toggle_night_mode
Ҳужжат 29.01.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
талабалар турар жойларида яшовчи айрим тоифадаги талабалар рўйхатини шакллантириш тартиби;
талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб беришни комиссия томонидан кўриб чиқиш тартиби;
талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш ва қоплаб бериш тартиби.
2. Белгилаб қўйилсинки, айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш учун тўловлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Кўчқоров ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 январь,
32-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сон қарорига
1-ИЛОВА
Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
айрим тоифадаги талаба (кейинги ўринларда — талаба) — Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг талаба фарзанди;
ариза берувчи — давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойида шартнома асосида яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган (ёки республикада доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахс) давлат олий таълим ташкилотининг талабаси;
комиссия — талабалар турар жойи тўловини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, ўрганиш, талабгорлар рўйхатини аниқлаш ва талабалар турар жойи тўловини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилишга масъул бўлган, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ таркибда олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланадиган доимий ва жамоатчилик асосида ишлайдиган комиссия;
талабгор — талабалар турар жойи тўловини қоплаб бериш тўғрисида комиссия томонидан ижобий хулоса олган Ижтимоий реестрга кирган оиланинг талаба фарзанди.
3. Талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари давлат олий таълим ташкилотларининг фақат кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларига (шу жумладан, хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида ва факультетларида таълим олаётган талабалар) давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таҳсил олишидан қатъи назар, Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Талабанинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатини қоплаб бериш унинг оиласи Ижтимоий реестрнинг «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган санадан бошлаб 12 ой давомида сақланиб қолади.
4. Талабанинг оиласи Ижтимоий реестрга киритилгани:
а) давлат олий таълим ташкилотининг тегишли ахборот тизими орқали юборган электрон сўровига асосан «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган электрон маълумотлар;
б) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган маълумотнома асосида тасдиқланади.
Талабанинг оиласи Ижтимоий реестрдан чиқарилгани тўғрисидаги маълумотлар давлат олий таълим ташкилотининг тегишли ахборот тизими орқали юборган электрон сўровига асосан «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган электрон маълумотлар асосида тасдиқланади.
5. Талабалар устуворлик асосида, навбатсиз давлат олий таълим ташкилотининг талабалар турар жойига қабул қилинади. Давлат олий таълим ташкилотининг талабалар турар жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, улар давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган талабалар турар жойига қабул қилинади.
6. Давлат олий таълим ташкилотларининг талабалар турар жойида яшайдиган талабаларига ойлик тўловлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат олий таълим ташкилоти ҳамда талаба томонидан имзоланган шартнома мавжуд бўлган тақдирда, қоплаб берилади.
7. Талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб беришни кўриб чиқиш ва харажатларни қоплаб бериш ушбу Низомга 2-иловадаги схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Талабгорларни аниқлаш ва рўйхатини шакллантириш
8. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида комиссия томонидан талабгорлар рўйхати аниқланади.
9. Ариза берувчи ўқув йили учун талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) номига ойнинг 7-санасига қадар ариза билан мурожаат қилади. Ушбу муддатдан кейин тақдим этилган аризалар ушбу ой бўйича яшаш харажатларини қоплаб бериш учун кўриб чиқилмайди.
