январга қадар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Оҳангарон туманида жойлашган экосаноатзона ҳудудида фильтратларни вақтинча сақлаш омборини қуриб, ишга туширади;
2027 йил 1 апрелга қадар фильтратларни қайта ишлаш бўйича тарифларни ишлаб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишади ҳамда тасдиқлайди ҳамда фильтратларни қайта ишлаш тизимини тартибга солиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритади;
2027 йил 1 июнга қадар фильтратларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхонани (операторни) белгиланган тартибда танлайди;
б) Тошкент вилояти ҳокимлиги 2026 йил 1 ноябрга қадар Тошкент вилояти ҳокимлиги Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган экосаноатзона ҳудудидан белгиланган тартибда ер майдонини ажратиб беради;
в) фильтратларни вақтинча сақлаш омборини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда, босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат этилади;
г) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлиги ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги фильтратларни сақлаш омбори қурилиши бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларини 2026 йил 1 ноябрга қадар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказади;
д) мулкчилик шаклидан қатъий назар иссиқхона эгалари ўзларида ҳосил бўлган фильтратларни ушбу операторга белгиланган тарифлар асосида топширади.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон Фармонига мувофиқ Экология қўмитаси томонидан атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувларини ифлослантирувчи манбалар мониторинги, атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш учун иншоотлар ўрнатиш, ускуналар, жиҳозлардан, шунингдек, атмосферага чиқариб ташланадиган зарарли моддалар миқдори ва тартибини назорат қилувчи воситалардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши бўйича мониторинг ваколатли органни текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этиш тартибида ўтказилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
14. 2026 йил 1 декабрдан бошлаб мазкур қарорнинг 2-бандида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган иссиқхона хўжаликларига давлат экологик экспертизаси бўйича ижобий хулоса берилмайди, шунингдек, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади. Бунда иссиқхона хўжаликларига нисбатан:
Экология қўмитаси томонидан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлиги ва чиқиндиларни жойлаштирганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик қўллаш;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан тегишлилиги бўйича иссиқхонани электр, газ ва сув таъминотидан узиш чоралари кўрилади.
15. Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ер участкасидан экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда белгиланган тартибда бекор қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.
16. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 10 апрелдаги «Сурхондарё вилоятида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 162-сон қарорининг 5-банди «б» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Экология қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа объектларида фойдаланилаётган қозонхоналарнинг атроф-муҳитга таъсиридан келиб чиқиб экологик талабларни белгилаш, шунингдек, уларни энергия самарадор технологиялар билан жиҳозлашни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
18. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Экология қўмитаси ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 октябрь,
586-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 586-сон қарорига
ИЛОВА
Махсус ҳудудда жойлашган қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналарга белгиланадиган экологик талаблар тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида (кейинги ўринларда — Махсус ҳудуд) жойлашган қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллетлари) ишловчи иссиқхона хўжаликларига қуйидаги талабларни белгилайди:
