1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.22.00 Суғурта / 03.11.22.01 Умумий қоидалар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.02.00.00 Молия ва иқтисод соҳасидаги бошқарув]
[ТСЗ:
1.Молия / Суғурта]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СУҒУРТА ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1060-сонли «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Суғурта муносабатлари қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда «Суғурта тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига давлат суғурта назорати функцияси юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида республика молия органлари ходимларининг умумий сони доирасида 15 нафардан иборат Суғурта назорати давлат инспекцияси ташкил этилсин.
Суғурта назорати давлат инспекцияси ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 11 февралдаги 59-сон қарорига 4-иловага мувофиқ молия ва назорат-тафтиш органлари ходимларига белгиланган иш стажи учун бир марталик мукофотлаш шартлари жорий қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида суғурта назорати давлат инспекцияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи суғурта ташкилотлари уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишлари шарт;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг суғурта фаолияти масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида чиқарилган норматив ҳужжатлари давлат бошқаруви органлари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
Суғурта назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўринбосари ҳисобланади.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғурта назорати давлат инспекциясини жойлаштириш учун Тошкент шаҳар, Мустақиллик майдони, 5-уйдаги маъмурий бинодан қўшимча хизмат хоналари ажратсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 8 июль,
286-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 8 июлдаги 286-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси аппаратининг
тузилмаси
Лавозим
Ходимлар сони
Суғурта назорати давлат инспекцияси бошлиғи
1
Иш юритувчи инспектор
1
Юрист
1
Суғурта ташкилотлари назорат қилиш бўлими
Давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари — бўлим бошлиғи
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 8 июлдаги 286-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғурта назорати давлат инспекцияси тўғрисида
НИЗОМ
1. Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) суғурта муносабатлари барча қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.
2. Давлат инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини қарорларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
3. Қуйидагилар Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
cуғурталовчилар (қайта суғурталовчилар)нинг ягона давлат реестрини юритиш;
суғурта ташкилотлари томонидан суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
суғурта тўғрисида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ташкил этилишининг бир хиллигини таъминлаш.
4. Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
суғурталовчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ва улар ҳисоботини ишончлилигини, шунингдек улар учун тўловга қодирликнинг белгиланган кўрсаткичлари ва молиявий барқарорликнинг бошқа талаблари таъминланишини текшириш;
ўз ваколатлари доирасида суғурталовчилар ишини услубий таъминлаш;
суғурталаш қоидалари (шартлари) бўйича таклифлар тайёрлаш ва суғуртанинг мажбурий турлари бўйича суғурта тарифларини белгилаш;
суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалга оширишга доир суғурта муносабатларининг барча қатнашчилари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив ҳужжатлари ва услубий материалларни ишлаб чиқиш;
суғурта фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни вазирлик раҳбариятининг кўриб чиқиши учун киритиш;
суғурта ташкилоти тугатилган тақдирда суғурталовчилар манфаатини ҳимоя қилиш;
республикада суғурта фаолиятини аҳволи ва ривожланиши тамойилларини таҳлил қилиш;
суғурта фаолияти бўйича мутахассисларни касб-ҳунар тайёргарлиги ва уларни қайта тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш, суғурта фаолияти масалалари бўйича семинарлар ва конференциялар ташкил этиш;
оммавий ахборот воситалари орқали суғурта фаолияти масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича фуқароларнинг таклифлари ва сўровларини кўриб чиқиш;
суғурталовчилардан суғурта фаолияти тўғрисида белгиланган ҳисобот ва уларнинг молиявий аҳволи ҳақида ахборотни, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, банклардан, фуқаролардан ўзига юкланган функцияларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни олиш;
суғурталовчилар томонидан суғурта тўғрисида қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида суғурталовчилар фаолиятини текшириш, зарурат бўлса бунинг учун комиссиялар ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;
давлат ижро этувчи органлардан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва статистика ҳисоботини текин олиш.
6. Давлат инспекциясига Молия вазирининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.
Давлат инспекцияси бошлиғи Давлат инспекциясига юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва инспекция томонидан ўз функциялари амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради.
7. Суғурта назоратини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этишнинг асосий масалалари ва Давлат инспекцияси фаолиятининг бошқа масалалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
8. Давлат инспекцияси ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режага мувофиқ ташкил этади.
9. Давлат инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 8 июлдаги 286-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» 1992 йил 23 ноябрдаги 553-сон қарорига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳақидаги низомнинг:
а) 8-банди олтинчи хатбошидан кейин қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«суғурта муносабатлари барча қатнашчиларини ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги суғурта ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш»;