10. Ариза берувчи мустақил равишда комиссияга «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими» (kontrakt.edu.uz) орқали ариза юборади. Ариза тегишли ўқув йили учун бир маротаба юборилади.
11. Ариза берувчи тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
12. Факультетларнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари (кейинги ўринларда — масъуллар) бир кун муддатда электрон тарзда юборилган аризаларни умумлаштирган ҳолда белгиланган тартибда комиссияга тақдим этади.
13. Комиссия котиби ўрганилган маълумотларни умумлаштириб, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун бир ҳафта муддатда комиссия аъзоларига тақдим этади.
3-боб. Яшаш харажатларини қоплаб беришни комиссия томонидан кўриб чиқиш тартиби
14. Масъуллар томонидан тақдим этилган аризалар бир кун муддатда комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
15. Давлат олий таълим ташкилотининг талабалар турар жойи тўлови миқдори олий таълим ташкилоти кенгаши томонидан ҳар ўқув йили бошлангунга қадар тасдиқланади.
16. Комиссия ишининг ташкилий шакли йиғилиш ҳисобланади. Комиссия йиғилишлари комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Бунда ариза берувчи таълим олаётган факультет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, Хотин-қизлар кенгаши раиси бир вақтнинг ўзида комиссия йиғилишларида иштирок этиши шарт.
17. Комиссия йиғилишларида иштирок этаётган аъзоларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз берган комиссия қарорлари қабул қилинган ҳисобланади ва ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар йиғилиш котиби томонидан баённома билан расмийлаштирилади ҳамда қарор шаклида қабул қилинади.
18. Комиссия унинг ваколатларига тегишли масалаларни комиссия раиси бошчилигида ўтказиладиган йиғилишларда кўриб чиқади.
19. Комиссия раиси:
комиссиянинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилади, унинг иш режаси бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга оширади;
комиссиянинг йиғилишларини чақиради ва уларда раислик қилади;
комиссия ваколатига тегишли бўлган масалаларни унинг йиғилишларида кўриб чиқиш учун киритади;
комиссия қарорларини тасдиқлайди.
20. Комиссия котиби:
комиссия раисининг топшириқларига асосан комиссия аъзоларини комиссия йиғилишининг ўтказиладиган жойи, вақти ва санаси тўғрисида хабардор қилади;
комиссия иш режаларини тайёрлайди;
комиссия баённомаларини юритади ва тасдиқланган баённомаларни комиссия аъзоларига юборади;
комиссия далолатномалари ва хулосаларини манзилларга етказади ҳамда комиссия иш юритувини амалга оширади.
21. Комиссия ҳужжатлари давлат олий таълим ташкилотининг архивида белгиланган муддатгача сақланади.
22. Зарурат бўлганда, тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида ариза берувчи суҳбат учун комиссия йиғилишига чақирилиши мумкин.
23. Комиссия аризаларни навбат асосида уларнинг рўйхатга олиниши кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқади.
24. Комиссия фақат давлат олий таълим ташкилотларининг талабалар турар жойида яшайдиган талабаларнинг аризаларини ўрганади.
25. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ариза берувчига талабалар турар жойидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш ёки қоплаб беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Талабгорлар комиссия томонидан қонунийлик, шаффофлик, адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида танланади.
26. Комиссия томонидан Талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш ёки қоплаб беришни рад этиш тўғрисида ариза берувчилар реестри алоҳида юритилади.
27. Қуйидаги ҳолатларда ариза берувчининг аризаси рад этилиши ёки талабгорга талабалар турар жойидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши бекор қилиниши мумкин:
ариза берувчи ёки талабгор давлат олий таълим ташкилоти талабалар турар жойида шартнома асосида яшамаганда;
тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар аниқланганда;
ариза ва тегишли ҳужжатлар уларни қабул қилишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда.
28. Талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ариза берувчиларга беш иш куни ичида хато ва камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади. Бошқа ҳолларда ариза берувчилар ушбу Низомда белгиланган умумий тартибда такроран мурожаат қилишга ҳақли.