а) ёқилғи ёқувчи қурилмаларини лойиҳалаш, жойлаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишга доир мажбурийликни;
б) ташламалардаги ифлослантирувчи моддаларнинг чегаравий концентрацияларини, чанг-газ тозалаш ускуналарининг минимал самарадорлик кўрсаткичларини, ёқилғи хўжалигига, кул ва шлак билан ишлашга, чиқиндиларни назорат қилишни ҳамда белгиланган тартиб бузилганда амал қилинадиган чора-тадбирларни.
2. Ушбу Низом фақат Махсус ҳудудда қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллетлари) фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликлари учун татбиқ этилади.
3. Мазкур Низом атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, давлат экологик экспертизаси ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, экологик назорат, чиқиндилар, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек, мажбурий санитария қоидалари ва меъёрлари билан ўзаро боғлиқликда қўлланилади.
4. Мазкур Низом талаблари иссиқхона хўжаликларида фаолият юритаётган ёки юритишни режалаштираётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, қозонхона ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини лойиҳалаштирувчи, монтаж қилувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, шунингдек, мувофиқликни баҳоловчи аккредитацияланган органлар ва синов лабораториялари учун мажбурийдир.
2-боб. Асосий тушунчалар
5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
а) иссиқхона хўжалиги — бир ёки бир нечта иссиқхонадан ҳамда ўзига тегишли ёки умумий иссиқлик таъминоти манбаларидан қаттиқ ёқилғида фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъект;
б) ёқилғи ёқувчи қурилма — иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун қаттиқ ёқилғи ёқиладиган қозон, иссиқлик генератори, печь ёки бошқа қурилма;
в) суммар ўрнатилган иссиқлик қуввати — бир ишлаб чиқариш майдончасидаги, шу жумладан бир вақтда ишлашга техник жиҳатдан қодир бўлган захира қурилмалар ҳам киритилган барча қаттиқ ёқилғи ёқувчи қурилмаларнинг номинал иссиқлик қувватлари йиғиндиси;
г) чанг-газ тозалаш ускуналари — қаттиқ заррачаларни ушлаб қолиш ва газсимон ифлослантирувчи моддаларни ажратиб олиш/тозалаш учун мўлжалланган қурилма, коммуникациялар, автоматика ва ёрдамчи ускуналар мажмуи;
д) ёпиқ ёқилғи омбори — сақланаётган ёқилғига шамол таъсирида чанг тарқалиши, тупроқнинг ифлосланиши ва атмосфера ёғинларининг тушишини истисно этувчи, том, тўсиқ конструкциялари ва ўтказмайдиган асосга эга бўлган капитал ёки модуль иншооти;
е) механизациялашган ёқилғи узатиш — ёқилғини омбордан ёқилғи ёқувчи қурилмага очиқ қўлда қайта юклаш йўлисиз, ёпиқ узаткичлар, транспортёрлар, қувурлар ёки бошқа ускуналар орқали меъёрланган ҳолда узатиш;
ж) кул ва шлакни ёпиқ йиғиш — кул-шлак чиқиндиларини чанг чиқиши ва тўкилишининг олдини олган ҳолда герметик бункерлар, силослар ёки ёпиқ контейнерларда олиб чиқиш, ташиш ва тўплаш;
з) сезгир ҳудуд — турар-жой бинолари, таълим, тиббиёт, ижтимоий ёки рекреация ташкилоти, муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ёхуд қонун ҳужжатида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг юқори даражаси белгиланган бошқа объект;
и) узлуксиз қувват манбаи — ташқи электр таъминоти тўхтаганда автоматика, назорат асбоблари, фильтрни регенерация қилиш, реагентни дозалаш, ижрочи механизмлар ишлаши ва ускунани хавфсиз тўхтатишни таъминловчи узлуксиз электр таъминоти манбаи;
к) авария режими — тортиш-пуфлаш, чанг-газ тозалаш, назорат-ўлчов ускуналари, узлуксиз қувват манбаи, захира электр таъминоти ишдан чиққанда ёки ташламаларнинг йўл қўйиладиган кўрсаткичлари ошиб кетганда амал қиладиган иш режими.
3-боб. Қувват, ёқилғи тури ва жойлаштириш шартлари
6. Мазкур Низом мақсадларида ёқилғи ёқувчи қурилмалар бир ишлаб чиқариш майдончаси доирасида бирлаштирилади ҳамда суммар ўрнатилган иссиқлик қувватига қараб қуйидаги қувват гуруҳларига ажратилади:

