1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идораларининг Жанговар Байроғи шон-шуҳрат, жасорат ва эътиқод рамзидир. У Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идораларининг ҳар бир ходимини халқига ва жонажон Ватанига садоқат билан хизмат қилиш, пок виждонли бўлиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, фуқароларининг шахсини, ҳуқуқларини жиноий тажовузлардан муҳофаза қилишдек ўз зиммасига юклатилган хизмат бурчларини бор кучи ва билимини, зарур бўлса ҳаётини ҳам аямасдан мардлик ва матонат билан адо этишга даъват этади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Жанговар Байроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили томонидан, Ички ишлар идорасига ва ўқув юртига эса Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ёки унинг вакили томонидан ёрлиқ билан биргаликда тантанали равищда топширилади.
4. Жанговар Байроқ ички ишлар идораларининг номи ўзгаришидан қатъий назар, доимий сақланади. Башарти идора номи ўзгарса, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Байроқ топширилаётганда бериладиган Ёрлиққа шу ҳақда тегишли ўзгартиришлар ёзиб қўйилади.
5. Байроқни тантанали маросимларга олиб чиқиш, жойига ўрнатиш ва уни асраш тартиби Ички ишлар вазирлигининг ҳаракатдаги Низомлари асосида амалга оширилади.
6. Ички ишлар идораларининг шахсий таркиби Жанговар Байроқни доимо кўз қорачиғидек асраши зарур. Жанговар Байроқ йўқолган тақдирда, бу шармандаликда айбдор ходимлар ва идора бошлиғи қонун асосида жазоланадилар.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идораси Жанговар Байроғи икки томонлама мато, даста ва шокилали попугдан иборат бўлиб, унинг уч томони 9 сантиметрли гажм билан тикиб чиқилади.
Жанговар Байроқ бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклдаги матодир.
Жанговар Байроқнинг узунлиги 160 сантиметрга, кенглиги 103 сантиметрга тенг. Мовий, оқ ва яшил рангли энлар кенглиги бир хил. Ҳар бир эннинг кенглиги 33 сантиметр. Байроқнинг ўртасида жойлаштирилган оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.
Жанговар Байроқнинг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг олди ва орқа томонида, дастага яқин жойида оқ рангли ярим ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз тасвирланган.
Ярим ой ва юлдузларнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 45 х 20 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.
Ярим ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 10 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 20 сантиметрли доирага сиғади.
Юлдузлар диаметри 4 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 2 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар ярим ойнинг пастки учидан 2 сантиметр масофада жойлашади.
Жанговар Байроқнинг юз томонидаги оқ рангли йўлига лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида «VATAN VA XALQ MANFAATINI HIMOYA QILISH MUQADDAS BURCHDIR» шиори ҳамда байроқнинг орқа томонига «OZBEKISTON RESPUBLIKASI ICHKI ISHLAR VAZIRLIGI» деган ёзувлар олтин ҳошияли ипак билан тикилади.