29. Кўриб чиқиш якунлари бўйича комиссия йиғилишининг баённомаси асосида бир кун муддатда давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори)нинг тегишли буйруғи расмийлаштирилиб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхати тўловларни амалга ошириш учун олий таълим ташкилоти бухгалтериясига тақдим этилади.
4-боб. Талабалар турар жойи ойлик тўловини қоплаб беришни молиялаштириш ва тўлаб бериш тартиби
30. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда давлат олий таълим ташкилоти талабалар турар жойида (айрим олий таълим ташкилотларида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган талабалар турар жойида) шартнома асосида яшайдиган талабаларни кўрсатган ҳолда яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича асослантирилган ҳисоб-китобларни идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этишлари лозим.
31. Вазирлик ва идоралар ўз навбатида давлат олий таълим ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларни умумлаштирган ҳолда, белгиланган тартибда Давлат бюджети ҳисобидан тегишли маблағларни ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.
32. Тегишли маблағлар молия йили бошида Ижтимоий реестрга киритилган талабалар сонидан келиб чиқиб, ташкилотнинг йиллик харажатлар сметасида режалаштирилади ҳамда йил давомида Ижтимоий реестрга киритилган талабалар сони унга ўзгартиришини инобатга олган ҳолда унга ўзгартиришлар киритиб борилади.
33. Давлат бюджети ҳисобидан мазкур мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар олий таълим ташкилотлари харажатлар сметасининг тегишли моддасида режалаштирилади.
34. Талабгорлар учун талабалар турар жойи тўлови Давлат бюджети ҳисобидан улар ариза берган ойдан бошлаб қоплаб берилади.
35. Давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори)нинг тегишли буйруғига мувофиқ ташкилот бухгалтерияси томонидан талабалар турар жойи тўловини қоплаб бериш учун бериладиган маблағлар олий таълим ташкилоти кенгаши томонидан тасдиқланган талабалар турар жойи тўлови миқдорида талабгорнинг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали ҳар ойнинг 15-санасига қадар тўлаб берилади.
36. Талабалар турар жойида яшаётган талабалар тўловини қоплаб бериш учун давлат олий таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг тегишли молия йили якунига қадар ўзлаштирилмай қолган қисми белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
37. Талабгор ўқув йили давомида академик таътилга чиққан, оиласи Ижтимоий реестрда «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига кирганига ёки «давлат таъминотидаги оила» ва «камбағал оила» тоифасидан ушбу тоифага ўтказилганига ўн икки ойдан кўп вақт ўтганида, курсда қолдирилган ёки талабалар сафидан четлаштирилган ҳолларда унга талабалар турар жойи учун тўловни қоплаб бериш маблағларини тўлаш тўхтатилади.
38. Талабгор давлат олий таълим ташкилоти талабалар турар жойида, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган талабалар турар жойида яшаш бўйича шартнома бекор қилинганда, уч иш куни ичида масъулларга ҳамда олий таълим ташкилоти бухгалтериясига бу ҳақида хабар бериши шарт.
39. Талабалар турар жойининг ойлик тўловлари тўғри ҳисобланиши ва тўланишини доимий назорат қилиш давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори), ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори (филиал директорининг биринчи ўринбосари), бош бухгалтери ва бош аудитори зиммасига юкланади.
40. Талабалар турар жойи тўловини қоплаб бериш бўйича ажратилган маблағлар ортиқча тўланганда, давлат олий таълим ташкилотининг масъуллари ҳамда бухгалтерияси томонидан мазкур маблағларни қайтариш чоралари кўрилади.
41. Давлат бюджети ҳисобидан талабалар турар жойининг ойлик тўловини қоплаб бериш бўйича маблағларнинг талабгорларга тўланиши юзасидан назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда вазирлик ва идораларнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан амалга оширилади.
42. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссиясининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