Гуруҳ

Суммар ўрнатилган қувват

МВт (мегаВатт)

Тавсиф

I

0,7 МВт дан кам

кичик қурилмалар

II

0,7 МВт дан 2,8 МВт гача (2,8 дан кам)

кичик ва ўрта қозонхоналар

III

2,8 МВт дан 7 МВт гача (7 дан кам)

ўрта қозонхоналар

IV

7 МВт дан 14 МВт гача (14 дан кам)

йирик қозонхоналар

V

14 МВт ва ундан юқори

йирик ва устувор манбалар

1-жадвал. Суммар ўрнатилган иссиқлик қуввати бўйича гуруҳлар
7. Технологик жиҳатдан ўзаро боғлиқ қозонхонани бир нечта манбага бўлиш ёки алоҳида қозонларни турли шахслар номига расмийлаштириш, агар улар бир ишлаб чиқариш майдончасида жойлашган, умумий иссиқлик таъминоти, ёқилғи ёки тутун чиқариш тизимига эга бўлса ёхуд биргаликда фойдаланиш имконияти мавжуд бўлса, суммар ўрнатилган иссиқлик қуввати қўшиб ҳисобланади.
8. Жойлаштириш хусусиятларига кўра иккита тоифа белгиланади:
а) А тоифа — сезгир ҳудуд чегарасидан 200 метргача бўлган масофада жойлашган иссиқхона қозонхоналарининг ташлама манбалари;
б) Б тоифа — сезгир ҳудуд чегарасидан 200 метрдан ортиқ масофада жойлашган иссиқхона қозонхоналарининг ташлама манбалари.
4-боб. Йўл қўйиладиган ташламалар меъёрлари
9. Ташламалардаги ифлослантирувчи моддаларнинг чегаравий концентрациялари нормал шароитларда — 273,15 Келвин (К) ҳарорат ва 101,325 килоПаскал (кПа) босимда бўлганда белгиланади.

Ифлослантирувчи модда

А тоифа, мг/Нм³

Б тоифа, мг/Нм³

Қаттиқ заррачалар

25

115

Олтингугурт ангидриди, SO2

411

822

Азот диоксиди, NO2

300

400

Углерод оксиди, CO

1 000

2-жадвал. Ифлослантирувчи моддаларнинг чегаравий концентрациялари
Изоҳ. Барча ҳолларда якка тартибдаги экологик нормативлар ва атмосфера ҳавоси сифатига оид гигиена меъёрларига риоя этилади.
10. Ўлчов натижасини кислороднинг базавий миқдорига келтириш тасдиқланган услубиётга мувофиқ амалга оширилади. Белгиланган концентрацияга расман риоя қилиш мақсадида газ йўлига ҳаво қўшиш ёки чиқинди газларни бошқа усулда суюлтириш йўл қўйилмайди.
11. Қозонхона мўрисининг минимал баландлиги суммар ўрнатилган иссиқлик қувватига нисбатан белгиланади.

Суммар ўрнатилган иссиқлик қуввати,

МВт (мегаВатт)

