1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.10.00.00 Божхона назорати. Божхона тартибини бузганлик учун жавобгарлик / 10.10.01.00 Божхона назорати]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Давлат божхона
қўмитасининг Раиси
КОМИЛОВ У.Т.
31.07.1998 й.
Божхона назорати зоналарини ташкил этиш
тартиби
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 8 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 470]
LexUZ шарҳи
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2019 йил 11 сентябрдаги 01-02/12-51-сонли «Божхона назорати зоналарини ташкил этиш тартиби, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 470-4, 20.09.2019 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ ишлаб чиқилиб, товарларни, транспорт воситаларини, йўловчиларни, уларнинг қўл юкларини, багажини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида олиб ўтилаётган валюта ва халқаро почта жўнатмаларини божхона расмийлаштируви жойларида божхона назорати зонасини ташкил этиш ва уни фаолияти тартибини белгилайди.
1. Тартибда фойдаланиладиган асосий тушунчалар
божхона назорати зонаси — божхона назоратини ўтказиш мақсадида шахслар, товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун алоҳида режимда сақланиши зарур бўлган, божхона органи томонидан ташкил қилинадиган, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудининг махсус ажратиб ва белгилаб қўйилган қисми;
божхона назорати зонасида ишлаб чиқариш ва бошқа тижорат фаолияти — божхона органининг функцияларини бажаришга тўсқинлик қилмайдиган, божхона органининг рухсати ҳамда назорати остида божхона назорати зонасида амалга ошириладиган давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти;
божхона назорати зонаси режими — божхона назорати зонасининг чегараси орқали ва унинг ҳудудида божхона органи томонидан белгиланадиган шахслар, товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши, шунингдек, ишлаб чиқариш ва бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш тартиби;
ўтказиш пункти — халқаро алоқалар учун очиқ бўлган божхона чегарасида жойлашган темир йўл ва автомобиль ўтиш жойлари, денгиз ва дарё портлари, аэропортлар ва аэродромлар ҳудуди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали шахслар, товарлар, транспорт воситаларининг божхона ва бошқа назорат турлари амалга ошириладиган ҳамда ўтказиладиган махсус жиҳозланган бошқа жой.
2. Божхона назорати зоналарини ташкил этиш жойлари
Божхона назорати зоналари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси бўйлаб, божхона расмийлаштируви амалга ошириладиган жойларда, божхона органлари фаолияти зонасида ва божхона органлари белгилаган бошқа жойларда ташкил этилади.
Божхона назорати зонаси муайян жойлардан ташқарида божхона расмийлаштируви ва назорат қилиш даври учун белгиланиши мумкин. Мазкур ҳолатлардаги чекловларни ушбу жараёнларни амалга ошириш учун тайинланган божхона органининг мансабдор шахси томонидан аниқланади.
Божхона назорати зоналари мазкур ташкил этилаётган божхона назорати зонаси жойлашган ҳудуддаги Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаси (ихтисослаштирилган божхона комплекси) раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг буйруғига асосан ташкил этилади.
Буйруқда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
ташкил этишнинг асоси ва мақсади;
жойи;
божхона назорати зонасининг чегараси ҳамда уни шахслар, товарлар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш жойлари;
божхона назорати зонаси чегарасини белгилаш учун фойдаланиладиган воситалар;
божхона назорати зонаси ташкил этиладиган вақт (вақтинча божхона назорати зонаси ташкил этилганда).
Буйруқ иловасида божхона назорати зонасининг чегараси ва ҳудудларининг чизма ёки хариталар кўринишидаги график тасвири бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 ноябрдаги «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 523-сон қарорига мувофиқ божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолияти учун лицензия мавжуд бўлганда, божхона назорати зонасини ташкил этиш бўйича буйруқ талаб этилмайди.
Бунда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони бир вақтнинг ўзида божхона расмийлаштируви ва божхона назорати жойи ҳисобланади.