1.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори (филиал директорининг биринчи ўринбосари), Комиссия раиси

2.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

3.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Хотин-қизлар кенгаши раиси

4.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилоти факультет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

5.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг бош аудитори

6.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Бухгалтерия бўлими масъул ходими

7.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси, Комиссия котиби

Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

(Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг талаба фарзанди)

Ўқув йили учун талабалар турар жойи тўловининг суммасини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) номига махсус ахборот тизими орқали ариза билан мурожаат қилади.

Ҳар ойнинг 7-санасига қадар

2-босқич

Олий таълим ташкилоти факультет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

Электрон тарзда юборилган аризаларни умумлаштирган ҳолда белгиланган тартибда комиссияга тақдим этади.

1 кун муддатда

3-босқич

Комиссия котиби

Маълумотларни умумлаштириб, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун комиссия аъзоларига тақдим этади.

1 ҳафта муддатда

4-босқич

Комиссия

Аризаларни ўрганиб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.

1 кун муддатда

5-босқич

Давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори)

Комиссия йиғилишининг баённомаси асосида давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) тегишли буйруқ расмийлаштириб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхатини тўловларни амалга ошириш учун бухгалтерияга тақдим этади.

1 кун муддатда

6-босқич

Давлат олий таълим ташкилотлари

Талабалар турар жойи учун ойлик тўловларини қоплаб бериш учун талабгорларнинг рўйхатига мувофиқ ҳисоб-китобларни олий таълим ташкилотининг идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга юборади.

Белгиланган муддатларда

7-босқич

Вазирлик ва идоралар

Тақдим этилган талабгорлар рўйхатига асосан тегишли маблағларни олий таълим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровнома тақдим этади.

2027 йилдан бошлаб тегишли олий таълим ташкилотининг бюджет харажатлар сметасида режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.

3 иш кунида

8-босқич

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Белгиланган тартибда маблағларни тегишли олий таълим ташкилотларининг бюджет бўйича харажатлар сметасида режалаштиради.

10 иш кунида

9-босқич

Давлат олий таълим ташкилотлари

Талабгорларга ўқув йили учун талабалар турар жойи учун ойлик тўловларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисида тегишли олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори)нинг буйруғини қабул қилади.

Ҳар ойнинг 15-санасига қадар

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорида:
а) 2-банднинг учинчи хатбошисидаги «талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига» сўзлари «Регистратор офисига» сўзлари билан алмаштирилсин;
7-банднинг биринчи хатбошисидаги «талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига» сўзлари «Регистратор офисига» сўзлари билан алмаштирилсин;
1-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссиясининг
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

1.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори (филиал директорининг биринчи ўринбосари), Комиссия раиси

2.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

3.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Хотин-қизлар кенгаши раиси

4.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилоти факультет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

5.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг ёшлар етакчиси

6.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг тьютори

7.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг бош аудитори

8.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Бухгалтерия бўлими масъул ходими

9.

Лавозимига кўра

Олий таълим ташкилотининг Регистратор офиси маълумотлар базаси бўлими менежери, Комиссия котиби

».

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 5-банди «а» кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда:
12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш бўйича камида B1 даражасидаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат асосида амалга оширилади.
Фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига қабулда:
B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади;
B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади»;
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«мақсадли қабул параметрларини оширишда, биринчи навбатда, олис ва чекка ҳудудлар бўйича мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш тизимининг олий маълумотли кадрларга бўлган реал эҳтиёжларига мувофиқ қабул параметрлари ажратишга устуворлик берилади;»;
бешинчи — еттинчи хатбошилар тегишлича олтинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
еттинчи хатбоши «таълим ташкилоти ўртасида» сўзларидан кейин «талаба ўқишни тамомлагандан сўнг муайян ҳудудда (ташкилотда) ишлаб бериш мажбурияти, муддати ва бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни назарда тутувчи» сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги 711-банд билан тўлдирилсин:
«711. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида иштирок этиб, Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, жумладан, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга вакант ўринлар қолган, фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиш имконияти яратилади. Бунда:
бакалавриатга кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган санадан бир ҳафтадан сўнг Агентлик томонидан ушбу тоифадаги абитуриентлар фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бакалавриат таълим йўналишларининг вакант ўринларига бир ҳафта муддатда рўйхатдан ўтказилади;
Агентлик томонидан рўйхатдан ўтган абитуриентларни тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда, вакант ўринларга базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш бўйича танлов қайдномалари олий таълим ташкилотларига етказилади;
Агентликнинг танлов қайдномалари абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича белгиланган тартибда буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади»;
биринчи хатбошидаги «нисбатан Давлат комиссияси» сўзлари «нисбатан олий таълим ташкилоти ректори (директори)» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)