Трубанинг минимал баландлиги,

метр

0,7 гача

20

0,7 дан — 1,4 гача

25

1,4 дан — 2,8 гача

30

2,8 дан — 7 гача

35

7 дан — 14 гача

40

14 ва ундан юқори

45

3-жадвал. Қаттиқ ёқилғи учун тутун мўрисининг минимал баландлиги
* А тоифага кирувчи иссиқхона қозонхоналарининг мўри оғзи шамол таъсири зонасидаги мавжуд бино ва иншоотларнинг энг юқори нуқтасидан камида 3 метр баланд бўлиши лозим.
12. Тозалаш самарадорлиги бир хил юкламада бир вақтда ўлчанган ва бир хил шароитларга келтирилган, тозалашдан олдинги ва кейинги ифлослантирувчи модда концентрациялари фарқи бўйича қуйидаги формула орқали аниқланади:
η = (Скирим − Счиқим) / Скирим × 100 фоиз.
Бунда,
η — концентрациялари фарқи;
Скирим — ташламанинг кириш концентрацияси;
Счиқим — ташламанинг чиқиш концентрацияси.
5-боб. Мажбурий экологик ва техник талаблар
13. Иссиқхона хўжалигида қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга фақат қуйидаги талаблар бир вақтнинг ўзида бажарилганда йўл қўйилади:
а) чангнинг шамол таъсирида тарқалишини истисно этувчи ёпиқ ёқилғи омбори;
б) қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими ҳамда ушбу низомнинг 9-бандида белгиланган минимал самарадорлик кўрсаткичларига эга чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш;
в) миллий стандартга мувофиқ қозон қурилмаларининг атмосферага чиқаришлари ташламалари миқдорини ўлчайдиган узлуксиз автоматик мониторинг тизимини (кейинги ўринларда — CEMS) ўрнатиш, уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси)нинг ахборот тизимларига интеграция қилиш ҳамда маълумотларни реал вақт режимида узлуксиз узатиб бориш;
г) қозон қурилмалари ва тутун чиқариш мўрисидаги жараёнларни узлуксиз кузатиш имконини берувчи онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ахборот тизимларига боғлашни ташкил қилиш;
д) узлуксиз автоматик мониторинг тизими, чанг-газ тозалаш ускуна ва онлайн кузатув камералар фаолиятини узлуксиз электр энергия билан таъминлашда қувват манбаи ва захира генератори билан жиҳозлаш;
ж) ҳосил бўлган чиқиндиларни (кул, оғир металл, қуйқа, шлам ва бошқа заҳарли моддалар) ер ва сув ресурсларининг ифлосланишини истисно этувчи тартибда тўплаш, ташиш ва утилизация қилиш;
з) атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташланадиган қозонхона қурилмалари, тутун мўрилари ва бошқа объектлар видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлиши шарт;
14. Қаттиқ ёқилғини қабул қилиш, майдалаш, саралаш ва қайта юклаш ишлари ёпиқ ҳолда амалга оширилади. Чанг ҳосил бўладиган участкалар тўсиқлар ҳамда тутилган чангни технологик жараёнга қайтариш ёки ёпиқ чиқиндилар йиғиш тизимига йўналтириш имконини берувчи аспирация тизимлари билан жиҳозланади.
15. Иссиқхона хўжалиги кул ва шлак чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва ҳаракатини ҳисобга олишни, шунингдек улардан фойдаланиш, зарарсизлантириш, жойлаштириш ва олиб кетишни чиқиндилар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ таъминлайди. Кул ва шлак чиқиндилари усти ёпиқ транспорт воситаларида ташилади.
16. Кул ва шлак чангланишнинг олдини олувчи герметик бункерлар, силослар ёки ёпиқ контейнерларда йиғилади.
17. Фойдаланиладиган қаттиқ ёқилғи ёниш иссиқлиги, кулдорлиги, намлиги ва олтингугурт миқдори кўрсатилган сифат ҳужжатига эга бўлиши лозим.
18. Қуйидагилар тақиқланади:
а) тозаланмаган ташламаларни тўғридан-тўғри атмосферага чиқариб юборишга имкон берувчи газ қувури, айланма қувур (байпас) ёки шунга ўхшаш қурилма ўрнатиш;
б) ташламаларни сунъий суюлтиришга, ифлослантирувчи моддаларнинг ўлчанадиган концентрациясини камайтиришга ҳамда автоматик мониторинг қилиш натижаларини бузишга олиб келадиган ҳолда, қозонхона ускунаси, чанг-газ тозалаш ускунаси, газ йўллари ва тутун мўриси конструкциясини ўзгартириш, шунингдек, қўшимча ҳаво узатиш каналларини ўрнатиш;
в) қаттиқ ёқилғини ёпиқ ёқилғи омбори ҳудудидан ташқарида сақлаш;
г) кул ва шлакни очиқ ҳолда сақлаш, уларни сиқилган ҳаво билан тозалаш, тупроқ билан аралаштириш ёки ёқиш;
д) ёқилғи кўрсаткичлари лойиҳавий параметрларга мос келмаган ҳолларда, чанг-газ тозалаш ускунасининг самарадорлиги тасдиқлангунига қадар мазкур ёқилғи партиясидан фойдаланиш;
