toggle_night_mode
Ҳужжат 11.12.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ҳужжат ҳали кучга кирган эмас
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 7 октябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 13 июнда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва амал қилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
табиий шовқинларга;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, шунингдек жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш натижасида юзага келадиган шовқинга;
миллий байрамларни, оммавий спорт тадбирларини ва оммавий маданий тадбирларни ўтказиш, шунингдек диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш натижасида юзага келадиган шовқинга нисбатан татбиқ этилмайди.
2-модда. Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси ва шовқиннинг зарарли таъсири
Одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, инсон организмининг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларида белгиланадиган шовқин даражаси шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси ҳисобланади.
Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражадан ошиб кетиши натижасида одамда сезиларли даражада безовталикнинг юзага келиши, шунингдек организмнинг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларида жиддий ўзгаришлар пайдо бўлиши шовқиннинг зарарли таъсиридир.
2-боб. Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;
давлат органларининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловлари миқдорини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
5-модда. Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ва унинг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).
Ваколатли давлат органи:
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;
турар жойларда, жамоат биноларида, аҳолининг яшаш ҳудудларида ва дам олиш зоналарида, шунингдек иш жойларида аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги санитария қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ташкил этади;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида аҳолини хабардор қилади;
шовқиннинг зарарли таъсирига эга бўлган ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган объектларнинг рўйхатини шакллантиради ва юритади;
инсоннинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган шовқин манбаси билан ишлашда санитария қоидалари ва нормаларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш ва нормал дам олишини бузиш ҳолларининг олдини олиш учун ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади;
фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқади;
маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;
автомототранспорт воситаларини даврий техник кўрикдан ўтказишда уларнинг ички ва ташқи шовқин кўрсаткичларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширади;
шовқин даражаси белгиланган нормадан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни амалга оширувчи ҳамда уларда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
қурилиш майдонларида меҳнат фаолияти ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, ишлаши натижасида (биноларни қуриш, бузиш, таъмирлаш, бошқа жойга кўчириш, транспорт воситасида ташиш, юклаш, тушириш ва бошқалар) ҳосил бўладиган шовқинларнинг белгиланган нормаларга мувофиқлигини назорат қилади ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича материалларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органига юборади;
кўп квартирали уйларни, жамоат бинолари ва иншоотларини қуришда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасига риоя этиш, қурилиш майдонларида ва уларга туташ бўлган ҳудудларда яшайдиган аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида соҳага инновацион технологияларни жалб этган ҳолда, шовқин пасайтиргичларни қўллаш амалиёти жорий этилишини ташкил этади;
шовқиннинг зарарли таъсирига эга бўлган ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қурилиш объектлари тўғрисидаги маълумотларни ваколатли давлат органига тақдим этади;
қурилиш майдонларида аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
ходимлар фаолиятни амалга оширадиган иш жойларида юзага келадиган шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасига мувофиқ бўлиши устидан назорат қилади;
ходимлар фаолиятни амалга оширадиган иш жойларида юзага келган шовқиннинг зарарли таъсири тўғрисидаги мурожаатларни қўриб чиқади;
иш жойларидаги шовқин даражасини баҳолайди;
шовқиннинг зарарли таъсирига эга бўлган ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган объектлар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли давлат органига тақдим этади;
ходимлар фаолиятни амалга оширадиган иш жойларида юзага келадиган шовқиннинг зарарли таъсиридан аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ўз ваколатлари доирасида:
ишлаб чиқариш корхоналарининг технологик ускуналарида, шу жумладан ёрдамчи қурилмаларида юзага келадиган саноат шовқинларининг белгиланган норма талабларига мувофиқлигини назорат қилади ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича материалларни кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органига юборади;
ишлаб чиқариш корхоналарининг технологик ускуналарида, шу жумладан ёрдамчи қурилмаларида юзага келадиган шовқиннинг зарарли таъсирини камайтириш мақсадида тегишли корхоналар томонидан объектларни шовқин пасайтиргичлар билан жиҳозлаш ва бошқа турдаги инновацион технологияларни қўллаш юзасидан зарур кўрсатмалар беради;
саноат ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган шовқиннинг зарарли таъсиридан аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;
шовқиннинг зарарли таъсирига эга бўлган ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш объектлари тўғрисидаги маълумотларни ваколатли давлат органига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлайди;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишларни аниқлаш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар
11-модда. Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси белгиланадиган объектлар ва вақт оралиқлари
Ваколатли давлат органи томонидан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси турар жойлар, жамоат бинолари, аҳолининг яшаш ҳудудлари ва дам олиш зоналари ҳамда иш жойлари учун алоҳида белгиланади.
Турар жойлар, жамоат бинолари, аҳолининг яшаш ҳудудлари ва дам олиш зоналари учун шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси қуйидаги вақт оралиқлари учун белгиланади:
соат 07.00 дан 23.00 гача (дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 09.00 дан 22.00 гача);
соат 23.00 дан 07.00 гача (дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача).
