toggle_night_mode
Ҳужжат 19.01.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-85-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 январь,
ПФ-5-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 январдаги ПФ-5-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-94-сон Фармони:
(а) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Миллий транспорт коммуникациялари орқали халқаро ва минтақавий транзитни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида 7-иловага мувофиқ таркибда Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
миллий транспорт коммуникациялари орқали транзит ташувларини кўпайтириш ҳамда йўлбўйи инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
республика ҳудуди бўйлаб ўтувчи транзит йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
транзит билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро нормалар ва талабларга мувофиқлаштириш, транзит эркинлиги тамойили асосида транзит тартиботларини соддалаштириш бўйича ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига кўрсатма бериш;
Жаҳон божхона ташкилоти тавсияларига мувофиқ транзит тартиб-таомилларини такомиллаштириш, транзит йўриқномаларини тасдиқлаш ва рақамли технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат органларининг транзит йўналишидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларнинг транзит ташувлари билан боғлиқ бўлган мурожаатлари, таклифлари ва сўровномаларини кўриб чиқиш ва ушбу ташкилотга аъзо давлатларни Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган транзит тартиботлари тўғрисида хабардор этиб бориш»;
(б) 7-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига
7-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш
ТАРКИБИ

И.Р. Махкамов

транспорт вазири, Идоралараро кенгаш раиси

А.Ю. Мавлонов

Божхона қўмитаси раиси, Идоралараро кенгаш раисининг ўринбосари

А.Я. Хайдаров

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

Х.Ф. Тешабаев

инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари

М.А. Мадрахимов

ташқи ишлар вазири ўринбосари

А.Т. Раҳматуллаев

ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

С.Э. Хусанов

Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари — Чегара қўшинлари қўмондони

Лавозими бўйича

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси

И.К. Эргашев

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори

Б.Қ. Юсупалиев

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси

З.Ғ. Нарзуллаев

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси

Ж.О. Умарходжаев

«Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси

Ж.Ю. Турсунов

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси

М.А. Омаров

транспорт вазирининг биринчи ўринбосари, Идоралараро кенгаш котиби

Изоҳ.
Идоралараро кенгаш котибияти функциялари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига юкланади.
Идоралараро кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 октябрдаги «Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5262-сон қарорида:
(а) 1-банддаги ва илованинг номидаги «2024 йил 1 январга қадар» сўзлари «2027 йил 1 январга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилсин:
«11. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-37-сон Фармонидан келиб чиқиб, 2024 йил 21 февралдан бошлаб амал қилади»;
(в) илованинг 15-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

15.

3402

(3402209000, 340211-340219дан ташқари)

Сирти фаол органик моддалар (совундан ташқари); сирти фаол воситалар, ювиш воситалари (шу жумладан, ёрдамчи ювиш воситалари) ва таркибида совун мавжуд ёки мавжуд бўлмаган тозалаш воситалари (товар позицияси 3401 бўлган воситалардан ташқари)

».

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартдаги «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-115-сон қарори 13-бандининг тўртинчи хатбошисидаги «8701 94 100» рақами «8701 92 900 0» рақами билан алмаштирилсин.
Изоҳ. Ушбу илованинг 3-банди 2026 йил 1 февралдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 январдаги ПФ-5-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5564-сон Фармонига 2-илованинг 7-банди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги «Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6066-сон Фармонига 1-илованинг 7-банди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3873-сон қарорига 3-илова.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.01.2026 й., 06/26/5/0051-сон)