е) шиналар, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, ҳайвон жун толаси, ишлатилган техник мой ва ёғлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳамда шунга ўхшаш таркибли материалларни ёқилғи сифатида ёқиш.
6-боб. Тизим ва ускуналарни узлуксиз энергия таъминоти билан таъминлаш
19. Чанг-газ тозалаш ускунаси ва автоматик мониторинг тизими узлуксиз қувват манбаига алоҳида ҳимояланган электр таъминоти линиясига уланади.
20. Узлуксиз қувват манбаи қуйидаги ускуналарнинг автоном ишлашини таъминлаши шарт:
а) чанг-газ тозалаш ускунаси;
б) автоматик мониторинг тизими;
в) видеокузатув тизимлари;
г) алоқа ва мониторинг маълумотларини узатиш воситалари.
Узлуксиз қувват манбаи юқорида кўрсатилган ускуналарнинг камида 12 соат давомида автоном ишлашини ҳамда захира генераторига автоматик ва узилишсиз ўтишини таъминлаши шарт.
Узлуксиз қувват манбаи, захира генератори ва авария сигнализациясининг ишга яроқлилиги ҳар ойда камида бир марта ҳамда ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан олдин иссиқхона хўжаликлари томонидан текширилиб, натижалари улар томонидан юритиладиган электрон фойдаланиш журналига киритилиб борилиши керак.
21. Электр кучланиши йўқолганда, тутун сўрувчи тўхтаганда, фильтрда босим фарқи рухсат этилган қийматдан ошганда ёки ташламалардаги ифлослантирувчи моддалар концентрацияси белгиланган меъёрдан ошганда дарҳол ёқилғи узатиш тўхтатилиши шарт.
7-боб. Чиқиндилар билан ишлаш
22. Иссиқхона хўжалиги ёқилғи ёқувчи ва чанг-газ тозалаш ускуналаридан фойдаланишда ҳосил бўладиган чиқиндиларни атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланишини истисно этган ҳолда алоҳида йиғиш, ҳисобга олиш, вақтинча сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш ва жойлаштиришни чиқиндилар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этади.
Бундай чиқиндиларга қуйидагилар киради:
а) ёқилғи ёниши натижасида ҳосил бўлган кул, шлак ва бошқа қаттиқ чиқиндилар;
б) циклонлар, енгсимон фильтрлар, электрофильтрлар ва бошқа чанг-газ тозалаш ускуналари томонидан тутилган кул ва чанг;
в) газ йўллари, бункерлар, тутун сўрувчилар ва бошқа ускуналардан чиқарилган чанг ва чўкиндилар;
г) оҳак, оҳактош материаллари, фаоллаштирилган кўмир ва бошқа газ тозалаш реагентларининг ишлатилган ёки ифлосланган қолдиқлари;
д) тутун газларини олтингугурт моддасини олдини олиш (десульфуризация қилиш)нинг қуруқ ва ярим қуруқ маҳсулотлари;
е) ҳўл газ тозалаш ва ишлаб чиқариш оқова сувларини тозалаш жараёнида ҳосил бўлган чўкмалар ҳамда сувсизлантирилган шламлар;
ё) тутилган моддалар билан ифлосланган ишлатилган фильтр енглари, фильтрловчи материаллар ва чанг-газ тозалаш ускуналарининг бошқа чиқиндилари;
ж) ёқилғи ёқувчи ва чанг-газ тозалаш ускуналаридан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа чиқиндилар.
23. Чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш ёки жойлаштириш учун топширишга фақат қонунчиликда белгиланган ҳужжатларга ҳамда тегишли турдаги чиқиндилар билан ишлаш ҳуқуқи ва техник имкониятига эга шахслар ҳамда объектларга йўл қўйилади.
Топширилаётган чиқиндиларнинг ҳар бир партияси чиқинди тури, миқдори, ҳосил бўлиш манбаи, қабул қилувчи ва кейинги ишлов бериш усули тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Ҳўл скрубберлар (чанг-газни суюқлик ёрдамида тозалаш ускунаси) ва тутун газларини ҳўл усулда тозалашнинг бошқа қурилмаларидан фойдаланилганда, технологик сув имкон қадар айланма сув таъминоти тизимига қайтарилиб, ифлосланган оқова сувлар ҳосил бўлиши минималлаштирилади.
Ифлосланган суюқликни сув объектларига, ер рельефига, дренаж ёки ёмғир суви канализациясига бевосита оқизиш қатъиян тақиқланади.
Скруббер суюқлигини йиғиш ва айлантириш герметик, коррозияга чидамли сиғимлар (резервуарлар) орқали амалга оширилади.
Сиғимлар сатҳни назорат қилиш, тошиб кетишдан ҳимоя қилиш ва авария захира сиғими воситалари билан таъминланади.
8-боб. Экологик назорат ва мониторинг