3. Божхона назорати зоналарининг чегаралари
Божхона назорати зоналарининг доиралари физик-географик ва маҳаллий шароитларни, ташқи иқтисодий ва хўжалик фаолиятининг хусусияти ҳамда жадаллигини, шунингдек унда белгиланган режимни сақлаб туришга бевосита таъсир кўрсатадиган бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Божхона назорати зоналари тегишли белгилар билан қўйилади. Божхона назорати зонасининг майдони барча мажбурий божхона тартиб-таомиллари тўлиқ ҳажмда бажарилиши учун етарли бўлиши керак.
Божхона назорати зоналари доираларида божхона органлари томонидан жисмоний шахсларнинг, товарларнинг ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишлари белгиланади. Зарур бўлган ҳолларда, йўналишлар чегара қўшинларининг бўлинмалари ва ҳудудида Ўзбекистон Республикаси божхона органлари ўз вазифаларини бажараётган ташкилот маъмурияти билан келишилади. Йўналишлар ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги бир хил кўринишдаги кўрсаткичлар билан белгиланади.
4. Шахслар ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг божхона назорати зоналарини кесиб ўтишдаги мажбуриятлари
Божхона назорати зонасининг чегарасини кесиб ўтаётган ва унинг ҳудудида ҳаракатланаётган шахслар ва транспорт воситалари:
божхона органлари томонидан белгиланган жойларда тўхташи ва фақат уларнинг рухсатлари билан ҳаракатни давом эттириши;
товарларни ва транспорт воситаларини фақат белгиланган йўналишлар бўйича олиб ўтиши, божхона органи мансабдор шахсларининг рухсатисиз ушбу йўналишлардан четга чиқишга йўл қўймаслиги;
божхона органи мансабдор шахсларининг талабларига кўра товарларни ва транспорт воситаларини, шунингдек божхона назорати учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган бошқа талабларни бажариши шарт.
5. Божхона назорати зонаси режимини бузганлик учун жавобгарлик
Божхона органининг рухсатисиз шахслар, товарлар ва транспорт воситаларининг божхона органлари белгилаб берган йўналишлардан ташқари ҳаракатланиши, божхона назорати зонаси режимини бузиш ҳисобланади.
Божхона назорати зонаси режимини бузганлик учун айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-моддасига мувофиқ жавобгар бўладилар.
6. Божхона назорати ҳудудида божхона органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Божхона органларининг мансабдор шахслари ваколатли шахсдан ёки ташувчидан товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегарасидан ва божхона назорати зонаси доирасидан божхона назорати зонаси режимига мувофиқ олиб ўтишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Божхона органи мансабдор шахсларининг ваколатлари доирасидаги фармойишлари товарларни ва транспорт воситаларини божхона назорати зонасининг чегараси орқали ва унинг доирасида олиб ўтаётган барча шахслар учун мажбурийдир.
Божхона назорати зонаси режимига риоя этилишини назорат қилиш божхона органи томонидан амалга оширилади.
Божхона расмийлаштируви жойларида божхона назорати зонасини ва божхона органлари жойлашуви ҳамда уларнинг режимини белгилаш билан боғлиқ бўлган харажатлар, божхона органлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. Якуний қоидалар
Божхона назорати зонасини ташкил этиш ҳақидаги буйруқ қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
божхона органининг жойлашуви ўзгарганда;
ўтказиш пункти ёпилганда;
божхона назорати остида сақланаётган товар ва транспорт воситаларининг сақлаш жойи ўзгарганда.
Божхона назорати зонасини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқнинг бекор қилиниши унинг тугатилишига олиб келади.
Божхона назорати зонаси тугатилганидан сўнг, божхона органлари томонидан зонани белгиловчи воситаларни олиб ташлаш ва манфаатдор шахсларни зона тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилиш чоралари кўрилади.
Вақтинча божхона назорати зонаси, уни ташкил этилишига сабаб бўлган тадбирлар якунланганидан ёки вақтинча божхона назорати зонасини ташкил этиш бўйича буйруқда белгиланган муддат тугагандан сўнг тугатилади.