Турар жой биноларида ва уларга туташ ҳудудларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ўтказилаётганда соат 09.00 дан 18.00 гача бўлган вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган шовқинни юзага келтирадиган манбалардан фойдаланиш мумкин, бундан дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари мустасно.
Баъзи ҳудудлар учун шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасига қўшимча талаблар қонунчилик билан белгиланиши мумкин.
12-модда. Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузадиган ҳоллар
Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган, фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киради:
турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;
қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;
ишлаб чиқариш корхоналари томонидан технологик ускуналарни, шу жумладан ёрдамчи қурилмаларни ишлатиш, шунингдек ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги ишларни бажариш вақтида юзага келадиган шовқин;
турли тоифадаги транспорт воситаларининг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин;
оилавий тадбирларни ўтказиш чоғида, савдо комплекслари, умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар, аҳолига хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти натижасида юзага келадиган, шу жумладан товуш қурилмаларидан чиқариладиган шовқин;
пиротехника буюмларидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган шовқин.
13-модда. Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғи
Ушбу Қонунда белгиланган тартибда иш кунлари соат 23.00 дан 07.00 гача бўлган вақт оралиғида, дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача бўлган вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ шовқин чиқариш орқали фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқинга мунтазам равишда йўл қўяётган объектлар фаолияти аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга ваколатли давлат органи, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан, ўн иш кунидан ортиқ муддатга ушбу органларнинг аризасига биноан суд тартибида тўхтатиб турилиши мумкин.
14-модда. Шовқиннинг зарарли таъсирини баҳолаш
Шовқиннинг зарарли таъсири Ўзбекистон Республикаси ҳудуди учун умумий бўлган, ошириб юборилиши инсонга салбий таъсир кўрсатадиган шовқининг йўл қўйиладиган даражаси асосида баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шовқиннинг зарарли таъсири ваколатли давлат органи томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда баҳоланади.
Шовқиннинг зарарли таъсири муайян ҳудудларда ва аҳоли пунктларида шовқиннинг зарарли таъсири даражасини ҳисоблаш ҳамда унинг юзага келиши эҳтимолини аниқлаш орқали баҳоланади.
Шовқиннинг зарарли таъсирини баҳолаш натижаларига кўра, ҳудудларда ва аҳоли пунктларида шовқиннинг таъсирини акс эттирувчи хариталар тузилади.
Шаҳарсозликда муайян ҳудуднинг шовқин хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, шовқин таъсирини акс эттирувчи хариталар тузилади, бунда бинолар ва иншоотлар шундай хариталарга мувофиқ лойиҳалаштирилади ҳамда қурилади.
15-модда. Шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловлари
Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин.
Шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмайди.
Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланади.
Компенсация тўловларининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
4-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
16-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари
Жисмоний ва юридик шахслар аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тегишли ҳудуддаги шовқиннинг зарарли таъсири даражаси ҳамда аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилишида иштирок этиш;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги мажбуриятлари
Жисмоний ва юридик шахслар аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида:
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши;
аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги назорат қилувчи органлар ҳамда мансабдор шахсларнинг қонуний қарорлари ва кўрсатмаларини бажариши шарт.
5-боб. Якунловчи қоидалар
18-модда. Низоларни ҳал этиш
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
19-модда. Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
20-модда. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар, № 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591, 592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № 3, 217-модда, № 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 802, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, № 11, 1066-модда; 2022 йил, № 1, 1, 2-моддалар, № 2, 80, 81-моддалар, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, № 8, 787-модда, № 10, 981, 984-моддалар, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, № 4, 265, 266, 268-моддалар, № 5, 319, 320-моддалар, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, № 8, 634-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921, 923, 924-моддалар, № 12, 1004-модда; 2024 йил, № 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, № 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, № 3, 243, 245-моддалар, № 6, 530, 532-моддалар, № 7, 629-модда, № 8, 826, 829, 831-моддалар, № 9, 954, 964, 965-моддалар, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-моддалар, № 11, 1187, 1188, 1189-моддалар, № 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-моддалар; 2025 йил, № 1, 5, 8-моддалар, № 2, 187, 188, 196, 198, 201-моддалар, № 3, 368, 376-моддалар, № 4, 517, 521-моддалар, № 5, 643, 644-моддалар, № 6, 729-модда, № 7, 828, 829, 832-моддалар, № 8, 968, 971-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
иккинчи қисмининг диспозициясидаги «шунингдек шовқин даражаси» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
учинчи қисмининг диспозицияси «рухсатномасиз қайта жиҳозланган» деган сўзлардан кейин «шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
диспозициясидаги «соат 23.00 дан 06.00 гача» деган сўзлар «соат 23.00 дан 07.00 гача бўлган вақт оралиғида, дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача бўлган вақт оралиғида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;
иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
21-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
22-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 4-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловлари миқдорини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
23-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 сентябрь,
ЎРҚ-1171-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2026 й., 03/26/1171/0916-сон)