24. Экологик назорат инспекцияси мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини амалга оширади, шу жумладан чанг-газ тозалаш ускуналарининг ишлаш самарадорлигини назорат қилади, стационар манбалардан чиқиндиларни асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчайди, атмосфера ҳавоси ҳолатини кузатади, ускуналарнинг фавқулодда ва авария режимларини ҳисобга олади ҳамда экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлайди ва бартараф этади.
25. Экология қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан белгиланган мораторий талабларига риоя этган ҳолда, тадбиркорлик ва молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, ҳар йили 15 октябрдан 15 мартга қадар инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш учун Махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларида қуйидаги назорат ва мониторинг ишлари амалга оширилади. Бунда:
а) Экология қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга ўрнатилган мораторий талабларига риоя этган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятига бевосита аралашмаган ва молиявий-хўжалик фаолиятини текширмаган ҳолда иссиқхона хўжаликларида доимий экологик мониторинг амалга оширилади;
мониторинг жараёнига жамоатчилик назорати вакиллари ва учувчисиз учадиган аппаратлар (дронлар) кенг жалб этилади;
мониторинг давомида қаттиқ ёқилғида фаолият юритаётган иссиқхоналарда CEMS тизими, чанг-газ тозалаш ускуналари ва қозон қурилмаларининг миллий стандарт талабларига жавоб бериши ҳамда мувофиқлик сертификати мавжудлиги, улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши назорат қилинади;
б) чанг-газ тозалаш ускуналари, фойдаланилаётган ёқилғи тури ҳамда атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ўрганилиб, ҳолатлар фото ва видео орқали қайд этилади, фойдаланилаётган ёқилғи туридан намуналар олинади;
в) тақиқланган ёқилғидан фойдаланиш, чанг-газ тозалаш иншоотларининг мавжуд эмаслиги ёки ифлослантирувчи моддаларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилиши инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омил сифатида баҳоланади;
г) инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар аниқланган тақдирда:
иссиқхона фаолияти ёки ифлослантирувчи манба 10 кунгача вақтинча тўхтатиб турилади;
тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш ёки молиявий санкция қўллаш бўйича белгиланган чораларни кўради, шу жумладан такрор содир этилганда қозон қурилмаларини демонтаж қилишга ҳақли бўлади.
Мазкур Низомга мувофиқ ўтказиладиган мониторинг ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида хабардор этиш тартибида ўтказилади.
26. Намуна олиш нуқталари ва ўлчаш воситалари газ йўлининг ўлчаш натижаларининг ишончлилигини таъминлайдиган тўғри чизиқли қисмида жойлаштирилади ҳамда хавфсиз майдонча, чиқиш йўлаги ёки зина, ёритиш воситалари ва электр таъминоти билан таъминланади. Чанг-газ тозалаш ускунаси конструкцияси тозалашдан олдин ва кейин алоҳида ўлчаш орқали унинг самарадорлигини аниқлаш имконини бериши шарт.
Санитария-муҳофаза зонаси чегарасида ва энг яқин турар-жой қурилишида ҳаводаги газ ва қаттиқ майда заррачалари (PM2,5, PM10, SO2, NO2, NO ва CO) кўрсаткичлари бўйича қўшимча назорат ўрнатилади.
Автоматлаштирилган ўлчов воситалари ўзини ўзи диагностика қилиш, носозликлар ва фавқулодда ҳолатларни қайд этиш, вақтни синхронлаштириш ҳамда дастлабки маълумотларни рухсатсиз ўзгартиришдан ҳимоя қилиш функцияларига эга бўлиши шарт.
9-боб. Фойдаланишга топшириш ва мувофиқликни тасдиқлаш
27. Иссиқхона хўжалиги қаттиқ ёқилғида ишловчи иссиқхоналарга янги ёки реконструкция қилинган қозонхоналарни фойдаланишга топширишдан олдин қуйидагиларни таъминлайди:
а) давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олиш;
б) қозон, горелка, чанг-газ тозалаш ускунаси ва ўлчов воситаларининг мувофиқлик ҳужжатлари мавжудлиги;
в) минимал, ўрта ва максимал юкламада ўрнатиш-ишга тушириш ишлари ҳамда комплекс синовларни ўтказиш;
г) аккредитацияланган лаборатория томонидан тозалашдан олдин ва кейин инструментал ўлчовларни амалга ошириш;
д) узлуксиз электр таъминоти, захира генератори, блокировкалар ва маълумот узатиш тизимининг ишлашини текшириш;
ж) қозонхонани бошқарув операторларни ўқитиш ва ускуналардан фойдаланиш бўйича йўриқномаларини тасдиқлаш.
28. Комплекс синов якунлари бўйича иссиқхона хўжалиги, монтаж ва созлаш ташкилотлари, аккредитацияланган лаборатория ҳамда ваколатли давлат органлари вакиллари томонидан техник тайёргарлик далолатномаси расмийлаштирилади. Ушбу далолатномага ўлчов баённомалари, ускуналар рўйхати, мўрилар ва автоматика схемалари, тўхтатиш алгоритмлари ҳамда экологик назорат дастури илова қилинади.
29. Техник тайёргарлик далолатномаси атмосфера ҳавосига ташламалар учун рухсатнома ҳисобланмайди ва қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларни алмаштирмайди. Далолатнома нусхаси беш иш куни ичида Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига юборилади.
10-боб. Фавқулодда шароитларда қозонхоналардан фойдаланиш
30. Чанг-газ тозалаш ускунаси ўчирилган, демонтаж қилинган, носоз ёки белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига жавоб бермаган ҳолларда ёқилғи ёқувчи қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади.
31. Иссиқхона хўжалиги томонидан авария режими ҳолатида ёқилғи узатилиши автоматик равишда тўхтатилади. Бунда экологик тоза захира иссиқлик манбаига ўтишга рухсат этилади ёки технологик жараённи назорат остида тўхтатишга йўл қўйилади.
Ишни қайта бошлашга фақат авария режими сабаблари бартараф этилгандан, чанг-газ тозалаш ускунаси ва блокировкаларнинг ишга яроқлилиги ҳужжатлаштирилган тарзда тасдиқлангандан сўнг, авария режими самарадорликка таъсир кўрсатган ҳолларда эса қўшимча назорат ўлчовлари ўтказилгандан кейингина рухсат этилади.
32. Экология қўмитаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан эълон қилинадиган ноқулай метеорологик шароитларда иссиқхона хўжалиги томонидан тасдиқланган ташламаларни камайтириш режасига мувофиқ иссиқлик юкламасини камайтиради, экологик тозароқ ёқилғи ёки захира иссиқлик манбаига ўтади, ёқилғи сарфини чеклайди ва заруратга кўра ускуналарнинг бир қисмини тўхтатади.
33. Чанг-газ тозалаш ускунасини ўчиришни талаб қилувчи режали таъмирлаш ишлари қозон тўхтатилган ҳолда амалга оширилади. Маҳсулотни сақлаш ёки ҳароратни ушлаб туриш зарурати чанг-газ тозалаш ускунасисиз фойдаланиш учун асос бўла олмайди.
11-боб. Иштирокчиларнинг ваколат ва мажбуриятлари
34. Иссиқхона хўжалиги:
а) мазкур Низом талабларига риоя этилишини таъминлайди ҳамда тақдим этиладиган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб беради;
б) чанг-газ тозалаш ускунаси ва ишлаб чиқариш экологик назорати учун масъул шахсни тайинлайди;
в) давлат инспекторлари ва мониторинг ташкилоти вакилларининг ташлама манбалари ва назорат воситаларига белгиланган тартибда киришини таъминлайди;
г) чанг-газ тозалаш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш, уларни эксплуатация қилиш, реагентлар, сарф материаллари ва ўлчов воситаларини алмаштириш харажатларини ўз ҳисобидан амалга оширади.
35. Экология қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлат экологик назоратини амалга оширади, мазкур Низом талаблари ва экологик нормативларга риоя этилишини, чанг-газ тозалаш ускуналарининг самарадорлиги ҳамда мониторинг маълумотларининг ишончлилигини назорат қилади, қонунчиликда назарда тутилган реестрларни юритади ва ўз ваколатлари доирасида таъсир чораларини қўллайди.
36. Экология қўмитаси ўз ваколатлари доирасида услубий назоратни амалга оширади, автоматик мониторинг маълумотларини верификация қилади ҳамда таъсир зонасида атмосфера ҳавоси сифатини кузатишни таъминлайди.
37. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудларни режалаштиришда санитария-муҳофаза зоналарига риоя этилишини таъминлайди, ушбу зоналарда янги турар жой ва ижтимоий объектлар қурилишига йўл қўймайди ҳамда марказлаштирилган энергетика ва чиқиндиларни бошқариш инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашади.
12-боб. Якунловчи қоидалар
38. Иссиқхона хўжалиги томонидан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларининг тўланиши мазкур Низом талабларига риоя қилиш, қоидабузарликларни бартараф этиш ва етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
39. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.10.2026 й., 09/26/586/1069-сон)